Жаҳон | 22:58 / 12.04.2026
16830
2 дақиқада ўқилади

Уганда армияси раҳбари Туркиядан бир миллиард доллар ва “энг гўзал аёл”ни беришини талаб қилди

У шунингдек, агар талаби 30 кун ичида бажарилмайдиган бўлса, Turkish Airlines парвозларини тақиқлаш ва дипломатик муносабатларни узиш билан таҳдид қилди.

Фото: REUTERS

Уганда президентининг ўғли ва мамлакат мудофаа кучлари бош қўмондони генерал Мухоози Кайнеругаба Туркиядан “дивиденд” сифатида бир миллиард доллар ва энг гўзал аёлни беришини талаб қилди, деб хабар берди India Today нашри.

"Туркиядан бир миллиард долларга қўшимча равишда бу мамлакатдаги энг гўзал аёлни хотинликка олмоқчиман!" — деб ёзди Кайнеругаба X тармоғида, аммо кейинроқ бу постни ўчириб ташлади.

Кайнеругабанинг таъкидлашича, Уганданинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътироф этилмай қолган ва бунинг учун молиявий товон тўланиши лозим.

У постларида Туркияни Сомалидаги бизнес ва инфратузилма лойиҳаларидан, хусусан, пойтахт Могадишодаги портлар ва аэропортлардан фойда кўраётганликда айблаган. Унинг даъвосига кўра, Туркия бу лойиҳалардан даромад олаётган бир пайтда Уганда кўп йиллар давомида хавфсизлик бўйича оғир масъулиятни ўз зиммасига олиб келган.

Кайнеругаба "қимматли қоғозлар сотувидан дивидендлар берилиши"ни талаб қилди ҳамда Туркиянинг энг чиройли аёлига уйланишини айтди.

У шунингдек, агар талаби 30 кун ичида бажарилмайдиган бўлса, Turkish Airlines парвозларини тақиқлаш ва дипломатик муносабатларни узиш билан таҳдид қилди.

Мухоози Кайнеругаба Уганданинг амалдаги президенти Йовери Кагута Мусевенининг ўғли бўлиб, у мамлакат мудофаа кучлари бош қўмондони ҳисобланади.

Генерал ўзининг шов-шувли баёнотлари билан танилган. У 2022 йил октябрда ижтимоий тармоқларда икки ҳафта ичида Кения пойтахтини босиб олишини ёзган, оқибатда унинг отаси узр сўрашига тўғри келганди.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумидан сўнг у Уганда Тел-Авив томонда туриб урушга киришга тайёрлигини айтганди.

Шунингдек, у олдинроқ Италия бош вазири Жоржиа Мелонига уйланиш эвазига 100 бош зотли сигирлардан беришга тайёрлигини айтганди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид