Ўзбекистон | 10:09 / 04.06.2024
7115
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидан Россияга 5 мингдан ортиқ ишчи юборилади

Нижегород вилоятида қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, деҳқончилик соҳасида 5 мингдан ортиқ ишчилар зарур бўлиб, ўртача ойлик иш ҳақи 50-70 минг рублни ташкил этади.

Фото: Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси

Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамда Россиянинг Автоном нотижорат ташкилоти минтақавий кадрлар агентлиги ўртасида меморандум имзоланди.

Лилия Батурская бошчилигида вилоятда меҳмон бўлган Нижний Новгород вилояти делегацияси, аввало, ҳудудлардаги ташқи меҳнат миграцияси соҳасида қилинаётган ишлар билан яқиндан танишди. 

Тошкент вилоятидаги ўқув марказларида меҳнат мигрантларининг Россияда қонуний ишга жойлашиш бўйича ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган профилактик тадбирлар, тил ўргатиш курсларида ўқиш, россиялик иш берувчилар талабига биноан малака ошириш, бир сўз билан айтганда, фуқароларни жўнаб кетишдан олдин кенг қамровли тайёрлаш ишлари хусусида тушунтиришлар берилди.

Нижегород вилояти билан тузилган битимга кўра, келгусида кадрлар алмашинуви, меҳнат миграциясини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича узоқ муддатли манфаатдорлик эканлиги таъкидланди.

Музокаралар чоғида вилоятда қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, деҳқончилик соҳасида 5 мингдан ортиқ ишчилар зарурлиги, ўртача ойлик иш ҳақи 50-70 минг рублни ташкил этилиши ҳам қайд этилди.

Мавзуга оид