Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда очиқлик индекси йўлга қўйилади — президент фармони
Индексда кам балл олган давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдорлари жавобгарликка тортилади. Бу ОАВ ва жамоатчиликка “ёпиқ” орган ва ташкилотларнинг “очилишига” туртки бўлиши мумкин. Индексни юритадиган Аксилкоррупция агентлигига янги ваколатлар берилди. Очиқликка оид қоидаларни бузганлик учун жарима белгиланяпти.
Фото: Getty Images
“Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” президент фармони қабул қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабарига кўра, фармон билан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражаси қуйидаги 8 та индикатор асосида баҳолаб борилади:
- давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлар фаолиятининг самарадорлиги;
- давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати;
- ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни қонунчиликда белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимининг йўлга қўйилиши;
- бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга оид маълумотларнинг расмий веб-сайтда жойлаштирилиши;
- Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилиши;
- оммавий коммуникация технологияларининг жорий қилиниши;
- коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳолати;
- жамоатчилик кенгаши фаолиятининг самарадорлиги.
Эндиликда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳар йил якуни бўйича Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индекси шакллантиради. Индекс “eanticor.uz” электрон платформасида очиқ эълон қилиб борилади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик даражаси “0” баллдан “100” баллгача рейтингда баҳоланиб, қуйидаги тоифаларга ажратилади:
- 71 баллдан 100 баллгача – “яшил”
- 55 баллдан 71 баллгача – “сариқ”
- 55 баллдан паст – “қизил”
Очиқлик даражаси энг юқори деб топилган давлат органи ёки ташкилотининг соҳага масъул ходимларини рағбатлантириш, аксинча, салбий бўлганларини қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масаласи ҳал этилади.
Агентликка давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида қуйидаги қўшимча ҳуқуқлар берилди:
- давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларига очиқлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларнинг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш эълон қилиш;
- очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларнинг бузилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритиш;
- расмий веб-сайт ва бошқа ахборот ресурсларида эълон қилинган очиқ маълумотларнинг ҳаққонийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳақида сўровнома юбориш.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча очиқлик нормаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиловчи қонун Сенатда маъқулланган эди.
Қонунга кўра, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштириладиган, ижтимоий аҳамиятга молик бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни –
- эълон қилмаганлик,
- тўлиқ эълон қилмаганлик,
- эълон қилиш муддатларига ва тартибига риоя этмаганлик,
- маълумотларни бузиб кўрсатганлик учун –
– мансабдор шахслар 3-5 БҲМ (0,9 – 1,5 млн сўм) жаримага тортилади.
Ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, жарима миқдори 5–10 БҲМ (1,5 – 3 млн сўм)га ошади.
Бу тоифадаги ҳуқуқбузарлик юзасидан баённомаларни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузади ва кўриб чиқиш учун судга юборади.
Мавзуга оид
14:17 / 25.03.2026
Ҳокимларнинг бюджет очиқлиги бўйича мажбурияти кучайтирилди
18:45 / 15.01.2026
Ўзбекистон коррупцияга қарши нима қилмоқчи? Янги чоралар тасдиқланди
17:48 / 27.12.2025
Шавкат Мирзиёев: “Очиқлик сиёсатидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз”
13:29 / 25.12.2025