Ўзбекистон | 13:11 / 11.04.2021
31399
4 дақиқада ўқилади

«Хабар бошқа гуруҳларга тарқатилмасин»: Тошкент вилоятида якшанба куни 200га яқин давлат хизматчилари семинар-тренингга чақирилди

Якшанба кунида Тошкент вилояти Ёшлар марказида йиғилишда ўтирган давлат органи мансабдори дам олиш куни оила даврасида эмас, «семинар-тренинг» номи билан аталувчи мажлисда ўтаётгани, фойдасидан зарари кўпроқ бўлган йиғилишларнинг охири кўринмаётгани»дан шикоят қилди.

Маълум бўлишича, бугун, яъни 2021 йил 11 апрел – якшанба дам олиш кунида Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридаги Ёшлар иттифоқи биносида вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, туман-шаҳарларнинг сектор раҳбарлари ва бошқа давлат ташкилотларининг бир қатор ходимлари иштирокида «куз-қиш мавсумига тайёргарлик масаласида семинар-тренинг» ўтказилмоқда.  

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, вилоятдаги шаҳар ва туман ҳокимликлари ташкилий назорат гуруҳи раҳбарларига 11 апрел куни соат 09:30да вилоят ёшлар марказида куз-қиш мавсумига тайёргарлик масаласида семинар-тренинг ўтказилиши режалаштирилгани, унда шаҳар ва туманлардан 4та сектор раҳбарлари вилоят ёшлар марказига соат 09:30дан кечикмасдан келишини таъминлаш сўралган. Шунингдек, масъулларга ушбу хабарни бошқа гуруҳларга (ҳар хил каналларга) тарқатмаслик ҳақида ҳам эслатилади.

Йиғилишда иштирок этаётганлардан бири шахси сир сақланишини сўраган ҳолда йиғилишда 88та сектор раҳбарлари (22та туман-шаҳардан 4та сектор раҳбарлари), Бош прокуратура, вилоят прокуратураси, вилоят ҳокимлигидан ташқари Марказий сайлов комиссияси аъзолари ҳам иштирок этаётганини маълум қилган.

Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори ва Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова ҳам иштирок этаётгани қўшимча қилинган.

«Эрталабдан чақириб олишган, 200га яқин иштирокчи бор, ўзи шундоғам иш кунларимиз турли мажлисларда ўтади, ҳафтада бир кун оиламиз учун вақт ажратмоқчи эдик, аммо шуни ҳам кўп кўришмоқда. Шунча одамнинг оиласи бу каби мантиқсизликдан норози бўлиб ўтирган бўлса ажаб эмас, бу каби охири кўринмаётган мажлисбозликларнинг иш самарадорлигига зарари тегса тегадики, фойдаси тегмайди», дейди манба.

Соат 9:30да бошланган йиғилиш соат 16:00га қадар давом этиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 27 январ кунги селекторда мажлисбозликлар кўпайиб кетганини қаттиқ танқид қилиб, рухсатсиз мажлис қилган раҳбарлар ишдан кетишини айтганди.

«Кўп амалдорлар мажлисбозликка касал бўлган. Буни даволаймиз. Бугундан бошлаб мажлис қилмоқчи бўлган ҳокимлар администрациядан рухсат олиб, узоғи 40 дақиқалик мажлис ўтказиши мумкин. Рухсатсиз мажлис ўтказган амалдорлар ишдан кетади», деган эди президент.

Бундан ташқари, 10 феврал куни давлат раҳбари яна бир бор ҳар қандай мажлисбозликни йиғиштириш кераклигини айтди.

«Темир интизом керак. Ҳар қандай мажлисбозликни йиғиштириш керак. Йиғилишларни фақат маҳаллаларда ўтказинглар, халқ билсин. Бош вазирга топшириқ – маҳалла раислари ва участка нозирларини ҳокимиятга мажлисга чақириш қатъиян тақиқланади», дея таъкидлаганди президент.

Бундан аввалроқ Kun.uz сайтида Тошкент вилоятида жорий йилнинг 23 феврал куни соат 10:00да бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ва вилоятнинг янги тайинланган ҳокими Даврон Ҳидоятов раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилгани, вилоят масъуллари 2 кун ичида 3 марта мажбурий йиғилишга чақирилгани ҳақида ёзилганди.

Мавзуга оид