Ўзбекистон | 14:40 / 24.04.2021
5845
3 дақиқада ўқилади

Тендерлар ва бошқа барча турдаги давлат харидлари электрон шаклга ўтади

Бу ҳақда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунда белгилаб қўйилди.

22 апрел куни қабул қилинган «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририда давлат харидларининг барча турлари онлайн савдолар асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Сарвар Назаровнинг Kun.uz’га маълум қилишича, аввалги қонунда электрон дўкон, аукцион, танлов, тендер ва ягона етказиб берувчи билан тузиладиган шартномалар каби 5та харид тури мавжуд бўлган. Лекин электрон дўкон ва аукционгина электронлаштирилган.

«Эндиликда барча харид турлари тўлиқ электронлаштирилди. Ҳар бир тадбиркор таклифлари тизимда туради. Тизим жараённи ўзи баҳолаб, ғолибни ҳам аниқлаб беради. Бу ўз-ўзидан харид қилиш тартиби очиқлиги таъминланишига олиб келади.

Кейинги йўналишлардан бири Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан алоҳида давлат харидлари бўйича марказлашган ахборот портали яратиш устида ишлаяпмиз.

Бу ҳар бир жисмоний ёки юридик шахсга ўзига керакли маълумотларни олиш имконини беради. Мўйноқдами, Томди туманидами, қанақа харидлар қилиняпти, бюджет ташкилоти қанча маблағ сарфлаяпти ва нималар харид қилди, ҳаммаси очиқ бўлади.

Агар очиқ бўлса, жамоатчилик ва органлар томонидан шаффофлик таъминланади. Ўша бюджет ташкилотлари ҳам харидларни ўйлаб амалга оширади», деди вазирлик расмийси.

Қонунга кўра, махсус ахборот порталида:

  • давлат харидлари тўғрисидаги ахборотнинг жамоатчилик учун очиқлиги;
  • давлат харидлари соҳасидаги ахборотни жамлаш, унга ишлов бериш ва таҳлилий ҳисоботни шакллантириш;
  • давлат харидларининг электрон тизимлари ва бошқа ахборот тизимлари билан ҳамкорликни амалга ошириш;
  • харид қилиш тартиб-таомилларининг давлат назоратини амалга оширувчи ваколатли давлат органлари томонидан давлат харидлари субъектларининг ўз вазифаларини ушбу қонун ва давлат харидлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатлари талаблари доирасида амалга ошираётганлиги устидан мониторинг ва назорат ўтказиш таъминланади.

Порталда, шунингдек, давлат харидларини режалаштириш, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш, шартнома тузиш, давлат харидлари мониторинги ва назоратини ўтказиш жараёнлари тизимлаштирилади.

Аввалроқ, Сенат мажлисида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири маъқуллангани хабар қилинганди.

Йиғилишда Ҳисоб палатасининг 2019 йилги давлат харидлари юзасидан олиб борган ўрганишлари натижасида 4,18 трлн сўмлик ноқонуний битимлар тузилгани аниқлангани, қонунчиликни янгилаш орқали бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсад қилингани билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил давомида давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган жами харидлар нархи 124,8 триллион сўмни ташкил этган. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳаси давлат буюртмачиси сифатида 6 трлн 709 млрд 800 млн сўмлик харидларни амалга оширган. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид