Жамият | 11:42 / 11.12.2025
1382
2 дақиқада ўқилади

Экоҳудудларда туристик сўқмоқлар ташкил этилади

Ҳукумат қарори билан қўриқхона, миллий боғ ва тоғ-чўл ҳудудларида туристик сўқмоқлар ташкил этиш, уларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда ахборот белгиларини ўрнатиш тартиби аниқ белгилаб қўйилди. Янги тартиб экотуризмни ривожлантириш ва табиат ҳудудларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.

Фото: Kun.uz

Ҳукумат қарори (778-сон, 2025 йил 10 декабр) билан “Экоҳудудларда туристик сўқмоқларни ташкил қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Унга мувофиқ, давлат қўриқхоналарининг буфер зоналари, миллий табиат боғлари, питомниклар, ўрмон ва ўрмон-ов хўжаликлари, тоғли ва чўл ҳудудларида (экоҳудудлар) туристик сўқмоқлар ташкил этиш тартиби белгиланди.

Низомга кўра, туристик сўқмоқни ташкил қилишни истаган балансда сақловчи тегишлилиги бўйича Туризм қўмитасининг ҳудудий бўлинмасига ариза билан мурожаат қилади. Аризага туристик сўқмоқ тўғрисида маълумотнома, йўналиш харитаси, фото ва видео тасвирлар илова этилади.

Ариза келиб тушган кундан бошлаб 10 иш куни ичида ҳудудий бўлинма томонидан кўриб чиқилади. Мутасаддилар туристик сўқмоқнинг белгиланган талабларга жавоб беришини жойига чиқиб ўрганади ва натижа бўйича 2 нусхада далолатнома тузади.

Шундан сўнг Туризм қўмитаси ҳудудий бўлинма юборган ҳужжатларни 2 иш куни ичида кўриб чиқиб, туристик сўқмоқни Туристик сўқмоқларнинг ягона реестрига киритади. Ягона реестрга киритилган сўқмоқлар расман ташкил этилган ҳисобланади.

Балансда сақловчи туристик сўқмоқ реестрга киритилган кундан бошлаб 1 ой ичида унинг кириш нуқтасида сўқмоқ паспорти ва харитасини, шунингдек белгиланган ахборот белгиларини ўрнатиши шарт.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид