Ўзбекистон | 11:00 / 17.02.2023
11779
3 дақиқада ўқилади

1 майдан фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томида қуёш панеллари ўрнатилади

“2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

2023 йил 1 апрелдан умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 3 йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса – 10 йил муддатга қуйидагиларни тўлашдан озод этилади:

  • ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғини; 
  • қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини; 
  • юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини.

2023 йил 1 мартдан ягона электр энергетика тизимига уланиш учун берилган техник шартларда кўрсатилган қувватдан юқори бўлмаган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини электр тармоқларига улашда қўшимча техник шарт олиш талаб этилмайди.

Тадбиркорлар, хорижий инвесторлар:

  • қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат органига ва (ёки) ҳудудий электр тармоқларига ўрнатилган тарифларда, бошқа истеъмолчиларга ўзаро келишилган нархларда тўғридан тўғри тузилган, шу жумладан, узоқ муддатли шартномалар асосида сотиши;
  • бошқа шахсларга тегишли объектларда ижара ҳуқуқи асосида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиб, ушбу қурилмаларда ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиши мумкин бўлади. 

Марказий банк ва тижорат банклари томонидан 2023 йил 1 мартдан “яшил энергия” банк молия продукти амалга киритилади. 

2023 йил 1 майдан: 

  • фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинади;
  • янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари ҳамда цемент, ғишт ва оҳак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга табиий газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилиши тақиқланади;
  • республикадаги барча ёқилғи (автобензин, суюлтирилган ва сиқилган газ) қуйиш шохобчаларининг маиший-техник эҳтиёжлари ва ҳудудини ёритиш учун электр энергияси таъминотининг камида 50 фоизи ушбу объектларда ўрнатиладиган қуёш панеллари орқали қопланиши талаб этилади.

Мавзуга оид