Ўзбекистон | 19:48 / 01.12.2022
16599
3 дақиқада ўқилади

Ҳукумат ЖСТга аъзо бўлиш автомобилсозликни “қийнаб қўйиши”дан хавотирдами?

Ташқи савдо вазирлиги Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш иқтисодиётнинг бир қатор тармоқлари, хусусан автомобилсозликка “салбий таъсир қилиши мумкин” деган фикрда. Шу сабаб вазирлик ташкилотга аъзо бўлишнинг оқибатларини ўрганмоқда. Вазирлик расмийсининг Kun.uz'га айтишича, ўрганиш натижалари Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш бўйича музокаралардаги позициясини шакллантиришда инобатга олинади.

Фото: Reuters

1 декабр куни Тошкентдаги Hilton меҳмонхонасида, бизнес ҳамжамияти иштирокида “Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишида хусусий сектор олдида турган муаммолар ва имкониятлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда нутқ сўзлаган инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов халқаро тажрибада ЖСТга аъзо бўлиш бир қатор иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

“Ўз навбатида, бундай хавфларни қатъий музокаралар ва алоҳида секторлар учун қўшилиш оқибатларини чуқур ўрганиш бўйича тадқиқотларни амалга ошириш орқали бартараф этиш имкониятлари мавжуд. Юқоридагиларни англаган ҳолда етакчи халқаро ва миллий экспертларни жалб қилиб, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолигидан келиб чиқадиган салбий оқибатларни баҳолаш ва минималлаштириш бўйича бир қатор илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда”, – дея Обидовнинг сўзлари келтирилган вазирлик матбуот хизмати Kun.uz'га тақдим этган пресс-релизда.

Маълум бўлишича, тўқимачилик, электротехника, автомобилсозлик, металлургия, кимё ва бошқа тармоқлар учун ЖСТга аъзо бўлиш оқибатларини баҳолашга қаратилган тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Kun.uz вазирлик бош мутахассиси Алижон Алиевдан бу борада батафсил гапириб беришни сўради. Унинг айтишича, вазирлик тадқиқот натижаларидан ташкилотга аъзо давлатлар билан музокараларда позиция ва мажбуриятларни шакллантиришда фойдаланади.

“Халқаро экспертлар билан ҳамкорликда БМТнинг Тараққиёт дастури билан биргаликда иқтисодиётимизнинг қатор тармоқларига ЖСТга қўшилиш оқибатларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб боряпмиз. Ҳақиқатан, тўқимачилик, электротехника, кимё ва автомобилсозлик каби тармоқларга ЖСТга қўшилиш оқибатлари ҳақида илмий тадқиқотлар олиб боряпмиз ва натижалардан ЖСТга аъзо давлатлар билан музокаралар давомидаги позиция ва мажбуриятларни шакллантиришда фойдаланамиз. Бу илмий тадқиқотлардан фойдаланган ҳолда негатив оқибатларини юмшатиш бўйича чораларни кўрамиз”, – деди у.

Ўзбекистонда автомобилсозлик бозори давлат монополияси ҳисобланади ва истеъмолчилар бу монополиядан жабр чекиб келади. ЖСТга кириш жараёнида автомобилсозлик бўйича расмийлар тутаётган йўл ўзбекистонликларнинг ЖСТга қўшилгач соҳада рақобат шаклланишига оид умидларини пучга чиқармайдими, деган Kun.uz саволига Алиев қуйидагича жавоб берди.

“Бу жараён музокаралар йўли билан амалга оширилади. Музокараларимиз ҳали якунлагани йўқ. Ҳозирча аъзо давлатлар билан 4-раунд музокараларини олиб боряпмиз. Ҳозир бу йўналишлар бўйича аниқ маълумотлар бера олмайман. Музокаралар якунлангандан кейин бир нарса дейиш мумкин”.

Вазирлик бош мутахассиси ЖСТга аъзоликдан давлатлар афзаллик ҳис қилаётганини, бунинг салбий томонларига тўхталиш нотўғри бўлишини таъкидларкан, ҳукумат ўз позицияларини унутмаслигини қўшимча қилди.

Мавзуга оид