Ўзбекистон | 08:47 / 20.11.2020
14006
5 дақиқада ўқилади

Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади

“Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 598–I-сон қонун билан тасдиқланган Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Хусусан, кодекс 36-1-модда билан тўлдирилади. Унда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг бекор қилиниши тартиби белгиланган.

Қайд этилишича, ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини тугатиш ижара шартномасини бекор қилиш йўли билан амалга оширилади.

Юридик ёки жисмоний шахс томонидан ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқидан ихтиёрий равишда воз кечиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимига берилган аризаси бир ҳафта муддатда ерга оид масалаларни кўриб чиқувчи доимий комиссиясида кўриб чиқилади ва комиссия хулосаси асосида туман (шаҳар) ҳокими ёки халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши томонидан ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бекор қилиниши тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар юридик ва жисмоний шахс ер участкаси билан боғлиқ бўлган мажбуриятларини бажаришга мажбурдир.

Ер участкасини ижарага олиш муддати тугашидан бир ой олдин ижарага берувчи ижарага олинган ер участкасини қайтариб бериш тўғрисида юридик ва жисмоний шахсга огоҳлантириш юборади. Юридик ва жисмоний шахс ижарага олинган ер участкасини қайтариб беришга рози бўлса, унинг розилик хати асосида ижарага берувчи томонидан ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисида тегишлилигига кўра маҳаллий давлат ҳокимият органларининг ёки халқ депутатлари Кенгашларининг қарори қабул қилинади. Ушбу қарор айнан ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг бекор бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Юридик ва жисмоний шахс ижарага олинган ер участкасини қайтариб беришга рози бўлмаса, у ҳолда ижара шартномаси суд орқали бекор қилинади.

Агар ижарачи ер участкаси ижараси шартномасининг муддати тугагандан сўнг ижарага берувчи томонидан эътироз йўқлиги билдирилганда, ижара шартномаси ўша шартларда маълум муддатга қайтадан тузилиши мумкин.

Ер участкасини ижарага олиш шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин қишлоқ хўжалик корхонасига ва фермер хўжалигига ижарага олиш шартномасини танловларсиз янги муддатга узайтирилишига йўл қўйилади.

Ер участкаси ижара ҳуқуқи берилган ҳолатларда, суднинг ҳал қилув қарорига биноан ижара шартномаси бекор қилинади ҳамда туман (шаҳар) ҳокимининг ёки халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг қарорига асосан ер участкаси қайтариб олинади.

Бундан ташқари, кодекс 41-1-модда билан тўлдирилади. Унда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳақида сўз юритилади.

Ер участкасидан фойдаланувчилар, ер участкасининг ижарачилари, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилувчилари ва мулкдорларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан ҳимояланади ва у қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

  • ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келишини, бошқага ўтишини, чекланишини ва бекор бўлишини давлат рўйхатидан ўтказиш;
  • давлат рўйхатидан ўтказилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат томонидан тан олиш;
  • ер участкасининг ҳуқуқлар бузилгунга қадар бўлган ҳолатини тиклаш ва ҳуқуқни бузувчи ёки унинг бузилиш таҳдидини яратувчи ҳаракатларнинг олдини олиш;
  • битимларни, шунингдек, давлат ва бошқа органларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бузилишига олиб келган қарорларини суд томонидан ҳақиқий эмас деб топиш;
  • давлат ва бошқа органлар томонидан амалдаги қонунларга зид бўлган ҳужжат қабул қилиниши натижасида ҳуқуқ эгасига етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини давлат органлари ва бошқа органлар томонидан қоплаш;
  • ер участкасига бўлган ҳуқуқни ҳуқуқ эгасининг ўзи ҳимоя қилиши;
  • ерга оид ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда қонун ҳужжатлари барқарорлигини таъминлаш;
  • давлат ва бошқа органларнинг қонунга зид бўлган ҳужжатлари суд томонидан қўлланилмаслиги.

Юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилаётганда ушбу ер участкасидаги уй-жойни, хўжалик-ёрдамчи иморатларни, иншоотларни ва дов-дарахтларни бузиб ташлашга зарарларнинг ўрни тўлиқ қоплангунича йўл қўйилмайди.

Шунингдек, кодекс 46-1-модда билан тўлдирилади. Унда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг кадастр баҳосини аниқлаш тартиби айтилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг кадастр баҳосини аниқлаш ишлари Кадастр агентлигининг “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти томонидан амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг кадастр баҳоси ер участкасининг табиий жойлашуви, тупроқ-мелиоратив ва иқтисодий шароитлари, ерларнинг сув билан таъминланганлиги, тупроқ бонитет балли, етиштириладиган маҳсулотларнинг бозор нархларидан келиб чиқиб аниқланади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг кадастр баҳосини аниқлаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Мавзуга оид