Ўзбекистон | 15:44 / 13.09.2022
16700
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга жисмоний шахсларнинг товар олиб кириши соддалаштирилади

Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан олиб келинадиган бир қатор товарлар учун нормалар бекор қилиниши мумкин. Маиший техника, компьютер ва мобил қурилмалар, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, атир, заргарлик буюмларидан ташқари бошқа товарларни олиб келишдаги чекловлар олиб ташланади.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистонга товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш киритилади.

Тегишли ҳужжат лойиҳасида айтилишича, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан жисмоний шахслар учун мамлакатга олиб кириладиган маҳсулотлар ҳажмига чекловлар ўрнатилган.

Юқоридаги қарор иловаси 21-бандига мувофиқ, мамлакатга бошқа турдаги маҳсулотларни 10 килограммгача бўлган ҳажмда божхона тўловларисиз олиб кириш мумкин.

Президентнинг “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жисмоний шахслар томонидан республикага автойўл (пиёда) божхона чегаралари ўтиш пунктлари орқали 300 АҚШ долларигача бўлган маҳсулотларни божхона тўловларисиз олиб ўтиш мумкин.

Билдирилишича, ҳозирда мамлакатга чегара постлари орқали маҳсулотларни божхона тўловларисиз олиб ўтишда ҳам миқдорий, ҳам қиймат нормалари жорий этилган.

Маҳсулотларни мамлакат ҳудудига олиб киришда миқдорий чекловлар ўрнатилгани сабабли, уларни “яшил йўлак” орқали божхона кўригидан ўтказиш имконсиз бўлиб, барча жисмоний шахслар “қизил йўлак” орқали божхона кўригидан ўтказилмоқда.

Хорижий давлатларда маҳсулотларни чегара постларидан олиб ўтишда сон ва миқдорий чекловлар ўрнатилмаган, фақат маҳсулотлар умумий қийматига чеклов белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда жаҳондаги озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги шароитида аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга бирламчи маҳсулотлар билан таъминлаш, ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб кетиши олдини олиш, мамлакат фуқароларига шахсий эҳтиёжлари учун маҳсулотларни олиб киришга шарт-шароит яратиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси қарори иловасидан 20- ва 21-бандларни чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид