Жаҳон | 18:47 / 08.04.2026
3914
5 дақиқада ўқилади

“Цивилизация йўқ бўлади” – Трамп нимага шама қилганди?

Ва ниҳоят, АҚШ ва Эрон вақтинчалик келишувга эришди. Бу урушнинг тўлиқ тугаши эмас, музокаралар учун пауза олиш демакдир. Асосий воситачи Покистон бўлди. Икки ҳафта ичида томонлар Покистонда кўришиб, урушни батамом тугатишни муҳокама қилмоқчи. Бироқ шартлар жуда оғир. Икки томон ҳам нариги тарафнинг оғир шартларини қабул қилиш ниятида эмас.

Трамп бу урушни тезроқ тугатиш учун баҳона изламоқда. У ёруғ юз билан: “Мана, мен ғалаба қилдим” дея олса, унга етади. Эрон ҳам урушдан катта талофат кўрди ва кўрмоқда, лекин урушни чўзишдан ягона мақсади – АҚШни обрўсизлантириш ва дунё иқтисодиёти орқали АҚШ ҳамда унинг иттифоқчиларига катта зарар етказиш. Ва бу ишни Эрон уддалаб келди.

Ўтган куни Трамп: “Бугун кечаси тўлиқ бир цивилизация йўқ бўлади, ва ҳеч қачон қайта тикланмайди. Бироқ режим ўзгарганидан сўнг, балки янги ва яхши нимадир бошланар. Худойим Эрон халқини асрасин” дея жиддий таҳдид қилди. Дунё экспертлари Трамп Эронга қарши ядро қуролини ишлатишга шаъма қилганини гапира бошлашди. Италия мудофаа вазири Гвидо Крозето: “Эрон билан уруш ядро эскалациясига келиб қолди, АҚШ ўзининг лидерлигини шу йўл билан кучайтирмоқчи” дея шарҳлади.

АҚШнинг ўзида ҳам, кўплаб таниқли шахслар, сиёсатчилар Трампнинг бу баёнотини кескин танқид қилишди. Мисол учун, таниқли журналист Такер Карлсон Трампга мурожаат қилиб: “Сиз ўзингизни ким деб ўйлаяпсиз? Сиз ўзингизни Худо деб ўйлаб бошладингизми?!” дея танқид қилди, ва бутун бир цивилизацияни йўқ қилиш таҳдидини ҳеч қачон қабул қилиб бўлмаслигини айтди.

Трамп – маргинал сиёсатчи. У айтаётган гапларининг, қилаётган ишларининг жиддий оқибатларини англамайди. У АҚШнинг узоқ муддатли стратегик манфаатларини, репутациясини эмас, фақат ўзининг шахсий манфаатларини ўйлайди. Шунинг учун у атом бомбасини қисқа муддатли қўрқитиш воситаси сифатида кўради. Бироқ ядро қуролини ишлатишга шаъма қилиш, таҳдид қилишнинг оқибатлари жиддий бўлади. Агар Трамп Эронга ёки мусулмон давлатларига қарши ишлатаман деганда ҳам, ички механизмларга кўра, бу унчалик осон бўлмайди.

Бироқ, муаммо – ядро қуролини ишлатишда эмас, мана шундай риториканинг пайдо бўлганининг ўзида ҳам. Чунки дунё тартиботи ва ўйин қоидасига кўра, қудратли давлатлар кичик ва ядро қуроли бўлмаган давлатларга бундай таҳдид қилишларининг ўзи – маънавий, сиёсий, геосиёсий инқирозни англатади. Шу пайтга қадар ядро қуроли фақат тийиб туриш воситаси сифатида кўрилди. Энди, мана, Трамп даврига келиб, бу оддий босим ва таҳдидга айланиб улгурмоқда.

Инсоният тарихида фақат бир марта ядро қуроли қўлланилган. 1945 йилнинг 6 ва 9 август кунлари, АҚШ томонидан Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбаси ташланган эди. Аслида бу даврга келиб Япония тўлиқ яккаланиб қолган, енгилиб бораётган давлат эди, яъни унга қарши ятом бомбасини ишлатишга стратегик зарурат йўқ эди. Шундай бўлса-да, АҚШ президенти Гарри Трумен Япония орқали дунё давлатларини қўрқитиш мақсадида Японияга иккита атом бомбасини ташлаган эди.

Ҳалига қадар АҚШ бу икки атом бомбаси борасида дунё ҳамжамиятига маънавий ва сиёсий ҳисобот бермаган. Ўзининг пушаймонлигини билдирмаган. Бамисоли ўзини ҳақ деб билади. Бу билан, тарихан, бошқаларнинг ҳам шундай қилиши учун маънавий йўл қолдиради. Энди ҳокимиятга Трамп келиб, ноқонуний урушлар, ҳужумлар, бошқа давлатларнинг раҳбарларини ўғирлашлар, бошқа давлат ҳудудларига очиқдан очиқ даъволар – одатий ҳолга айланиб қолмоқда.

Тажовузкорлик – Трамп Америкасининг олтин стандартига айланиб улгурди. Трампнинг бу қилиқлари, ядровий таҳдидлари – дунё тартиботи учун ўта хавфли. Чунки ҳамма давлатлар ҳам ядровий қуролга эга эмас ва бўла олмайди. Энди кимда шундай қурол бўлса, қолганларга таҳдид қилиши – ўрмон қонунларини англатади. Қолаверса, ядро қуроли бор давлатларга ҳам бу таҳдидни стандартлаштиради.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушнинг 2 ҳафталик паузага қўйилиши – дунё иқтисодиёти ва барқарорлиги учун яхши янгилик бўлди. Лекин Эрон назарида, асосий муаммо – Трамп ўз ваъдасида қанчалик тура олади, қанчалик адекват музокара олиб боради, ва тинчликдан қанчалик манфаатдор бўлади?

Камолиддин Раббимов
Тайёрлаган Камолиддин Раббимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид