Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Испанияда класико, Италияда фаворитлар жанги. Ҳафта ўйинлари анонси
Европа футболида бу сафарги уикенд «Реал» ва «Барселона» учрашуви билан безалади. Аммо бошқа қизиқарли ўйинлар ҳам бор.
Шу ҳафтанинг ўзида Италия ва Испанияда турнир пешқадамлиги учун ўзаро тўқнашувларни, шунингдек, «Олд Траффорд»да эски «МЮ»нинг қайтишини кузатиш мумкин. Қизиғи, манчестерликлар ютса ҳам, ютқазса ҳам қайсидир маънода эски «МЮ» қайтган бўлади. Лондонда эса «Арсенал» қаторасига учинчи дербида майдонга тушса, Бирмингҳэмда Ҳусановсиз «Манчестер Сити» энг қийин сафар ўйинларидан бирини ўтказади.
«НАПОЛИ» – «ИНТЕР» (25 октябр, 21:00)
Ҳозирча молиявий имкониятлар Италия клубларини Европа миқёсда топ-клублар қаторига қўшишга халақит берса-да, тарихан ва Италия даражасида катта клублар А Серияда ҳатто Англиядагидан ҳам кўп. Шунинг учун деярли ҳар ҳафта биз чемпионликка, юқори ўринларга даъвогар бўлган жамоаларнинг ўзаро тўқнашувига гувоҳ бўламиз. Ҳатто мана шу ўлчовларда ҳам «Наполи» ва «Интер» тўқнашуви бугунги кун нуқтайи назаридан энг каттаси ҳисобланади. Зеро, чемпионлик пойгасида айнан шу жамоаларни бошқаларга нисбатан фаворит деб баҳолаш учун асослар етарли.
«Интер» таркиб ва тажриба жиҳатидан ҳали ҳам Италиянинг энг кучли клуби ва Европада ҳам лига шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ягона клуб. Миланликлар Чемпионлар Лигаси финалчиси, бу йилги мусобақада ҳам 100 фоизлик натижа қайд этиб келмоқда. «Наполи» эса амалдаги чемпион. Жанубликлар ёзда Кевин де Брюйне, Расмус Ҳойлунд каби футболчилар билан янада кучайди. Ўтган мавсумда ҳам айнан шу икки жамоа сўнгги турларгача чемпионлик учун курашганди.
Бунинг устига мезбонлар мураббийи Антонио Конте яқин ўтмишда «Интер»да ҳам ишлаган ва бу жамоа билан ҳам чемпион бўлган. Айни дамда Миланнинг бошқа клуби чемпионат турнир жадвалини бошқариб турган бўлса-да, кўпчилик «Наполи» ва «Интер»нинг салоҳиятини юқори баҳоламоқда ва стратегик жиҳатдан бу ўйин кўпроқ чемпионлик учрашуви сифатида кўриляпти.
Жума оқшомида кутилмаганда турнир пешқадами «Милан» ўз майдонида аутсайдер «Пиза» билан дуранг (2:2) ўйнади. Энди «Наполи» – «Интер» ўйини ғолиби шу турдан кейин пешдақамга айланиб олади.
Қизиғи, жамоалар ўртасидаги охирги уч ўйин бир хил – 1:1 ҳисобларида тугаган. Агар охирги 36 ўйинни олсак ҳам қизиқ симметрияга дуч келамиз – ҳар икки жамоада 12 тадан ғалаба ва яна шунча ўйин дуранг билан якунланган. Шу билан бирга, охирги беш ўйинда «Наполи» «Интер»ни юта олмаяпти. Бу мавсумда «Наполи» ўз майдонида ҳозирча йўқотишсиз ўйнамоқда, Чемпионлар Лигасидаги ҳозирча ягона уй ўйинида ҳам «Спортинг» мағлуб этилди. Лекин ҳафта ўртасида «ПСВ» майдонида кечган ўйин Антонио Конте фаолиятидаги энг ёмон мағлубиятлардан бири бўлди. 76-дақиқада Лукка майдондан четлатилгач, мезбонлар яна 3 гол уришди ва ҳисоб 2:6 кўринишига келди. Ҳолбуки ўша ўйинда «Наполи» биринчи бўлиб гол урганди. Неаполликлар ундан аввал «Торино»дан ҳам мағлубиятга учраганини эътиборга олсак, «Интер» устидан ғалаба мухлислар олдида айбини ювиш учун айни муддао бўлади.
Таркибларга тўхталсак, «Наполи» таркибида Расмус Ҳойлунд жароҳатланган. У аслида Лукаку жароҳатлангани учун «МЮ»дан ижарага олинганди, лекин энди Конте иккала ҳужумчидан ҳам ноябр бошларига қадар фойдалана олмайди. У асосий ҳужумчи сифатида кимни танлаши ҳам қизиқ. Шунингдек, Станислав Лоботка йўқлиги ҳам сўнгги ўйинлардаги натижаларга таъсир қилмай қолмаяпти. Словакиялик марказий яримҳимоячи «Интер»га қарши ўйинни ҳам ўтказиб юборади. Меҳмонлардан эса Маркус Тюрам йўқлиги муҳим учрашувда билинса керак. У кўпинча «алдамчи тўққизлик» сифатида тушиб, Лаутаронинг соясида қолиши мумкин, лекин кўп кўрсаткичлар бўйича у нафақат ўз жамоасида, балки Европанинг энг яхшиларидан бири эканини қайд этиш керак. Шунингдек, Маттео Дармиян ҳам ушбу учрашувни ўтказиб юборади.
«МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» – «БРАЙТОН» (25 октябр, 21:30)
Айнан шу учрашув танланганининг сабаби, бу ўйин натижаси жуда муҳим саволга жавоб беради. Агар «Манчестер Юнайтед» ғалаба қозонадиган бўлса, қаторасига уч ғалаба – Аморим шогирдлари ниҳоят барқарор жамоага айлана бошлагани ва балки юқори ўринлар учун курашишини англатади. Мағлубият эса «Энфилд»даги натижани умуман фойдасиз қилади. Жамоа ҳали ҳам ўнгланмаганини, сўнгги натижалар эса шунчаки, осонроқ шартларда ҳосил бўлган ҳодиса эканини кўрсатади. Шу жиҳатдан ҳам мураббий, ҳам футболчилар ва мухлислар учун жуда аҳамиятли кун.
Ўтган мавсумда ҳам бир қатор мағлубиятлардан кейин «МЮ» «Энфилд»да жуда яхши ўйин кўрсатган ва ҳисоб 2:2 бўлганди. Кейин Лондонда «Арсенал» кубокдан чиқариб юборилгач, ниҳоят Аморим ўз йўлига тушиб олди деган хулосалар айтила бошлаган. Аммо жамоа ўз услубида, биринчи рақамда ўйнаши лозим бўлганида, «Олд Траффорд»да айнан «Брайтон»га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлганди.
Умуман, «Брайтон» сўнгги йилларда манчестерликлар учун ўта ноқулай рақиб саналади. Сўнгги олти учрашувда «қизиллар» атиги бир марта, у ҳам бўлса мавсум якунланиб, ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган 38-тур ўйинида меҳмонда устун келган. «Олд Траффорд»даги охирги 3 ўйинда фақат меҳмонларнинг қўли баланд келган – 1:2, 1:3, 1:3.
«Брайтон» бу мавсум ҳам ёмон эмас. Айниқса топ-рақибларга қарши учрашувларда. «Манчестер Сити», «Челси» ва «Нюкасл» мағлуб этилди, «Тоттенҳэм» билан дуранг қайд этилди. Беш ўйиндан бери жамоа мағлубиятга учрагани йўқ. Шу билан бирга, «Брайтон» бу мавсум меҳмонда унча яхши кўринмаяпти. «Эвертон» ва «Борнмут»га қарши учрашувларда мағлуб бўлди, «Челси» устидан сафарда ғалаба қозонилган бўлса-да, жамоа ҳамма голини рақиб бир киши кам бўлиб қолганда урганини ҳам эътиборга олиш керак.
Яна бир қизиқ савол – сўнгги ўйинларда «МЮ» узун пасларга кўпроқ мурожаат қила бошлагани ва айниқса, «Ливерпул»га қарши баҳсда юқори прессингдан деярли воз кечганидир. «Брайтон» де Дзерби давридан бери билд-апда пастдан, қисқа паслар орқали бошлашга уринади. Бу бир жиҳатдан юқори прессинг учун ўлжа, иккинчи томондан, агар рақиб прессингда сал хато қилса, «Брайтон» бундан фойдаланишга жуда уста. Мисол учун, жамоа марказий ҳимоячиси ван Ҳекке чизиқлар орасини кесувчи ўткир паслар бўйича АПЛ етакчиси ҳисобланади. Бундан келиб чиқиб, Аморим тажовузкор прессинг билан рақибни хато қилишга мажбур қилишни танлайдими ёки бироз эҳтиёткорлик билан аввалги хатоларни қилмасликка уринадими, кўрамиз.
Мезбонларда деярли йўқотиш йўқ. Умуман, бу мавсумда «МЮ» энг кам жароҳат олаётган жамоалардан саналади. Ҳатто Люк Шоу шунча учрашув қаторасига асосий таркибда ўйнаётгани ҳам катта натижа. Аморим матбуот анжуманида Магуайр ва Маунтда кичик шикастланишлар борлигини айтди, аммо ўйинга тайёр бўлишлари керак. Фақат Лисандро Мартинес тиклангани йўқ. Меҳмонлар сафида эса ҳаммасидан ҳам Митоманинг йўқлиги сезилиши мумкин – унинг майдонга туша олиши сўроқ остида. Шунингдек, Велтман ва Уэбстерда ҳам жароҳатлар бор. Солли Марч худди Лисандро каби ўтган мавсумдан буён қайтгани йўқ.
«АСТОН ВИЛЛА» – «МАНЧЕСТЕР СИТИ» (26 октябр, 19:00)
«Манчестер Сити»нинг сўнгги йилларда Бирмингҳэмдаги учрашувлари ёдингизда бўлса, бу ўйинни ҳам ўтказиб юбора олмайсиз. Ўтган мавсум тушунарли, «Манчестер Сити» у қадар яхши ҳолатда эмасди, лекин икки йил олдинги ўйинни эсласангиз, Эмери жамоаси «шаҳарликлар»ни деярли «кўмиб қўйганди». Дарвозаларга зарбалар сони мезбонлар фойдасига 22-2 бўлган, умуман, мураббийлик фаолиятида Пеп Гвардиола ҳеч қачон бу даражада ожиз бўлмаганди. «Вилла» майдонидаги охирги уч ўйинда «Сити» ғалаба нималигини билмаяпти – икки мағлубият ва бир дуранг.
«Астон Вилла» бу мавсумни ёмон бошлаганди, ҳатто тўрт турдан кейин ҳам бирорта го урмаган ягона жамоа бўлиб турди. Лига кубогида пеналтилар сериясида «Брентфорд»га мағлубиятга учради. Лекин кейинчалик жамоа етакчилари формасини тиклаб олди. Эмери шогирдлари барча мусобақалар доирасида қаторасига 5 ғалабага эришди. Тўғри, Европа Лигасидаги сўнгги учрашувда Нидерландия жамоасига мағлуб бўлишди, лекин бу ўйинда айрим чизиқларда захирадаги футболчилар тушганини ҳам унутмаслик керак. Кэш, Макгин, Роджерс, Камара, Конса каби асосий таркиб ўйинчиларига дам берилди. Табиийки, улар «Манчестер Сити»га қарши ўйин олдидан эҳтиёт қилинди.
Ўз навбатида, Пеп Гвардиола жамоаси ҳам ҳафта ўртасида еврокубокларда қатнашди. Жамоа Испанияга, «Вилярреал» майдонига сафар қилди. Табиийки, ротация қилиш қийин бўлган рақиб. Лекин «Манчестер Сити» ўз ўйинини сешанба куни, «Астон Вилла» эса пайшанба оқшомида ўтказганини ҳам қайд этиш керак. Яъни меҳмонларда тайёргарлик учун икки кун кўпроқ вақт бўлди.
Мезбонлар сафида Юри Тилеманс йўқлиги билиниши тайин. Футболчи сентябр ойида «Эвертон»га қарши баҳсда жароҳат олганди ва унинг қайтишига яна бир ой бор. Қизиғи, Юри жамоа етакчиларидан бири, лекин ғалабали серия айнан у сафдан чиққанидан кейин бошланди. Онана – Камара жуфтлиги ҳозирча марказда жуда самарали ҳаракат қилмоқда. «Манчестер Сити» таркибида Абдуқодир Ҳусанов яна ўйнамайди. Матбуот анжуманида Пеп Гвардиола Ҳусановнинг қайтишига жуда оз вақт қолганини айтди, шу билан бирга, майдонга тушиш учун хавфли босқичда эканини ҳам таъкидлади. Ундан ташқари, меҳмонлар сафида Родри ва Нико Гонсалесда жароҳат бор. Райан Шерки сўнгги икки учрашувнинг сўнгги дақиқаларида кўриниш берди, Гвардиола бу сафар унга кўпроқ вақт бериши мумкин.
«АРСЕНАЛ» – «КРИСТАЛ ПЭЛАС» (26 октябр, 19:00)
Агар статистикага қаралса, АПЛ бу мавсумидаги энг яхши ҳимоя ва энг яхши ҳужм тўқнаш келади деб бемалол айтиш мумкин. Тўғри, «Кристал Пэлас» энг кўп гол урган жамоа эмас, лекин вазият яратиш бўйича айни пайтда энг яхши кўрсаткичга эга. «Борнмут»га қарши учрашувда (3:3) жамоа 4.44 xG яратишга муваффақ бўлди. Ҳеч бир жамоа ушбу мавсумда бир ўйинда шунча вазият ярата олмаган. «Арсенал» эса аксинча, ўз дарвозаси олдида деярли имкон қолдирмаяпти. «Фулҳэм» ва «Вест Ҳэм»га қарши кечган сўнгги икки учрашувда Райя дарвозасига ҳатто бирор марта ҳам аниқ зарба берилмади. Умуман, барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда ҳам, «Арсенал» ўз дарвозасидан атиги 3 гол ўтказиб юборди, холос. Бу голларнинг иккитаси стандарт вазиятлардан урилганди.
Бемалол айтиш мумкинки, Артета жамоаси айни вақтда нафақат Англияда, балки бутун Европада энг яхши ҳимоя чизиғига эга жамоа бўлиб турибди. Бу шунчаки номлар ёки тандемлар билан ҳам боғлиқ эмас, зеро жамоа сардори Салиба жароҳат олиб бир неча ўйинда туша олмаганида ҳам вазият ўзгармади. Бу натижалар замирида структура ётибди, яъни ким майдонга тушишидан, рақиб қандай услубда ўйнашидан қатъи назар «Арсенал» хавфли вазиятлар яратилишига, хавфли нуқталардан зарба берилишига йўл қўймаяпти. Тўлиқ назорат.
Шу томондан бироз хаотик, лекин самарали ҳужум қиладиган «Кристал Пэлас» бу деворни бузиб ўта оладими, жуда қизиқарли савол. «Кристал Пэлас» ушбу мавсумда фақат бир учрашувда, «Челси»га қарши «Стемфорд Бриж»да кечган 1-тур ўйинида 1 дан кам xG тўплаганди. «Эмирейтс»да нима бўлади, кўрамиз. Бу рақиб сўнгги йилларда «Арсенал» майдонида муносиб ўйин кўрсатиб келмоқда. Ўтган мавсумда 2:2 ҳисоби қайд этилганди. Умуман, «Эмирейтс»даги охирги 8 ўйин олинса, «Кристал Пэлас» 4 дуранг ва 1 ғалабага эриша олган. Мезбонлар атиги уч марта ғалаба қозонган. Чемпионлик амбициялари учун анча паст кўрсаткич.
Таркибларга тўхталадиган бўлсак, мезбонлар сафида бу сафар бошқа марказий ҳимоячи – Габриэл майдонга туша олмаслиги мумкин. Унинг жисмоний ҳолати яхши эмаслиги айтилмоқда. Эдегор, Ҳаверц, Мадуэкенинг қайтиши деярли бир вақтга – келаси ой охирига тўғри келиши кутилмоқда. Габриел Жезус яна икки ой шерикларига ёрдам бера олмайди. Меҳмонлар таркибида йўқотишлар йўқ. Лекин бу жамоа пайшанба оқшомида еврокубок ўйинида майдонга тушганини ҳисобга олиш керак. Бунинг устига Гласнерда ротация учун вариантлар ҳамкасбидаги каби катта эмас. Албатта, Эберечи Эзенинг собиқ жамоасига қарши ўйнаётгани ҳам учрашувга қўшимча интрига тақдим этади.
«РЕАЛ» – «БАРСЕЛОНА» (26 октябр, 20:15)
Испанияда бу жамоалар тўқнаш келганда, бошқа ўйинларнинг аҳамияти ҳам камаяди. Эл класико ўтказиладиган ҳафта – мана шу иборанинг ўзи футбол мухлислари учун дам олиш кунларида яхши футбол кафолатланганини англатади. Айнан испан футболига қизиқадиганлар эса тақвим чиқиши биланоқ, мавсум бошида Эл Класико қачонлиги билан қизиқиб белгилаб қўядилар. Бу нафақат бошланганда телевизорни ёқиб, қаршисида ўтирадиган ўйин, балки бутун режаларингизни шунга мослайсиз, улфатлар, қариндошлар айнан шу учрашув учун тадбирлар ташкил қилишади. Хуллас, сизларни табриклаймиз, ўша кун яқин.
Бевосита қарама-қаршиликка тўхталадиган бўлсак, Роналду ва Месси Ла Лигани тарк этганидан кейин Эл Класико даражаси бироз пасайгандек туюлган, анъанавий равишда жамоалар соврин учун курашган бўлишса-да, майдонда юлдузлар камайиб қолгандек эди. Ахир “Реал” ва “Барселона” тўқнашганда майдонда дунёнинг энг яхшилари бўлиши шарт. Мадридга Мбаппе ва Беллинҳэмнинг келиши, Ламин Ямалнинг пайдо бўлиши билан сўнгги пайтларда ўша эски “вайб” яна қайтаётгандек. Чунки энди нафақат Испания чемпионлиги, балким индивидуал совринлар, “Олтин тўп” каби даъволар ҳам бор.
Турнир нуқтайи назаридан ҳам аҳамиятли ўйин. Айни пайтда “Реал” 24 очко билан пешқадам бўлса, “Барселона” ҳисобида 22 очко бор. Яъни меҳмонларнинг ғалабаси Ла Лигада пешқадамни ўзгартиради. “Барселона” Флик келганидан буён сўнгги 4 “Эл Класико”да ғалаба қозонаётганини ҳам таъкидлаш керак. Агар ўтган мавсум ёзда ташкил қилинган ўртоқлик ўйинини ҳам қўшсак, қаторасига 5 ғалаба бўлади. Қизиғи, ундан олдин қаторасига 4 расмий ўйинда “Реал”нинг қўли баланд келганди.
Ўтган мавсумдаги илк Эл Класикони эсласангиз керак. “Барселона”нинг энг чўққи формага кирган даврига тўғри келган, ўша ўйиндан бир неча кун олдин каталонияликлар “Бавария” устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонгандилар. Кейин эса “Реал” устидан 4:0 ҳисоби қайд этилди. Бу сафар ҳам Эл Класико олдидан “Барселона” Чемпионлар Лигасида йирик ғалаба қозонган бўлса-да, айни пайтда каталонияликлар яхши спорт формасидан эмаслигини таъкидлаш керак. “Олимпиакос”дан олдин “Жирона” билан сўнгги дақиқаларда қўлга киритилган ишончсиз ғалаба, ундан олдин эса “Севиля” ва “ПСЖ”га қарши учрашувларда мағлубият. Гўёки, Фликнинг машҳур офсайд қопқони ўхшамаётгандек туюлмоқда ва жамоалар бундан фойдаланиб яққол вазиятлар яратишяпти. Кўпчилик буни Иньиго Мартинеснинг кетгани билан боғласа, шунингдек, Рафинянинг йўқлиги ҳам таъсир қилаётганини айтиш керак. Зеро айнан бразилиялик ҳужумчи “Барселона” прессингини бошқарар, айнан унинг фаоллиги эвазига “Барселона” нисбатан тезроқ тўпни эгаллашга муваффақ бўларди. Яхши маълумки агар яхши контрпрессинг бўлмаса, ҳимоя чизиғининг юқорига кўтариш анча хавфли ҳисобланади. Бу структура билан “Барселона” гўёки олов билан ўйнашмоқда, Килиан Мбаппе билан бу услуб “Реал” учун янада қулай бўлиши турган гап.
Афсуски, Рафиня Эл Класикода ҳам, шунингдек яна бир неча ҳафта майдонга туша олмаслиги маълум бўлди. Рафинядан ташқари ҳам яна бир дунё ўйинчи бор – Роберт Левандовски, Жюл Кунде, Гави, Олмо, Жоан Гарсия, бу саналган исмлар ҳам “Реал”га қарши баҳсни ўтказиб юборишади. Флик мавжуд таркибдан келиб чиқиб, ўз услубидан бироз чекинадими ёки қайсарликда давом этадими? Дарвоқе, Фликнинг ўзи ҳам ушбу ўйинни мураббийлар ўриндиғидан кузата олмайди, сабаби, “Жирона”га қарши учрашувда майдондан четлатилганди. Мезбонлар таркибида йўқотишлар деярли йўқ. Антонио Рюдигер анча олдин, Давид Алаба эса ундан ҳам аввал сафдан чиққанди.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
25 октябр. Боруссия М – БАВАРИЯ (18:30), ЧЕЛСИ – Сандерленд (19:00), НЮКАСЛ – Фулҳэм (19:00), Брест – ПСЖ (20:00), Брентфорд – ЛИВЕРПУЛ (23:55)
26 октябр. Сассуоло – РОМА (19:00), БАЙЕР – Фрайбург (19:30), Эвертон – ТОТТЕНҲЭМ (21:30), Лацио – ЮВЕНТУС (27 октябрга ўтар кечаси, 00:45)
Мавзуга оид
11:25 / 16.12.2025
«МЮ» ва «Борнмут» ўйини голлар шоусига айланди
14:40 / 15.12.2025
«Сити»да йирик ғалаба, бразиллар Алонсони қутқарди
22:11 / 14.12.2025
Саудия шаҳзодаси "Барселона" клубини сотиб олмоқчи
18:16 / 14.12.2025