Иқтисодиёт | 18:49 / 17.05.2023
39762
5 дақиқада ўқилади

Тендерлардаги ўйинлар: бюджетнинг миллиардларини ким ҳимоя қилади?

Ўтказилаётган тендерларда бир хил маҳсулотни катта фарқ билан сотиб олиш, арзон нарх таклиф қилган иштирокчи қолиб, қиммат нарх таклиф қилгани ютиб кетиш ҳолатлари кўп учраяпти. Бу каби ўйинлар орқали бюджетнинг миллиардлари чўнтакка урилаётган бўлиши мумкин. Ваколатли органлар эса негадир жим туришни афзал билишяпти.

Кейинги вақтларда тендерлар кимлар учундир бюджетдан “соққа қилиш”нинг энг хавфсиз йўлига айланиб бормоқда. Аммо бир томондан шубҳали ҳолатлар айрим тендерларнинг шаффоф ўтмаганлигига ишора қилса, иккинчи томондан уларда коррупция “иси” яққол сезилиб қоляпти.

Қуйидаги тендерларда ҳам шу каби шубҳали ҳолатларни кўриш мумкин.

3 хил нархдаги рубоб

Маданият ва туризм вазирлиги 2022 йилнинг ноябрь ойида маданият марказларига 1000 дона рубоб сотиб олиш учун 1,1 млрд сўмлик бошланғич сумма билан тендер ўтказган. Унда “World ekonomy” МЧЖ ғолиб чиққан ва у билан 614 млн сўмга шартнома имзоланган. Ғолиб корхона бир дона рубобни 614 минг сўмдан етказиб беришни зиммасига олган.

Ўтган йил октябр ойида эса вазирлик 1,2 млрд сўмга яна 1000 дона дутор сотиб олиш учун тендер ўтказган ва унда “House Yasmina” МЧЖ ғолиб бўлиб, у билан 998 млн сўмга шартнома тузилган. Яъни бир дона дуторни 998 000 сўмдан олиш кўзда тутилган.

Аммо 2022 йилнинг декабр ойида Бухоро вилояти маданият бошқармаси ҳам Болалар мусиқа ва санъат мактаблари учун чолғу асбоблари олиш мақсадида тендер ўтказади. Якка тартибдаги тадбиркор ғолиб чиққан тендерда вазирликники билан бир хил бўлган рубоб 3 млн сўмдан, дутор эса 2 млн сўмдан харид қилинган. Шунингдек, вилоят маданият бошқармаси бошқа чолғу асбобларини ҳам анча қиммат нархда сотиб олганлигини кўриш мумкин.

15 май куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таъминот хизмати Бухоро, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятларидаги мактабларга мусиқа асбоблари харид қилиш учун қарийб 10,7 млрд бошланғич сумма билан тендер ўтказди. Тендерда “Pro audio” хусусий корхонаси ғолиб бўлган ва у билан 10 млрд 235 млн сўмлик шартнома имзоланган.

Лотни ютиб олган корхона учта вилоятдаги мактаблар учун 7 турдаги мусиқа асбоблари – ҳар бири 2 155 донадан дутор, дўмбира, доира, танбур, рубоб, ғижжак ва най етказиб беради.   

Шартномада кўринишича, корхона дуторни 560 000 сўмдан, дўмбирани 778 400 сўмдан, доирани 456 400 сўмдан, танбурни 1 140 300 сўмдан, рубобни 579 600 сўмдан, ғижжакни 855 400 сўмдан ҳамда найни 379 400 сўмдан етказиб беришни зиммасига олган.

“Чўнтакларни қиздираётган”қуёш панели

Айни вақтда тендерларга энг кўп қўйилаётган маҳсулот ташкилот ва муассасаларга қуёш панели сотиб олиш ва ўрнатишдир. Бироқ ушбу маҳсулотни корхоналар турлича нархда сотиб олишмоқда.

Ушбу йўналишда кейинги икки кунда ўтказилган қуйидаги тендерларни таққослаб кўришнинг ўзи фикримизга асос бўла олади.

Ёзёвон тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими 2,5 кВтлик қуёш панели ўрнатиш учун 54 млн 340 минг сўмга тендер ўтказган. Ғолиб корхона билан 54,3 млн сўмга шартнома тузилган.

Булоқбоши тумани Ободонлаштириш бошқармаси эса 3 кВтлик қуёш панели учун 48 млн сўмга тендер ўтказиб, ютиб олган корхона билан 47,9 млн сўмга шартнома имзолаган.

Ёки 15 май куни Каттақўрғон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан қуёш панели учун ўтказилган тендерлар ҳам бироз шубҳали. Негаки, мазкур буюртмачи томонидан ўтказилган 6 та тендернинг 2 тасида қиммат нарх таклиф қилган фирма ғолиб деб топилган. Бунинг оқибатида бир хил маҳсулот учун учта лотда 87 млн 845 минг сўмлик, тўртинчисида 101 млн 200 минг сўмлик ҳамда бешинчисида 105 млн 240 минг сўмлик шартномалар тузилган. 

Кейинги ойларда қуёш панели учун миллиардлаб сўмлик юзлаб тендерлар ўтказилган. Юқоридаги каби ҳолатлардан сўнг уларнинг шаффоф бўлгани ҳақидаги шубҳалар янада ортади.

Бюджетнинг миллиардларини ким ҳимоя қилади?

Kun.uz шубҳали тендерлар мавзусида олдин ҳам бир неча бор материал эълон қилган.Масалан, олдинроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таъминот хизмати корхона ўқув қуроллари хариди учун 12 та тендер ўтказгани, уларнинг 4 тасини ёғоч ва қурилиш материаллари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи фирма, биттасини фаолият тури автомашиналарни ювиш бўлган фирма ютиб олгани, ҳисоб-китобларига кўра, ғолиб фирмалар билан 13,5 млрд сўм қиммат нархларда шартнома имзолангани ҳақида ёзганди.

Яна бир ҳолатда эса вазирлик таъминот хизмати спорт анжомлари хариди учун 5 та тендер ўтказгани, шундан умумий суммаси 22 млрд сўмдан ортиқ бўлган 2 та лотни нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ютиб олгани маълум бўлганди.

Бироқ мазкур ҳолатлар юзасидан ҳозирча на вазирлик, на бошқа ваколатли органлар расмий изоҳ берган. Уларнинг жимлиги нималарни “гапираётгани” бизга қоронғи.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид