Лойиҳа ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга ажратиш ва улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан Қонунчилик палатаси, Бош прокуратура, Олий суд, Кадастр агентлиги, Қишлоқ хўжалиги ва Қурилиш вазирликлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.

Ҳужжатда айтилишича, ер муносабатларини тартибга солувчи қоидалар қонуности ҳужжатлари билан тарқоқ ҳолда тартибга солинмоқда. Бу ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилиш ва мураккабликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

“Амалдаги қонунчиликда МЧЖ, АЖ, ХК каби ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ажратишнинг аниқ тартиби мавжуд эмас. Мазкур ҳолатлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ҳамда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик мақсадлари учун ер участкаларини ажратишнинг шаффоф механизмини жорий этиш ҳамда ер қонунчилиги устидан назоратни кучайтиришни, шунингдек ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олишнинг олдини олишни тақозо этмоқда”, дейилади лойиҳада.

Лойиҳа асосий тушунчалар акс эттирилган алоҳида модда билан тўлдирилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимлари (давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини ажратишдан ташқари), туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ер участкаларини ажратиш, бириктириб ёки бошқача йўл билан бериш бўйича қарорлар, фармойишлар ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш каби ваколатлари бекор қилинмоқда.

Ер ажратишдаги ҳуқуқ турлари 6тадан 3тага қисқартирилмоқда. Ерга нисбатан 3 турдаги мулкчилик шакли: мулк, ижара, доимий фойдаланиш ҳуқуқлари сақлаб қолинмоқда. Мерос қилинадиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари бекор қилинмоқда. Юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган доимий эгалик қилиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, шунингдек жисмоний шахсларнинг ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқлари чиқариб ташланмоқда.

Ер участкасини шартнома асосида ижарага бериш учун асос бўлувчи ҳолатлар ва ижарага бериш муддатлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаси ўзбошимчалик билан эгалланган ва унда ноқонуний қурилган иморатлар архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларига мувофиқ келган тақдирда, ушбу ер участкасининг бозор қиймати икки карра оширилган миқдорда тўланган ҳолда, мазкур ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда расмийлаштириб берилиши мумкинлиги тўғрисидаги қоида киритилмоқда.