16:18 / 18.02.2021
13762

2021 йили «Nike» ва «Adidas» бренди билан Ўзбекистонда оёқ кийимлар ишлаб чиқарилади

2019 йил бошида Хитой давлатидан «Nike», «Adidas» бренди остида кроссовкалар ишлаб чиқарувчи  «Tianjin Zhongzhilihua» компанияси билан «SinoInternational» МЧЖ ўртасида келишувга эришилган эди. Ушбу брендлар остида маҳсулот ишлаб чиқарадиган завод Aндижон вилоятида ишга тушади.

Фото: Getty Images

«Nike» ва «Adidas» кроссовкаларини ишлаб чиқарувчи линия 2021 йил 4-чорагида ишга тушиб, 2022 йилнинг 3-чорагида тўлиқ қувватда ишлай бошлайди. Заводда йилига жами 3 миллион жуфт спорт пойабзали ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзчармсаноат» уюшмаси Kun.uz’га хабар берди.

2019 йил бошида амалга оширилган  «Tianjin Zhongzhilihua» компанияси билан  «SinoInternational»  МЧЖ ўртасидаги келишувга кўра, Aндижон вилоятида 2020-2022-йилдан босқичма-босқич (умуман 3 босқичда) «Nike» ва «Adidas»  кроссовкалари  ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва Марказий Осиё давлатларига тайёр маҳсулотларнинг 50 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган.

Хитой давлатида коронавирус пандемияси тўлиқ бартараф этилгандан сўнг, инвестор Фан Ронг Хуан қолган дастгоҳларни импорт қилиб келтириши режалаштирилган. Биринчи босқич 2021 йилнинг 4-чорагида ишга тушиб, лойиҳа 2022 йил 3-чорагида тўлиқ қувватда ишга тушиши режалаштирилган.

Маълум қилинишича, «SinoInternational» МЧЖ корхонасига Aндижон вилояти Aсака туманидан 1 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, ҳозирда 1000 кв.метр жойга бино иншоотлари қурилган. Дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилган. Корхона 2020 йилнинг 4-чорагида ишга тушган.

«Ўзчармсаноат» уюшмаси маълумотига кўра, вилоятнинг шу ҳудудидаги ишсиз эркаклар ва аёлларни ишга жалб қилган ҳолда ҳозирда синов тариқасида 1 ойда 40 минг жуфт болалар ва ўсмирлар кроссовкалари    ишлаб чиқарилмоқда.

Уюшма хабарига кўра, «Nike», «Adidas» кроссовкалари талаб даражасида ишлаб чиқарилганидан сўнг, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 50 фоизини Марказий Осиё давлатларига экспорт қилишни  «Tianjin Zhongzhilihua” компанияси зиммасига олган. Шу билан бирга,  «SinoInternational» МЧЖ халқаро ярмаркаларда иштирок этиш ҳисобига 30 фоизини бошқа давлатларга ва 20 фоизини ички бозорга сотишга келишилган.

Лойиҳанинг молиявий манбаси – инвестор Фан Ронг Хуан бўлиб, лойиҳа тўлиқ ишга тушиши учун тўғридан тўғри 12 миллион AҚШ доллари миқдорида маблағ ётқизилиши режалаштирилган. Ҳозирда хорижий инвестор томонидан 6 миллион AҚШ долларлик инвестиция киритилган.

Top