Ўзбекистон | 22:49 / 27.10.2023
61612
5 дақиқада ўқилади

1 йилда 70 фоизлик фойда ваъдаси. “Тренингчи” Ислом Иброҳимов одамларни қандай чув туширган ва ҳозир у қаерда? 

Сохта тренингчи Ислом Иброҳимов кўп миқдордаги фирибгарлик жиноятларини содир қилганликда гумонланиб, қидирувга берилгани маълум бўлди. Хўш, у одамларни қандай қилиб чув туширган? Тармоқдаги саҳифасида Канадада экани ҳақида ёзаётган Иброҳимов чинданам уммон ортидами? Ушбу мақола ва кўрсатувда шулар ҳақида батафсил билиб оласиз.

Ислом Иброҳимов ким ўзи?

Бир муддат аввал SUBYEKTIV “бизнес-тренинг” номи остида сотилаётган курслар ҳамда улар орасида ўзи ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш орқали мижоз йиғаётганлар ҳақида махсус кўрсатув тайёрлаган эди. Унда Ислом Иброҳимов фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган.

Мазкур кўрсатувда Ислом Иброҳимовга тегишли “IBRO BEST” қурилиш фирмасининг фаолияти ўрганилганди. Ушбу фирма томонидан қурилган, деб ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган объектлар бутунлай бошқа ҳудудда, бошқа қурувчи ташкилотлар томонидан қурилгани фош этилган.

“IBRO BEST” қурилиш фирмаси менежерлари билан боғланилганда эса жамиятга инвестиция киритиш таклифини беришдан нарига ўтишмаган. Яъни, Ислом Иброҳимовнинг фирмалари инвестиция киритиш эвазига йилига етмиш фоиздан фойда олиш таклифи билан аллақачон одамларни чўв тушира бошлаган.

Шунингдек, SUBYEKTIV лойиҳасида Ислом Иброҳимов тренингчи сифатида анча танилгани, бироқ асосланмаган фактлар билан тингловчиларни алдаб келаётгани очиб берилганди.

У одамларни қандай алдаб келган?

Ушбу воқеалар фонида Kun.uz’га Иброҳимовнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатлар акс этган материаллар келиб туша бошлади.

Ислом Иброҳимов одамларнинг ишончига кириб, Бухоро шаҳридаги “Business Invest online school” раҳбари сифатида мазкур жамиятга сармоя киритишни сўраган. Эвазига 70 фоиз фойда беришни ваъда қилган.

Жумладан, Тошкент шаҳри Олмазор туманида истиқомат қилувчи Салимжанова 11 000 АҚШ долларни 70 фоиз фойда олиш мақсадида Иброҳимовга берганини айтмоқда. Маълум муддат ўтгач, аёл ўзининг чув тушганини билиб қолади ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилади. Бироқ бу пайтга келиб Ислом Иброҳимов аллақачон мамлакатни тарк этганди.

Kun.uz ихтиёрига келиб тушган аудио ва видеоёзувлардан билиш мумкинки, жуда кўплаб ҳолатларда “мижозлар” бевосита Ислом Иброҳимовнинг ўзи билан телефон орқали мулоқот қилган ва унга пул берган.

Айрим ҳолатларда эса унинг вакиллари келиб, унга ишонган фуқаролардан пулларни нақд ҳолатда олиб кетишган.

Бироқ мижозлар пулини сўраб борганида “Йил якунланиб қолди, режаларимиз бузилиб кетди, янги бизнес бошлаяпман” каби баҳоналар билан фирмасига “инвестиция киритган”ларнинг пулини қайтармаган.

Иброҳимов ҳозир қаерда?   

Ислом Иброҳимов ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифаларида ўзини айни вақтда Канада давлатида эканлигини маълум қилган. Турли кўнгилочар жойлардан видео ва суратлар жойлаб бормоқда.

Kun.uz Ислом Иброҳимовнинг ўзи шахсий саҳифасига жойлаган ва гўёки Канада давлатида эканини кўрсатишга уринган айрим видео ва суратларни фактчекинг қилди. Буни қарангки, у Канада деб айтган жойларнинг аксарияти Дубай шаҳрида бўлиб чиқди.

Масалан, эълон қилган видеоларидан биридаги кадрда Иброҳимов AIGNER брендига тегишли дўкон ёнидан ўтиб кетаётгани кўринади.

Қизиғи, Канада давлатида бу бренднинг расмий дўкони мавжуд эмас. Видеода кўринган дўкон айнан Дубай шаҳридаги DUBAI OUTLET савдо марказида жойлашган.

“Oq Kiyimdagi rasmim 2023-yil, Bahor o‘rtalari Canadadagi holatim” деган изоҳ билан телеграм каналига қўйилган расмдаги жой эса Дубайдаги Мушриф боғи бўлади.

Айтиш мумкинки, катта эҳтимол билан Ислом Иброҳимов бу сафар ҳам ўзи мижозларини чалғитишга уринмоқда. У айни вақтда Канада эмас, Дубай шаҳрида яшаб келмоқда.

P/S: Амалда Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги шартнома (Абу Даби, 2014 йил 11 ноябрь) мавжуд. Унга кўра, мазкур икки давлат ўртасида бир томон қидирилаётган ҳар қандай шахсни терговга тортиш ёки ҳукмни ижро этиш учун бошқа томонга ушлаб беришга розилик берилган.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов жиноят иши тергови билан боғлиқ маълумотлар ОАВга берилмаслигини маълум қилди.

Демакки, Ислом Иброҳимовни хориждан (катта эҳтимол билан БААдан) олиб келиш бўйича чора-тадбирлар кўриляптими ёки йўқ, ҳозирча била олмаймиз.

Билганимиз шуки, 200 га яқин одамни қарийб 500 минг долларга “ухлатиб кетган” шахс маза қилиб сайру саёҳат қилиб юрибди.

Мавзуга оид