Бўкада терговдаги фуқаронинг ўлимига сабабчи бўлган ИИБ ходимлари 6 йилдан 8,5 йилгача қамалди
Тошкент вилояти Бўка туманида терговга жалб қилинган гумондор – 36 ёшли фуқарога қийноқ қўлланиб, унинг ўлимига сабаб бўлган 4 нафар ИИБ ходими турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Уларнинг бири Бўка тумани ИИБ ЖҚБ бошлиғи, икки нафари шу бўлимнинг катта тезкор вакили, яна бири эса профилактика инспектори лавозимида ишлаган. 1 декабр куни чиқарилган суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмаган.
2023 йилнинг 3 июн куни Юқори Чирчиқ туманида яшаган, 1987 йилда туғилган фуқаро бир қатор ўғрилик жиноятларини содир этишда гумонланиб ушланган ва Бўка тумани ИИБдаги “Фуқароларни вақтинча сақлаш хонаси”га жойлаштирилган. Шу куни соат 23:30да гумонланувчининг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли тез-тиббий ёрдам хизмати чақиртирилиб, шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан касалхонада вафот этган.
Аниқланишича, 3 июн куни соат тахминан 22:00 да гумонланувчи Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган. Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизасининг ташхисига кўра фуқаронинг танасида тан жароҳатлари борлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинган.
Мазкур иш ортидан хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган бир қатор ИИБ масъуллари лавозимдан олинган. Бундан ташқари, мазкур салбий ҳолатга алоқадор бўлган тезкор ходимлар ички ишлар органлари тизимидан бўшатилган.
Дастлабки экспертиза хулосалари ИИБ ходимлари марҳумнинг қорин соҳасига ургани ва бўйин қисмидан бўғиб қийнаганини кўрсатган.
Kun.uz’га тақдим қилинган маълумотда келтирилишича, марҳумда кўкрак қафаси чап томонлама 5-қовурғанинг тўш соҳасига бирикиб, ёпиқ синиши, атроф тўқималарига қон қуйилиши, қорин парда ости, ингичка ичак ва ичак тутқичларига кўп миқдорда қон қуйилишлари, бўйиннинг қалқонсимон тоғай ва тил ости суяги соҳалари тўқималарига қон қуйилиши каби жароҳатлар аниқланган.
2023 йил 1 декабр куни жиноят ишлари бўйича Ўртачирчиқ тумани судида ИИБ ходимларига ҳукм ўқилди.
Ҳукмда кўринишича, фуқаронинг ўлимида 4 нафар ходим айбдор деб топилган. Улар – Бўка тумани ИИБ ЖҚБ бошлиғи бўлган 37 ёшли Ж.С., бўлимнинг тезкор вакиллари – 38 ёшли Д.Ж. ҳамда 31 ёшли Ш.Ғ., шунингдек, Бўка тумани ИИБ профилактика инспектори, 31 ёшли С. Т.
Ҳукмда Ж.С., Д.Ж., Ш.Ғ. ва С.Т. судда уларга нисбатан эълон қилинган айбга иқрор бўлмагани, аммо уларнинг мазкур жиноятни содир этганликдаги айблари суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосалари билан ўз тасдиғини топгани ёзилади.
Суд ҳукми билан Ж.С.га 7 йил, Д.Ж. ва Ш.Ғ.га 8 йил 6 ойдан ва С.Т.га 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, судланувчиларнинг барчаси 3 йил муддатга ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан махрум қилинган.
Мавзуга оид
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
17:29 / 21.11.2024
Бўкада 20 ёшли ҳомиладор аёл операция вақтида вафот этди
11:36 / 04.11.2024
Тошкент шаҳар ИИББ ходимларига 8 та BYD ва 15 та Damas берилди
17:40 / 23.09.2024