Ўзбекистон | 22:06 / 07.02.2024
13438
2 дақиқада ўқилади

“3–4 миллиардга бўлиб кетади” — Қаршида ерости ва ерусти пиёдалар йўлаклари қурилади

Қарши шаҳридаги “Янги бозор” олдида ерусти ўтиш йўли, “Ерқўрғон” бозори олдида эса ерости ўтиш йўли қурилади. Вилоят ҳокими Муроджон Азимов бу жойларда пиёдалар йўлни кесиб ўтиши жуда қийинлиги, қурилажак ерости ва ерусти йўллар “3–4 млрд сўмга бўлиб кетиши”ни айтди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Қарши шаҳрида ерости ва усти пиёдалар йўлаклари қурилади. Бу ҳақда 7 феврал куни вилоят ҳокимлигида Қарши шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ва коммунал соҳани ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш бўйича ўтказилган тақдимотда маълум қилинди.

“Ерости ва ерусти бошланиши керак. Ҳақиқатан ҳам, “Ерқўрғон”нинг олдида ҳам, “Янги бозор”нинг олдида ҳам [йўлни пиёда кесиб] ўтиб бўлмайди. Бу ҳам одамларнинг кайфияти билан боғлиқ. Бошлатворишимиз керак. 3–4 миллиардга бўлиб кетади”, – деди вилоят ҳокими Муроджон Азимов.

Тақдимотда айтилишича, “Янги бозор”нинг олдида “Орзу” бозорининг олдидаги каби ерусти ўтиш йўли, “Ерқўрғон” бозорига туташ жойда эса ерости ўтиш йўли, автошоҳбекат ва таксилар учун алоҳида жой қуриш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 29 январ кунги йиғилишда шаҳарсозлик ва йўл ҳаракатига масъул барча бўғиндаги раҳбарлар “Шаҳар – пиёдалар учун” деган шиорни ўзининг асосий тамойили қилиб олиши шартлигини таъкидлаган эди.

Ерости ва ерусти йўллар эса кексалар, юк кўтарган ёки болани “коляска”да олиб юрган пиёдалар, имконияти чекланган шахслар учун ноқулайлик туғдиради.

Видео:

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев

Мавзуга оид