Ўқувчиларни бир мактабдан бошқасига ўтказиш тартибида ўзгаришлар юз беради
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимида давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.
Мактаб ўқувчиларини синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказиш масалалари умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи шахсларнинг таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказиш бепул амалга оширилади.
Ўқувчини синфдан синфга ўтказиш
Ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини синфдан синфга ўтказиш ҳуқуқига эга.
Ота-оналар фарзандини синфдан синфга ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ариза билан мурожаат қилади.
Мактаб директори аризани қабул қилиб олган кундан бошлаб бир иш куни ичида кўриб чиқади ва ўқувчини синфдан синфга ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилади.
Синфдаги ўқувчилар сони белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган тақдирда, мактаб директори ўқувчини синфдан синфга ўтказишни рад қилиши мумкин.
Синфдан синфга ўтказиш рад этилганлиги ҳақида мактаб директори томонидан уч кун ичида ота-оналарга ёзма равишда маълум қилинади.
Мактаб директорининг ўқувчини синфдан синфга ўтказиш тўғрисидаги буйруғи қабул қилингач, уч кун ичида синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.
Ўқувчини бир мактабдан бошқасига ўтказиш
Ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш ҳуқуқига эга.
Ота-оналар фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда ўқувчи таълим олаётган мактаб директори номига ариза билан мурожаат қилади.
Ариза мактаб директори томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилади ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактабга тақдим этиш учун мувофиқ шаклда мактабдан кетиш талони берилади.
Ота-оналар фарзанди ўқишни давом эттириши учун танланган мактаб директорига ўқишга қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Аризага мактабдан кетиш талони илова қилинади.
Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори ариза ва мактабдан кетиш талонини қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ота-оналарга ўқувчи таълим олаётган мактабга тақдим этиш учун мувофиқ шаклда мактабга келиш талонини беради.
Ўқувчи таълим олаётган мактаб директори мактабга келиш талонини қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилади. Мактаб директори мазкур буйруқ билан ота-оналарни таништирганлиги тўғрисида имзо қўйдириб, уларга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади ва ҳужжатлар берилганлиги тўғрисида тилхат олади:
ўқувчининг мактаб ўқувчилари сафидан чиқарилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели;
ўқувчининг тиббий картаси.
Ота-оналарнинг ҳужжатларни олганлиги ҳақидаги тилхати, келиш талони ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директорининг ўқувчининг ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруғидан кўчирма ўқувчининг мактабда сақланадиган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.
Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори бошқа мактабдан ўтказилаётган ўқувчининг ўқув жараёнларидан четда қолиб кетмаслигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши шарт.
Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори белгиланган ҳужжатларни қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.
Мактаб директори мазкур буйруқдан кўчирмани бир иш куни ичида ўқувчи илгари таълим олган мактабга маълумот учун юборади.
Ўқувчини ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисида ёки мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилгач, уч кун муддатда синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.
Ўқишни давом эттириш учун танланган мактабга ўтказилган ўқувчи ўн кун ичида сабабсиз ёки мактаб раҳбарияти ва синф раҳбарини хабардор қилмасдан дарс машғулотларига келмаса, мактаб директори бу ҳақда ота-оналарни, ўқувчининг яшаш жойидаги туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияни ҳамда ўқувчи илгари таълим олган мактаб директорини ёзма равишда огоҳлантиради ва бир вақтнинг ўзида ўқувчининг дарсларга келмаганлиги сабабларини аниқлаш ва уни дарс машғулотларига жалб этиш чораларини кўради.
Ўқувчилар сафидан чиқарилган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг ўқувчилари туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиянинг қарори билан мактабнинг 10-11 синфларига ўтказилади.
Ўқувчини хорижий давлатдаги таълим муассасасига ўтказиш
Ота-оналар ўқиш, ишлаш, узоқ муддатли даволаниш ёки бошқа мақсадларда доимий ёки вақтинча яшаш учун хорижий давлатга кетаётган бўлса, фарзандини доимий ёки вақтинча яшаш учун кетаётган давлатдаги таълим муассасасига ўтказиш ҳуқуқига эга.
Ота-оналар фарзандини хорижий давлатдаги таълим муассасасига ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ариза билан мурожаат этади. Аризага туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиянинг вояга етмаганни мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш учун розилиги акс этган қароридан кўчирма илова қилинади.
Ариза мактаб директори томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилиб, ўқувчини мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилинади. Мактаб директори мазкур буйруқ билан ота-оналарни таништирганлиги тўғрисида имзо қўйдириб, уларга белгиланган ҳужжатларни тақдим этади ва ҳужжатларни олганлиги тўғрисида тилхат олади.
Ота-оналарнинг ҳужжатларни олганлиги ҳақидаги тилхати ўқувчининг мактабда сақланадиган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.
Ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги буйруқ қабул қилингач, уч кун ичида синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.
Мактаб директори томонидан хорижий давлатдаги таълим муассасасига ўтказилаётганлиги сабабли ўқувчилар сафидан чиқарилган вояга етмаганлар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилади ҳамда ҳар ўқув йили чораклари охирида тегишли туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига, туман (шаҳар) ички ишлар бўлимига (бошқармасига) ва туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиясига тақдим этилади.
Хорижий давлатда таълим олган Ўзбекистон Республикаси фуқаросини Ўзбекистон Республикасидаги мактабга ўтказиш
Ота-оналар хорижий давлатда таълим олган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган фарзандини Ўзбекистон Республикасидаги мактабга ўтказиш ҳуқуқига эга.
Хорижий давлатда таълим олган болани Ўзбекистон Республикасидаги мактабга ўтказиш учун ота-оналар томонидан мактаб директорига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
ота-она томонидан мактаб директор номига ариза;
боланинг хорижий давлатда таълим олганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг (ҳужжатларнинг) асли ва нотариал тасдиқланган таржимаси;
боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;
боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;
боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати;
Мактаб директори тақдим этилган ҳужжатларни бир иш куни ичида кўриб чиқади ва болани мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.
Мактаб директори боланинг хорижий давлатда ўқиган таълим дастури мактабнинг ўқув дастурларига мос келиш-келмаслигини аниқлайди ҳамда фанлар бўйича аниқланган фарқларни жорий ёки навбатдаги ўқув йилида бартараф этиш чораларини кўради.
Боланинг хорижий давлатда таълим олганлиги ҳақидаги ҳужжат мавжуд бўлмаганда, мактаб директори болани унинг ёши ва билим даражасига мос синфга қабул қилиши лозим.
Болани мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилгач, уч кун муддатда синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.
Мавзуга оид
13:56
Ўзбекистонда ҳар етти ўқувчидан камида биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди, нега?
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
11:43 / 20.11.2024
2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади
15:13 / 18.11.2024