Иқтисодиёт | 22:16 / 22.02.2022
31794
5 дақиқада ўқилади

“ҚҚС калити тадбиркорни жазоловчи ричагга айланиб қолди” — мутахассис

ҚҚС калитини “истаган пайтда” блоклаб қўйиш бизнес олдида қатор муаммоларни туғдирмоқда, дейди солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов. Унинг фикрича, ҚҚС калити тадбиркорни жазоловчи ричагга айланиб қолган.

Фото: Shutterstock

Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов яқинда жорий қилинган ҚҚС калити билан юзага келаётган иккита муҳим муаммо ҳақида гапирди.

“ҚҚС калитини олиш ҳақидаги аризалар бир ойгача чўзилиб кетмоқда”

— ҚҚС калити ҚҚС тўловчиси бўлмаганларга ҳисоб-фактура бериш имкониятини чеклаш ва “обнал”нинг олдини олишга хизмат қилиши керак эди. Аммо бизнинг кузатувларимиз ва (тадбиркорлардан) мурожаатлар ҚҚС калитидан корхоналарни жазоловчи ва тадбиркорнинг ишини тўхтатувчи ричаг сифатида фойдаланилаётганини кўрсатмоқда.

Масалан, икки ташкилот баробар очилди, бир хил фаолият юритмоқда. Иккаласи ҳам ҚҚС тўловчиси бўлиш учун ариза топширди. Биринчисининг аризаси қайсидир тумандан бир ҳафтада бериляпти, иккинчисиники эса бир ҳафта эмас, бир ойлаб қолиб кетмоқда. Корхона ҚҚС тўловчиси деб ташкил этилган, бир ой давомида унга калит берилмаяпти, лекин бу орада корхонага импортдан товар кириб келди. ҚҚС тўловчиси бўлган корхонага товар кириб келгани учун ҚҚС билан ҳамма нарсасини кирим қилди, лекин ҳисобга ола олмайди. Товарларни кирим қилиб бўлгандан кейин ҚҚС калити берилмоқда.

Шу сабабли, “Сен ҚҚС тўловчиси бўлган вақтингда калитинг йўқлиги учун импортдаги ҚҚСни ҳисобга ололмайсан” деган ҳолатлар бўлмоқда. Қарабсизки, рақобат икки хил бўлиб қолди: бир хил товарни олиб келган кимдир бемалол уни 100 сўмга сота олади (ҚҚС билан) иккинчи корхона 115 сўмга сотади. Бу иккинчи корхона банкрот бўлди дегани.

Калит учун ариза берилса, бир ойлаб кўриб чиқилмаяпти. У корхона қурилиш ёки бошқа бир ҳолатда шартнома қилиб қўйиб ишламоқда. Қонунчилик бўйича, узоқ муддатли қурилиш ишларини амалга оширишда ҳар ойлик ҳисоб фактура қилиб бориш керак. Январнинг ўртасида ариза бергандан кейин январ якуни бўйича ҳисоб-фактура бериш керак, у ҚҚС бўйича ҳисоб-фактура бераман деб турибди, лекин унга ҚҚС тўловчиси сифатида калит берилмаган. Корхонанинг автоматик равишда ҳисоб-фактура бериш имконияти чекланиб қолмоқда.

Биз (тадбиркорларга) “контрагентингизга менга номаълум сабабларга кўра ҚҚС калити берилмагани сабабли сенга ҳисоб фактурани вақтинча беролмайман” деб ёзинглар деб маслаҳат беришга мажбур бўляпмиз.

“Жисмоний шахсларга ҳам ҚҚС тўловчиси деган гувоҳнома берилмоқда, бу юридик шахсни жазолашга асос бўляпти”

— Амалиётда жисмоний шахс СТИРи билан унга ҚҚС тўловчиси деб гувоҳнома бериб юборишяпти. Жисмоний шахс ўзининг мулкини сотгандан кейин бемалол ҚҚС бўйича ҳисоб-фактура бермоқда. Иккинчи томон қабул ҳам қиляпти. Ўзи мақсад ҚҚС тўловчиси бўлмаган одам ҚҚС бўйича ҳисоб-фактура бериш имкониятини чеклаш ва назорат қилиш эди, лекин бу шахс ёки дастур хатосими – ҚҚС тўловчиси бўлмаганларга калит бериляпти. Жисмоний шахс ҚҚС бўйича ҳисоб-фактура бергач, бунинг учун “энди сен уни тўлаб берасан" деб корхонани жазолашяпти.

Рақобатни чеклаш учун ҚҚС калитидан фойдаланиляптими?

— ҚҚС калитидан жазоловчи ёки хоҳлаган пайтда ўчириб, хоҳлаган пайтда ёқадиган ричаг сифатида фойдаланиш эмас, айнан ҚҚС тўловчисига рухсат бериш ёки “обнал” қилишнинг олдини олиш учун хизмат қилиши керак. Фақат шу икки функциясини бажариб қўя қолсин, бўлди. Тадбиркорликка халақит қиладиган даражада бўлмасин.

Амалиётда шундай ҳолатлар ҳам бўлдики, “рақобатчимга нисбатан “обём”им катта бўлиб кетаётгани боис калитимни тўхтатиб қўйди”, деган гумонларгача боришмоқда. Балки унақа эмасдир, лекин иккитаси битта жойда ишлаб турибди, биттасининг калити блоклаб қўйилди: асос бўлган, бўлмаган тақдирда ҳам.

Калит блокланганда ҳисоб-фактура бериш имконияти чекланиб, бир тадбиркор бозордан чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда. Натижада тадбиркорда солиқ органларининг фаолиятига нисбатан катта шубҳа ва гумонлар уйғоняптики, рақобатчимга нисбатан кучсизлантириш учун ҚҚС калитидан фойдаланиляти деган гумонларга ҳам боришмоқда.

  • Аввалроқ, Мурод Муҳаммаджонов Kun.uz'га ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев ўтказган анжумандан кейин ечилмай қолган масалалар хусусида гапириб, солиқ тизимидаги оғриқли муаммоларни санаганди.
  • Бизнес ва ҳукумат ўртасида 2022 йилги солиқ ўзгаришлари туфайли резонанс авж олган январ воқеаларидан кейин, ҳукумат бизнес томонга қадам ташлади ва ўзгаришларга тузатишлар киритди.
Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид