Ўзбекистон | 12:12 / 14.01.2021
25636
3 дақиқада ўқилади

«Ишлатилган маҳсулотларнинг мувофиқлик сертификати тақдим қилинмаган, объект техник назоратчи ва иш бошқарувчисиз қурилган» - Козим Тўлаганов Жиззахдаги ҳолат ҳақида

Қурилиш вазирлигининг 14 январь куни ташкил этилган матбуот анжуманида Жиззахдаги уч қаватли бино қулаб тушишига сабаб бўлган омиллар ҳақида сўз борди.

Фото: Қурилиш вазирлиги

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, қурилиш вазири ўринбосари Козим Тўлаганов қурилиш ишлари давомида назорат олиб борилганда темир-бетон, ғишт ва цемент маҳсулотларига мувофиқлик сертификати ва қурилиш пойдевори мос келиши бўйича синов лабораторияси хулосаси тақдим қилинмагани, объектда ишлар техник назоратчи ва иш бошқарувчисиз олиб борилгани учун бу аҳвол содир бўлганини айтди.

Вазир ўринбосарининг билдиришича, бино учун 2020 йил 17 ноябрь куни Жиззах вилояти шаҳарсозлик филиали томонидан ижобий экспертиза олинган.

“Шунга қарамай, буюртмачи пудратчи томонидан 1-2 қаватлар хўжалик ва савдо маиший хизмат кўрсатиш учун, 3-6 қаватлари эса турар жой биноларига мослаб “Discovery architects group” томонидан қайта ишлаб чиқилган.

Бу нарса ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши билан келишилмаган. Объектда қурилиш ишлари 2020 йилнинг март ойида бошланган. Қурилиш ишлари давомида назорат олиб борилганда, темир-бетон, ғишт ва цемент маҳсулотларига мувофиқлик сертификати ҳамда қурилиш пойдеворининг мос келиши бўйича синов лабораторияси хулосаси тақдим қилинмаган.

Шунингдек, қурилиш объектига буйруқ билан техник назоратчи ва иш бошқарувчи прораб бириктирилмаганлиги туфайли инспекция томонидан муддатли ёзма кўрсатма берилган.

Шунча камчиликларга қарамай, техник назоратчи ва иш бошқарувчисиз иш қилингани учун бу аҳвол содир бўлди,” – дейди Козим Тўлаганов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 январ куни соат 17:10да Жиззах шаҳридаги “Зилол” маҳалласи Мустақиллик кўчасида янгидан қурилаётган кўп қаватли уйлардан бири кутилмаганда, ҳеч бир табиий офат таъсирисиз қулаб тушди.

Расмий маълумотга кўра, жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Фойдаланишга топширилмаган бино 6 қаватли бўлиб, хусусий тадбиркор томонидан устки 4 қавати турар жой, дастлабки 2 қавати нотурар жой сифатида қурилаётган бўлган.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида ҳукумат комиссияси тузилди.

Комиссия зиммасига 6 қаватли уйнинг қулаб тушиш сабаблари, бунга омил бўлган ҳолатлар, лойиҳа ҳамда пудратчи ташкилот томонидан уйнинг барпо этилиши даврида шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилгани, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалдаги норматив-меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, таклиф киритиш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан прокуратура органлари томонидан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид