Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент вилоятида 13 ёшли қиз орқали дори сотган аёл ва унинг шериклари ушланди
“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири доирасида Тошкент вилоятида 13 ёшли қиздан дори савдосида воситачи сифатида фойдаланиб келган аёл ва уни дорилар билан таъминлаб турган шериклари қўлга олинди. Жами 1 343 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари (қиймати 150 млн сўм) мусодара қилинди.
Фото: ИИВ
Ўзбекистон президентининг гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишга қаратилган қарори ижроси доирасида мамлакат бўйлаб “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи изчил давом этмоқда.
Шу доирада Тошкент вилояти ИИББ ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Фарғонадан пойтахтга катта миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини етказиб, уларни сотиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фош этилди.
Тошкент туманида ўтказилган тезкор тадбир чоғида, 1985 йилда туғилган аёл назоратдаги харидорга келишилган кучли таъсир қилувчи дори воситасини 750 минг сўм эвазига сотиш пайтида қўлга олинди. У дори воситасини етказишда ўзининг 13 ёшли жиянини воситачи сифатида ишлатган.
Унинг яшаш хонадонини кўздан кечириш жараёнида қиймати 20 миллион сўмга тенг 162 дона кучли таъсир қилувчи дорилар топилиб, далилий ашё сифатида расмийлаштирилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар таъкидлашича, аёл шахсий манфаатини кўзлаб, қилмишига вояга етмаган болани жалб қилишдан ҳам қайтмаган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу аёлни дорилар билан таъминлаб келган, Тошкент шаҳрида яшовчи икки нафар шахс ҳам қўлга олинди. Улар назоратдаги харидорга 23 миллион сўм эвазига 278 дона шу турдаги дориларни сотиш пайтида тўхтатиб қолинди. Текширувлар давомида уларнинг автомашинаси ва яшаш ҳудудидан қўшимча 67 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланиб, ҳужжатлаштирилди.
“Жиноят занжири”ни тўлиқ узиш мақсадида тезкор тадбир Фарғона вилоятида ҳам давом эттирилди. Данғара туманида яшовчи 39 ёшли аёл ҳамда Қўқон шаҳрида яшовчи 35–39 ёшли икки нафар эркак 738 дона кучли таъсир қилувчи дориларни 44 миллион сўм эвазига шартли харидорга сотиш пайтида қўлга олинди.
Умуман, мазкур тезкор-қидирув тадбирлари натижасида умумий қиймати 150 миллион сўмдан ортиқ бўлган 1 343 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари муомаладан чиқарилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотича, шу орқали минглаб фуқаронинг ушбу дорилардан зарарланиши ва уларга қарам бўлиб қолишининг олди олинди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Жами 6 нафар шахс гумонланувчи тариқасида жалб этилиб, уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Маълумот учун, гиёҳвандлик моддалари ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари билан қонунга хилоф муомала қилиш 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Мавзуга оид
10:43 / 08.12.2025
Дори сифати назоратида Европа, АҚШ ва Япония фармакопеялари услуби қўлланиши мумкин
22:06 / 07.12.2025
Тошкентда наркокурйерлик билан шуғулланиб келган икки талаба озодликдан маҳрум этилди
21:50 / 06.12.2025
Бухорода дорихона мудирининг уйидан қарийб 335 млн сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилди
21:38 / 06.12.2025