Жаҳон | 09:35 / 26.03.2026
8247
5 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШнинг урушни тўхтатиш режасини қабул қилмади - ОАВ

Эронга Покистон орқали АҚШ режаси етказилган. Лондон Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатновини қайта тиклаш учун коалиция тузмоқчи. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Эрондаги можарони тартибга солиш учун махсус вакил тайинлади.

Фото: Global Look Press/Sha Dati/XinHua

Эрон АҚШ томонидан тақдим этилган урушни тўхтатиш режасини рад этди. Бу ҳақда 25 март, чоршанба куни Эрон давлат телеканали Press TV хабар берди.

«Эрон АҚШ таклифига салбий муносабат билдирди», — дея маълум қилди телеканал.

«Уруш Эрон уни қачон тугатишга қарор қилса, ўшанда тугайди, АҚШ президенти Доналд Трамп истаган пайтда эмас», — деди Теҳрондаги ҳукумат вакили.

AFP агентлиги Исломободдаги икки нафар ҳукумат вакилига таяниб хабар қилишича, Ислом Республикасига АҚШнинг 15 банддан иборат режаси «Покистон орқали» етказилган.

The New York Times газетасининг ёзишича, ушбу режа Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатновини қайта тиклаш, шунингдек Эрон ядровий дастурига нисбатан қатъий чекловлар ўрнатишни назарда тутади. Бунинг эвазига, Исроилнинг Channel 12 телеканали маълумотига кўра, Эронга қарши санкциялар бекор қилиниши керак. Ҳужжатдан англашилишича, томонлар бир ойлик сулҳ эълон қилиши, шу вақт мобайнида Вашингтонда АҚШ таклифи асосида музокаралар олиб борилиши лозим. Режа Эронда ҳокимият алмашишини назарда тутмайди, деб қайд этди Channel 12.

Шу орада, Буюк Британия ва Франция Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатновини қайта тиклаш масаласи бўйича музокаралар ташкил этиш ниятида экани маълум бўлди. AFP агентлигига Британия Мудофаа вазирлигидаги манба маълум қилишича, тахминан 30 давлат ҳарбий вакиллари иштирокидаги учрашув ҳафта охирига қадар ўтказилиши керак. Мақсад — бўғозни блокдан чиқариш учун коалиция шакллантириш.

Ўтган ҳафта Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Япония ва Нидерландия хавфсиз ўтишни таъминлаш учун «тегишли чоралар» кўришга тайёрлигини билдирган эди. Бу баёнотга яна 24 давлат қўшилди.

«Биз ушбу коалицияни бирлаштиришда муҳим рол ўйнаётганимизни англаймиз», — деди Британия Мудофаа вазирлиги вакили. The Times газетаси маълумотига кўра, Буюк Британия тафсилотларни ишлаб чиқиш ва коалицияни шакллантириш учун учрашувни Портсмут ёки Лондонда ўтказишни таклиф қилган.

Шу билан бирга, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Эрондаги урушни тартибга солиш учун махсус элчи тайинлади. Франциялик Жан Арно ушбу йўналишда жаҳон ташкилоти вакили бўлади.

«Бу уруш назоратдан чиқиб кетди», — деди Гутерриш.

У АҚШ ва Исроилни жанговар ҳаракатларни тўхтатишга чақирди ҳамда Эрондан Форс кўрфази давлатларига ҳужумларни бас қилишни талаб этди. Dpa агентлигининг эслатишича, Арно аввал БМТнинг Афғонистон, Колумбия ва Боливиядаги элчиси сифатида ҳам фаолият юритган.

Бундан олдин The Wall Street Journal (WSJ) манбаларига таяниб, Теҳроннинг АҚШ билан эҳтимолий музокаралар олдидан янги талаблари ҳақида ёзган эди. Улар қаторида — Форс кўрфази давлатларидаги барча Америка ҳарбий базаларини ёпиш, Эронга қарши Америка ва Исроил зарбалари учун товон тўлаш, шунингдек Теҳрон томонидан Ҳўрмуз бўғози орқали ўтувчи кемалардан тўлов ундириш талаби бор.

Бундан ташқари, нашр таъкидлашича, Эрон санкцияларни бекор қилишни, ўз ядровий дастурини тўлиқ сақлаб қолишни, уруш қайта бошланмаслигини кафолатлайдиган шартларни, шунингдек Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига зарбаларни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Трамп 23 март куни Эрон раҳбарияти билан «самарали музокаралар» олиб борилаётганини билдирган эди. У, шунингдек, Эрон энергетика инфратузилмасига зарбаларни беш кунга тўхтатиб туриш бўйича кўрсатма берган. Теҳрон эса музокаралар бўлганини инкор этиб, улар «бўлмаган ва йўқ» деб таъкидламоқда.

Ҳозирги пайтда Яқин Шарқдаги уруш шароитида Ҳўрмуз бўғози орқали жаҳон нефти ва суюлтирилган табиий газ захираларининг тахминан 20 фоизи ташилиши деярли тўлиқ тўхтаб қолган.

28 февралдан буён АҚШ ва Исроил Эронга ҳаво зарбаларини бермоқда, натижада Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий ҳамда бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ва кучишлатар тузилмалар вакиллари ҳалок бўлган.

Эрон эса жавоб тариқасида Форс кўрфази минтақасидаги қўшни давлатларга ракета ва дронлар ёрдамида ҳужум қилмоқда. Ислом Республикаси баёнотига кўра, бу ҳужумлардан мақсад минтақадаги Америка ҳарбий базаларидир. Эрон зарбалари остида Форс кўрфазидаги бир қатор давлатлардаги нефт омборлари ва нефт танкерлари ҳам қолган. Бундан ташқари, уруш бошланганидан бери Эрон ҳужумларидан Озарбойжон ва айни пайтда Европа Иттифоқига вақтинча раислик қилаётган Кипр ҳам жабр кўрган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид