Иқтисодиёт | 15:02 / 10.11.2021
91468
11 дақиқада ўқилади

«Салласи деса калласи» — республика бўйлаб ҳоким ёрдамчилигига маҳаллабай мажбурлов кетмоқда

Маҳаллаларга ҳоким ёрдамчилари тайинланмоқда, маҳалланинг катта-кичиклигига қараб, 4,5–5,5 млн сўм маош ваъда қилинган. Жойларда бу ишга молия-иқтисодиёт секторида иш тажрибасига эга бўлган касб эгалари, айниқса банкирлар ўтказилмоқда. Мажбуран. Ва бу ҳол эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Фото: Tengrinews.kz

Қуйи тизим раҳбарлари томонидан юқоридан туширилган топшириқни «ур-ҳо ур» усулида кимўзарга бажариш борасида навбатдаги «марафон» старт олди. Салла ўрнига каллани эмас, танани ярим белидан узиб олиб бораётганлар ҳам чиқмоқда.

Ўзимга мурожаат қилган, Самарқанддаги хусусий банклардан бирида ишловчи, 8 млн сўм маош, режани бажарганига қараб яна 4–5 млн сўм мукофот пули олувчи танишим айтди: 12–13 млн сўмлик маошни ташлаб, 4–5 млн сўмлик маошга унинг эътирозларига қарамасдан маҳаллага ҳоким ёрдамчилигига ўтказиш учун суҳбатга чақириб, ариза ёзишга мажбурлашяпти экан.

Мен бу ҳақда Телеграм каналимда эълон қилганимдан сўнг Самарқанд вилояти ҳокими матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев алоқага чиқиб, қуйи бўғиндаги раҳбарлар топшириқни нотўғри тушунишаётгани, ҳеч қандай мажбурлашлар бўлмаётганини айтди. У вилоятда 15 ноябрга қадар танлов эълон қилингани, фақат ўз хоҳиши билан ишловчилар танловда қатнашиши мумкинлигини билдирди.

Ҳокимлик вакилига вазиятни тушунтирдим. «Рўйхат»га тушган бояги ходимнинг исм-фамилияси ва у ишлайдиган банк номини ҳам айтдим. Лекин вазият ўзгармади ва таниш банкир бугун суҳбатга киради. Менимча, уни маҳаллага ўтишга «кўндиришади».

Қандайдир баҳайбат мажбурлов механизми ишга тушгандек гўё...

Президент нима деди-ю, «қўбизлари» нима қиляпти?

Ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича «ҳоким ёрдамчилари» лавозимлари жорий этилиши ҳақида президент Шавкат Мирзиёев ўтган ойда Сурхондарё вилоятида ўтказилган сайловолди учрашувида маълум қилган эди.

«Энди ҳар бир маҳалланинг ўз бюджети бўлади. Шу орқали эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш, жамоат ишларига жалб қилиш, ёшларни касбга ўқитишни ташкил этиш ваколатлари ҳоким ёрдамчиларига берилади.

Ҳоким ёрдамчилари иқтисодиёт ва инвестиция идоралари, ҳокимиятда ишлайдиган билимли ва шижоатли ёшлар орасидан танланади. Лавозимга қўйишдан олдин улар икки ой давомида янги тизим асосида ишлашга ўқитилади. 2–3 йил маҳаллада фидокорона ишлаб, ўзини кўрсатганларни келгусида раҳбарлик лавозимларига тайинлаймиз.

Агар ушбу янги тизим барча шаҳар ва туманларда самарали ташкил этилса, уч йилда вилоятда ишсизлик ва камбағалликни кескин қисқартиришга эришилади», — деган эди давлат раҳбари.

16 октябрь куни Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда эса Мирзиёев ҳоким ёрдамчилари нима иш билан шуғулланишига ойдинлик киритди.

«Ҳар бир маҳаллада жорий этилаётган ҳоким ёрдамчилари лавозимига кўзи ёнадиган, ишбилармон, янгиликларни жорий этишдан қўрқмайдиган, шашти баланд ёшларни танлаб оламиз ва ойлик маошини муносиб қилиб берамиз. Уларда зарур маблағ, ваколат ва механизмлар бўлади.

Биринчи бўлиб, ҳоким ёрдамчилари: маҳаллада уюшмаган ёшлар, ишсизлар, бўлажак тадбиркорлар рўйхати ва эҳтиёжларини аниқлайди; уларни касб-ҳунарга ўқитишни ташкил қилади ва пулини тўлаб беради; ўз ишини бошлаётганларга зарур ускуналар олишга кўмаклашади; банклар билан бирга, оилавий тадбиркорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кредит олиш ва ишга тушириш бўйича ёрдам беради.

Туманни кўрмаган одам қандай қилиб раҳбар бўлади? Одамларни рози қиладиган, ишсизликни камайтирадиган, беморларнинг даволанишига кўмаклашадиган, таълимга эътибор берадиган — энг муҳими, маҳаллада ўзини кўрсатган одамни мен жамоамга оламан. Бўлмаса керак эмас! Қоғозда мақтаб ишга оладиган вақт ўтиб бўлди», — деган эди президент.

Молиячилар сарсон ва норози

Рости, ҳали кўпчилик янги тизим қандай ишлашидан бехабар. Президент ташаббуси билан маҳаллаларда янги вертикал тизим яратилиши кўзда тутилган, кўзи ёнувчи, ишлайман деган шашти баланд ёшлар бу лавозимга танланиши таъкидланган бўлса-да, кўпроқ бола-чақали, ўз ўрнини топган, ҳозир ишлаб турган касбини севадиганлар «иссиқ ўрни»ни ташлашга мажбурланиб, бу ишга ўтказилмоқда.

Яъни қуйи бўғиндаги раҳбарлар ўзларига берилган ваколатни суиистеъмол қилиб, хайрли ташаббусни ёмонотлиқ қилиб кўрсатувчи хатти-ҳаракатларни амалга ошираётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар молия-банк тизими, давлат активларини бошқариш, рақобатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибиятидан ишчи гуруҳ аъзолари тасдиқлаб берилган.

Шунингдек, «Ҳоким ёрдамчиси» томонидан маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари ва аҳолида доимий даромад манбайи яратиш орқали уларнинг яшаш маданиятини ошириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳамда маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинланадиган номзодларга қўйиладиган талаблар ҳам эълон қилинган.

Бироқ ботга жўнатилаётган мурожаатлардан маълум бўлишича, эътирозга сабаб бўлаётган ҳаракатлар фақат Самарқанд вилоятида эмас, бутун республика бўйлаб рўй бермоқда экан.

Қуйида ушбу муаммога дуч келган ва алоқа боти орқали менга мурожаат қилганларнинг эътирозлари билан танишинг. Улардан кўпчилиги келажагидан хавотирда, исм-фамилиясини сир тутишни илтимос қилишган. Лекин уларни ташвишлантираётган ҳолат очиқланишини исташади.

* * *

Банкирнинг турмуш ўртоғи, оиласи сифатида мажбурий бўлаётган бу ҳолатга қаршиман. Бизнинг иш, ўқиш, фарзандларимиз мактаб-боғчаси нима бўлади?! Ҳаммасини ташлаб, туманнинг чекка ҳудудларига кетишни қишнинг совуқ кунида умуман хоҳламаймиз! Қаерга, кимга мурожаат қилиб норозилигимизни билдиришим мумкин?

* * *

Оғриқли масалани кўтарибсиз. Мен Қаршиданман, банк минтақавий филиалида ишлайман. Бизни ҳам кеча вилоят ҳокими суҳбатга чақирди, ҳоким ёрдамчилигига. Суҳбатда мени Қарши шаҳрига қўйинг, десам, шаҳарда жой қолмаган, деб Қаршидан 100 км узоқликдаги борса-келмас жой — Миришкор туманига борасан, деди. Менинг бу ерда оилам, бола-чақам бор. 4–5 млн сўм ойликка қандай яшайман? У туман Туркманистон билан чегарада жойлашган, маҳалла идораси ҳам бўлмаса керак. У ерга ўтсам, шу билан менинг келажагим ўлади.

* * *

Нафақат биз банкирларни, балки солиқ, молия ва бошқа иқтисодий комплекс ходимларини қийнаб келаётган масалани кўтарганингиз учун сизга раҳмат. Туман ҳокимлари уларни мажбурий тартибда ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўтказиш ишларини олиб боришмоқда. Ушбу лавозимга ўтишга норози бўлган ходимлардан мажбурий тартибда аризаларини олиш бошланган. Барча ҳудудлар қатори Хоразм вилояти Гурлан туманида ҳам шундай.

* * *

Ҳоким ёрдамчиси лавозимига мажбуран иқтисодчилар ўтказилаётгани айни ҳақиқат. 70–80 фоиз мутахассисларнинг хоҳиши йўқ, улар мажбуран сургун қилинмоқда. Асосан банк бошқарувчилари, ўринбосарлари ва бўлим бошлиқларини олишмоқда.

* * *

4 йил институтда ўқидим, 8 йил банк тизимида ишладим. Энди эса «керак бўлса столбадан айб топишади» деган гап билан бошланган йиғилишда қатнашдим. Бугун йўқ деб айтдим, улар эса ишдан бўшашимни айтишди. Афсус, бу нарсалар тугамайди, шекилли.

* * *

Шовот туманида ҳам, нафақат туманда, вилоят бўйича янги маҳаллабай ишлаш бўйича ташкил қилинган ҳоким ёрдамчиси лавозимига мажбурлаб ишга ўтказмоқчи бўлишмоқда. Республикадан ишчи комиссия келиб, мажбурлаб номзоди қўйилган иқтисодий комплекс ходимлари билан бирма-бир суҳбатлашди. Ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаш истагим йўқ, деганларни эса юқори турувчи органига айтиб, ишдан олдириш билан таҳдид қилишди. Хуллас, барчани қўрқитиб, уларни эски иш жойидан бўшаб, янги ишга ўтишга мажбурлашмоқда.

* * *

Мен Хоразм вилоятиданман. Бизда ҳам шу аҳвол: бунинг бирор чораси борми? Ҳоким ёрдамчиси қилишмоқчи. Йўқ десак давлатга, президентга хиёнат қиляпсан, деб қўрқитишяпти. Ишлаб турган ишингдан ҳам кетасан ва ҳеч қаерда ишлай олмайсан, деб мажбурлашяпти.

* * *

Хонқа туманида ҳоким ёрдамчиси ишига ходим хоҳишини инобатга олмасдан, ишга чақиришяпти. Инсонда касб танлаш эркинлиги борми ўзи?!

* * *

Шуҳрат ака, бу лавозимга ўтмасликнинг қандай йўли бор? Эзиб юборишди-ку?! Рози бўлмасанг — халқ душманига чиқаришяпти. Нима қиларини билмай қолди одам. Ўзим ишлаб ўтирган жойимда ҳам халққа хизмат қиляпман-ку?! Қанақасига президент сиёсатига қарши борган бўламан?

* * *

Ғаллаоролда битта банкдан 6 кишини олишяпти. Кеча 8 соат йиғилиш бўлди. Жонга тегди. Нима қилиш керак? Ёзиб чиқара оласизларми?

* * *

Бизда ҳам шунақа аҳвол. Ҳоким ёрдамчиси бўлиш муаммоси. Банкда ишлаб турган ўринбосарлар, бўлим бошлиқлари ходимлари 3 кундан буён ҳокимиятда. Ўтмайман деса бошлиқларига босим ўтказиб, ушлаб ўтиришибди. Шу масалани кўпроқ ёритинг, зора мутасаддилар президентимиз топшириқларини пастда нотўғри талқин қилишларини камайтиришга озроқ бўлса-да ҳиссамиз қўшилсин.

* * *

Биздан ҳам 3-4 ходимни мажбуран ҳоким ёрдамчиси қилиб олишяпти. Аввалги иш жойимдан ҳокимиятнинг топшириғи жонга текканидан кетгандим. Энди яхши ишга кирган эдим. Яна бошлади ҳокимият. Бу ишхонадан ҳам мажбуран ариза ёзиб, ишдан олдиртириб, ҳокимиятга топширтиришяпти. Бошлиқ ҳам нима қилар эди?! Ҳокимнинг топшириғига қарши чиқармиди? Бухородан ёзяпман. Ўзим бошқа туманда яшайман. Бошқа туман ҳокими ёрдамчилигига ўтказишяпти.

* * *

Ҳозир кўпчилик ҳоким ёрдамчиси бўлишга унамаяпти экан. Шуларнинг ўрнига бизга ўхшаган вақтинча ишсизларни олса бўлмайдими?!

* * *

Агар шунақа мажбурлайверса, банкдан яна яхши кадрлар ўзини бошқа соҳага уради. Яхши кадрлар яна банкларни тарк этади. Ҳар бир вилоятда бошланган бу ҳолат. Ҳамма вилоятда суҳбат бўляпти. Объективкалар олиняпти. Энди прокуратура аралашяпти, ходим берасан деб. Фақат иқтисодчи бўлиши керак экан.

«Боғланган ит овга ярамас»

Кўриб турибсизки, молия, солиқ идоралари ва банклардаги паст маошли клерк даражасидаги ходимлардан ташқари бўлим бошлиқлари каби вазифани эгаллаб турганлар янги ишга ўтказилмоқда. Кўпчилик норози, аламини ичига ютган.

Лекин жойларда ҳозир маҳаллаларнинг камида 30–40 фоизи ўз шахсий биноси бўлмаган ҳолда, бири мактабда, яна бири кимнингдир уйида «сиғинди» бўлиб фаолият кўрсатмоқда. Биринчи навбатда шу муаммо ҳал қилиниши керак эмасми? Ҳоким ёрдамчилари қаерда ишлайди?

Иккинчидан, халқ сайлаб қўйган маҳалла оқсоқоллари ҳам жиғибийрон бўлишмоқда: «Маҳалладаги муаммони биз бориб ҳокимга айтсак, ҳал қилиш учун қўлидан ҳеч нарса келмайди-ку, энди ўринбосар бориб айтса муаммо ечилиб қолармиди?»

Республика бўйича 9,2 мингга яқин маҳалла бор. У ерга тайинланаётган ҳоким ёрдамчилари кўзланган мақсадга етказадими? Муаммолар аниқланиб ҳал этиладими ёки ҳар доимгидек хаспўшланадими? Муаммоларни ҳал этиш, камбағалликни қисқартириш учун ваъда қилинган маблағлар талон-торож этилмасмикан?..

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

Мавзуга оид