Kun.uz’га келиб тушган мурожаатга кўра, Фарғона вилояти Учкўприк тумани Янгиқишлоқ МФЙ ҳудудида жойлашган 30-давлат мактабгача таълим ташкилоти абгор ҳолатда.

Ташкилот 1991 йилда ҳашар йўли билан қурилган масжид биносида 2019 йилдан буён фаолият юритади. Дастлаб 100 ўринга мўлжалланган бўлган. Бироқ ҳозирги кунда бу ерда 130 нафар тарбияланувчи таълим олмоқда.

Ходимларнинг таъкидлашича, боғчадаги мавжуд хоналар бир вақтнинг ўзида ҳам таълим, ҳам ётоқхона вазифасини бажаради. Муассасада алоҳида ошхона, қўриқлаш (қоровул), ҳамшира хонаси йўқ. Омборхона яроқсиз ҳолатда, мусиқа зали мавжуд эмас. Ёзги айвонча ҳам қурилмаган.

2

Ҳожатхона санитария талабларига жавоб бермайди, болалар ва тарбиячилар мослаштирилмаган тор хоналарда ишлашга мажбур бўлмоқда.

56

30- ДМТТ масъулининг айтишича, ходимлар ўзаро маблағ тўплаб, боғчани таъмирлашга ҳаракат қилган. Аммо бу етарли бўлмаган.

“Биз кўп йиллардан бери шу бинони ямаб, болалар учун шароит яратишга уриняпмиз. Лекин бу ечим эмас. Бу бино молхонага ўхшайди”, – дейди улар.

Ҳозирда бино яроқсиз ҳолатга келгани сабабли фаолият тўхтатилган. Болалар бошқа бино (хонадон)га кўчирилиб, таълим-тарбия жараёни шу ерда давом эттирилмоқда. 

Ходимлар ҳамда ота-оналар томонидан масалани ҳал этиш юзасидан бир неча бор тегишли идораларга мурожаатлар йўлланган. Хусусан, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов, Учкўприк тумани ҳокими Қ. Эркабоев ҳамда туман мактабгача таълим бўлими раҳбариятига хат билан чиқилган. Бироқ эътиборсиз қолдирилган.

7-17-2