Таълим | 15:23 / 09.09.2025
8119
4 дақиқада ўқилади

Президент мактаб таълими бўйича топшириқлар берди

Ўзбекистонда 74 минг ўқувчи 5-7 км узоқликдан мактабга қатнаяпти – президент бундай болалар учун бепул автобус қилиб берган ҳокимларни ўрнак қилиб кўрсатди. Келаси йилдан юқори синфларга сунъий интеллект дарсларини йўлга қўйиш, мактаб ва боғчалардаги барча хизматларни тўлиқ рақамли шаклга ўтказиш вазифаси қўйилди. Мактабдан ташқари машғулотлар “Келажак” марказларида ягона тизимга бирлашади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 сентябр кунги селекторда мактаб таълими борасида қатор топшириқлар берди.

Олий мактаблар

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг олис ҳудудларида яшовчи 74 минг ўқувчи 5-7 км узоқликдан мактабга қатнаяпти.

Қашқадарё ва Сурхондарё ҳокимлари бу масаланинг ичига кириб, маблағини ҳал қилиб, 100 та мактабда бепул автобус қатновини йўлга қўйган. Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳокимлари ҳам бир ойда 100 та шундай мактабга автобус қатновини йўлга қўйиш ташаббуси билан чиққан.

Шавкат Мирзиёев буни қолган ҳудудлар учун намуна қилиб кўрсатди.

Ихтисослашган мактаблар

Йиғилишда айтилишича, 3 йил ичида иқтидорли ўқувчилар учун 201 та ихтисослашган мактаб ташкил қилинди. Лекин 12 та ихтисослашган мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳалигача якунланмаган.

Тегишли вилоятлар ҳокимларига ишларни йил охиригача якунига етказиш топшириғи берилди.

Ахборот технологиялари

Ўтган йилдан бошлаб 1-синфларда ахборот технологиялари дарслари йўлга қўйилди. Кейинги ўқув йилидан юқори синфлар учун сунъий интеллект бўйича дарслар киритилади.

Бунинг учун 2 мингта синф хонасига компютер, 6300 та интерфаол доска керак. Бу мақсадларга зарур маблағларни кейинги йил давлат бюджетида назарда тутиш топширилди.

Иқтидорли ўқувчиларга шароит яратиш учун вилоятларда ахборот технологияларига ихтисослашган Ал-Хоразмий, муҳандислик бўйича Мирзо Улуғбек, табиий фанлар йўналишида Ибн Сино мактаблари филиаллари ташкил этилади.

Энди уларнинг барчаси ҳудудлардаги техника олийгоҳларига номма-ном бириктирилади. Яхши натижага эришган битирувчилар ушбу олийгоҳларнинг 2-курсига қабул қилинади.

Олимпиадалар

2026 йилда мактаб ўқувчилари ўртасида энг нуфузли иккита – халқаро кимё ва информатика олимпиадалари Марказий Осиё давлатлари ичида илк бор Ўзбекистонда бўлиб ўтади.

Бош вазирга Тошкентда ушбу олимпиадаларни юқори савияда ўтказиш учун барча ташкилий масалаларни назоратга олиш топширилди.

Рақамлаштириш

Боғча ва мактаблардаги 10 дан зиёд хизматлар рақамлашгани ҳисобига соҳада коррупция кескин камайди.

Шу билан бирга, мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш, боғча тарбияланувчилари давомати ҳалигача рақамли платформага тўлиқ ўтмаган.

Масалан, микроҳудудлар аниқ белгиланмагани учун 144 та тумандаги 8 мингта мактабда ўқувчилар эскича тартибда қабул қилинмоқда, боғчаларда ходимлар табели қоғозда юритиляпти.

Мутасаддиларга йил якунигача 144 та тумандаги мактабларнинг микроҳудудини аниқ белгилаш топширилди. Кейинги ўқув йилигача мактаб ва боғчалардаги барча хизматлар тўлиқ рақамли форматга ўтиши шартлиги қайд этилди.

Мактабдан ташқари таълим

Куни кеча президент мактабдан ташқари таълимни янги босқичга олиб чиқиш, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича қарорни имзолади.

Жойлардаги 219 та “Баркамол авлод” мактаби, “Ёшлик” спорт жамияти, Ўқувчи ёшлар маркази ва Ўзбекистон болалар ташкилоти негизида республика, ҳудуд ва туманларда “Келажак” марказлари ташкил этилади.

“Келажак” марказлари мактаблар билан узвий ва мақсадли тадбирларни жонлантириб, муҳандислик, илм-фан, маданият, санъат, китобхонлик, спорт ва экология йўналишлари бўйича ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилади.

Бу тизим билан барча мактаблар қамраб олиниши таъкидланди. Ҳар бир ўрта мактабда маслаҳатчи лавозими жорий қилинади. Маслаҳатчилар ўқувчиларнинг қобилияти ва қизиқишига қараб, тил, касб, муҳандислик, ижод, санъат ва спорт тўгаракларини ташкил қилади.

Маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари синф раҳбари, мактаб психологи билан хулқ-атворида салбий ўзгариш бўлган ўқувчиларни таълим ва оиладаги муаммоларини ўрганиб, уларни енгиб ўтишга ҳамроҳлик қилади.

Маҳалладаги ёшлар етакчилари эса ўқувчиларни мактабдан ташқари вақтини мазмунли ўтказиши учун масъул бўлади.

Энг асосийси, энди мактабларда ўқувчиларнинг тўгараклар, спорт, волонтёрлик ва олимпиадаларда эришган натижалари бўйича “рақамли портфолио”си шаклланиб, электрон шаҳодатномада кўрсатилади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид