Ўзбекистон | 14:16 / 31.01.2023
50354
2 дақиқада ўқилади

Синоптиклар февралда об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди

Бу йил ўзбекистонликлар маҳаллий иқлим учун ноодатий совуқ январь ойини бошдан кечирди. 2000-йиллар бошидан бери ушбу йил январь ойидан фақат 2008 йил январь ойи совуқроқ бўлган.

Фото: KUN.UZ

Мамлакат айрим ҳудудларида, хусусан, Тошкент шаҳрида энг совуқ кечаларда ҳаво ҳарорати кўрсаткичлари нафақат 2008 йилдагидан паст, балки сўнгги ярим асрдаги энг паст кўрсаткич бўлди.

“Ўзгидромет” маълумотига кўра, Тошкент, Жиззах вилоятлари ва республика жанубидаги айрим станциялар кузатуви натижаларига кўра, жорий йил январь ойида метеорологик кузатувлар барча йиллари учун минимал ҳаво ҳарорати мутлақ рекордлари қайд этилди.

Январь ойи охирги кунларида совуқ аста-секин чекинди. Ушбу тенденция февраль ойи бошида ҳам сақланиб туради. Республика ҳудудига Ўрта Ер денгизи ҳудудларидан нам ва нисбатан илиқ ҳаво кириб келади.

Февраль ойи биринчи ўн кунлигида ҳарорат асосан кечалари 0-5 даража илиқ, баъзи жойларда 2 даража совуққача, кундуз кунлари 3-8 даража илиққача, баъзи жойларда 10-12 даража илиққача, шимолда кечалари 3-8 даража совуқ, кундуз кунлари 2-7 даража илиқ атрофида бўлади.

Ўн кунлик нисбатан ёғингарчиликка бой бўлади. Республика барча ҳудудлари бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда қорга айланади.

Кейинчалик, февраль ойи охиригача ҳарорат кечалари 2-7 даража илиқдан 0-5 даража совуққача, кундуз кунлари 2-7 даража илиқдан 12-17 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда.

Айрим кунларда республика бўйича баъзи жойларда қор ва ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлади.

Мавзуга оид