Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада “права”сиз аёл уч одамни уриб юборди, бир киши тўшакка михланди: жабрланувчилар суд ҳукмидан норози
Танишининг Onix машинасини бошқарган Ҳадичабону Ҳабибуллаева сунъий дўнглик билан ажратилган пиёдалар йўлагидан ўтаётган 31 ёшли аёлни ва унинг ёнидаги икки нафар ёш болани уриб юборган. Оқибатда аёл оғир тан жароҳати олиб, тўшакка михланиб қолган. Рулдаги аёлнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам, автомобилни бошқаришга ишончномаси ҳам бўлмаган. Суд эса етказилган зарар учун судланувчидан жабрланувчилар фойдасига 280 минг сўм ундиришни белгилаган.
Сунъий дўнглик шаклидаги пиёдалар йўлаклари автомобилда одамларни уриб кетиш ҳоллари олди олинишига умид қилинганди. Аммо Фарғонадаги бир ҳолатда аёл ва икки гўдакни ўша сунъий дўнглик ҳам қутқара олмади.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган Ҳадичабону Ҳабибуллаева 2025 йил 11 октябр куни танишининг Onix машинасини бошқарган. У Фарғона шаҳрининг кўчаларидан бирида сунъий дўнглик билан ажратилган пиёдалар йўлагидан ўтаётган 31 ёшли Дилафруз Сайфуллаева, унинг 3 ёшли ўғли Ясинбой Абдураҳмонов ҳамда 2,5 ёшли жияни Ҳадия Қодироваларни уриб юборган. Зарба кучидан аёл ва болалар бир неча метрга учиб кетган.
Оқибатда оғир тан жароҳати олган Дилафрўз Сайфуллаева ҳамон тўшакка михланиб ётибди. Маълум муддат шифохонада даволаниб чиққанига қарамай унинг ўғли ва жиянида “автоавария” асоратлари сақланиб қолган.
“Машина урган пайтда қизим, икки неварам уч тарафга учиб кетган. Машина бошқарган қизнинг “права”си ҳам бўлмаган. Бир танишининг машинасини берухсат миниб чиққан экан. Қизим шифохонада даволанганига қарамай ҳалигача тўшакка михланиб ётибди. Ёнидаги чойни ҳам олиб ича олмайдиган ҳолатда. Невараларимда ҳам “авария” асоратлари қолган, миялари чайқалган. Кечалари безовта бўлиб ухлай олмай тагини ҳўллаб қўйишяпти. Илгари ундай ҳолат кузатилмаганди. Энг ачинарлиси, қизим ва невараларимни шу ҳолга солган ҳайдовчи аёл ёрдам бериш ўрнига концертларда, тўй-томошаларда мазза қилиб ўйнаб юрибди. Пинагини ҳам бузгани йўқ. Суд ҳукмидан норозимиз. Ҳолатга нисбатан жуда енгил ҳукм чиқарилди.
Турмуш ўртоғим II гуруҳ ногирони, ўзим пенсионерман. Топган пулимизни қизимиз соғлигини тиклашга сарф қиляпмиз. Ўша аёлга ноиложликдан қўнғироқ қилиб дори-дармонга ёрдам сўрасам вақтим йўқ, ишларим кўп, деб баҳоналар билан телефонни қўйиб қўяди”, дейди Дилафрўз Сайфуллаеванинг онаси Гулжамол Қодирова.
Ҳолат юзасидан тергов бўлиб ўтган. Ҳадичабону Ҳабибуллаевага муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланган ва иш судга оширилган.
Ҳадичабону Ҳабибуллаева судда жабрланувчи томоннинг даволаниши учун таниши, яъни у бошқарган машина эгаси томонидан 20 млн сўмдан ортиқ, ўзи томонидан эса 18 млн 750 минг сўм пул сарфланганини, қўшимча яна 20 млн сўм бермоқчи бўлгани, аммо Дилафрўз Сайфуллаева ҳамда унинг қонуний вакили 100 млн сўм сўрагани ҳақида кўрсатма берган.
Жабрланувчи Дилафрўз Сайфуллаева эса ўз кўрсатмасида шифохонадан чиққандан сўнг судланувчи ҳолидан хабар олмай қўйгани билдирган. Шунингдек, у узоқ муддат даволаниши лозимлиги сабабли Ҳадичабону Ҳабибуллаевадан 100 млн сўм сўрашганини, аммо судланувчи ушбу маблағни беришдан бош тортаётгани айтиб, суддан унга қонуний чора кўришни сўраган.
ЖИБ Фарғона шаҳар суди ҳукми билан Ҳадичабону Ҳабибуллаева Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, суд ҳукми билан Ҳадичабону Ҳабибуллаевадан жабрланувчи фойдасига 280 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланган.
Ҳадичабону Ҳабибуллаеванинг Kun.uz'га маълум қилишича жабрланганларга 70 млн сўмга яқин харажат қилган.
Суд ҳукмидан норози бўлган жабрланувчи ва қонуний вакил юқори инстанция судига апелляция шикояти киритган. Дилафрўз Сайфуллаева суд иш ҳолати бўйича Ҳадичабону Ҳабибуллаевага енгил жазо тайинлаган, деб ҳисобламоқда. Қолаверса, у етказилган зарар судланувчи томонидан қопланмаганини таъкидлаяпти.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисмидаги қилмиш, яъни транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлиши 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мавзуга оид
09:29
Шота Руставели кўчасида автобус пиёдани уриб юборди
22:36 / 02.04.2026
Машина сизники, рулда бошқа одам: жарима балли ҳақиқий ҳуқуқбузарга ёзилиши учун нима қилиш керак?
19:02 / 01.04.2026
“Техпаспорт”нинг амал қилиш муддати 2026 йил 1 апрелдан кейин олинган гувоҳномаларга тааллуқли бўлади
12:16 / 01.04.2026