Жаҳон | 07:47 / 05.02.2018
11203
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президенти Шимолий Корея раҳбарларидан бири билан учрашади

Фото: AFP

Пхеньян Пёнчгандаги Олимпиадага борадиган Шимолий Корея делегациясига мамлакатнинг расмий раҳбари, олий халқ йиғини президиуми (парламент) раиси Ким Ён Нам бошчилик қилишини расман тасдиқлади.  

Шу муносабат билан Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин Олимпиада очилишига келадиган Ким Ён Нам билан учрашади. Шунингдек, икки давлат етакчисининг бирга-бир мулоқот қилиш имконияти ҳам муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Korea Times нашри хабар бермоқда. 

“Президент Мун Чже Ин Олимпиада очилиши маросимида Ким Ён Нам билан учрашади”, дейилган хабарда.

Жанубий Корея президенти маъмуриятида Мун Чже Иннинг Шимолий Кореянинг расмий раҳбари билан алоҳида учрашиши муҳокама қилиниши қўшимча қилинган. Нашр манбасининг маълум қилишича, айни вақтда Шимолий Корея томондан бундай учрашув ташкиллаштирилиши борасида мурожаат бўлмаган. 

Шимолий Корея конституциясига кўра 90 ёшли Ким Ён Нам Шимолий Корея раҳбари лавозимини эгаллайди, мамлакат етакчиси Ким Чен Ин эса мамлакатнинг олий раҳбари ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид