Жамият | 21:40 / 06.05.2021
4015
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда содир бўлган «авария»да вояга етмаган бола вафот этди

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Катта тезликда ҳаракатланган «Нексия» машинаси йўл четига чиқиб кетиб, ағнаган. Оқибатда унда йўловчи сифатида кетаётган вояга етмаган бола оғир тан жароҳатлари олиб вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун, 6 май куни соат 7:45 ларда М41 Бишкек-Душанбе-Термиз халқаро автомобиль йўлининг Жарқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи 1591-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.

Қумқўрғон тумани Хўжамулки маҳалласида яшовчи 1995 йилда туғилган М.Бегзод «Нексия» машинасида Қумқўрғон-Термиз йўналишида катта тезликда ҳаракатланиб ўзидан олдинда кетаётган машинани қувиб ўтишга уринган. Сўнг, бошқарувни йўқотиб йўлнинг ўнг томонига чиқиб кетган ва ағдарилиб кетган.

Оқибатда ундаги йўловчилар, 1981 йилда туғилган аёл ва унинг 11 ёшли боласи оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан бола вафот этган.

Қайд этилишича, ҳайдовчи машина бошқариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани 6 ой олдин олган. Шу муддат ичида 3 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузиб маъмурий жарима тўлаган. У бузган қоидалардан бири айнан тезликни ошириш бўлган.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид