Ўзбекистон | 14:08 / 04.06.2026
955
2 дақиқада ўқилади
Реклама

Ўзбекистон ва Сербия парламентлари ҳамкорлик меморандумини имзолади

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Сербияга расмий ташрифи доирасида Белград шаҳрида Сербия Халқ йиғилиши спикери Ана Брнабич билан учрашди.

Мулоқотда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб, янги босқичга чиққани қайд этилди. Томонлар икки давлат раҳбарлари ўртасидаги очиқ ва ишончли мулоқот ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ана Брнабич Сербия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ва истиқболли ҳамкорлардан бири сифатида кўришини билдириб, парламентлараро алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини маълум қилди.

Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва қўшма лойиҳаларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш, делегациялар алмашинувини кенгайтириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.

Танзила Норбоева Сербия парламенти вакилларини сентябр ойида Самарқандда ўтказиладиган Парламентлараро иттифоқнинг 12-глобал ёш парламент аъзолари конференциясида иштирок этишга таклиф қилди.

Учрашув якунида Олий Мажлис Сенати ва Сербия Халқ йиғилиши ўртасида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандуми имзоланди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид