Ўзбекистон | 12:32 / 06.04.2023
17361
4 дақиқада ўқилади

Вояга етмаган шахсларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга болалар билан ишлаш тақиқланади - Танзила Норбоева

Вояга етмаган шахсларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга болалар билан ишлаш тақиқланади. Ушбу турдаги жиноятларни содир этган шахслар рўйхатини (реестрни) юритиш тартиби белгиланмоқда.

Фото: Senat.uz

Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлиси давом этмоқда. Сенаторлар “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқишди.

Мазкур қонун бугунги кунда хотин-қизлар ҳамда вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган турли хил зўравонлик ҳолатларига нисбатан қатъий жазо чораларини белгилаш билан бир қаторда бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.

Қонун билан “оилавий (маиший) зўравонлик” яъни хотинига ёки эрига, собиқ хотинига ёхуд собиқ эрига, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган зўровонлик учун тегишинча маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланяпти. Шунингдек, эндиликда жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари татбиқ этилмаслиги белгиланиб, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, хотин-қизларга нисбатан шаҳвоний мазмундаги ҳаракатлар содир этганлик, таъқиб этганлик ҳамда ота-она ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланяпти.

Болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик масаласининг бугун қанчалик долзарб эканлигини ортиқча изоҳлаш, асослашга ҳожат йўқ. Олиб борилган кенг кўламли таҳлилнинг айрим маълумотларига эътиборингизни қаратмоқчиман. 2021-2022 йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга аёллар ва қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан 72 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг қарийб 61 мингдан кўпи ёки қарийб 85 фоизи оилада содир этилган.

Бироқ, афсуски, шу кунгача Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик бўйича жавобгарликка тортувчи алоҳида норма бўлмаган. Ёки хотин-қизлар ва болаларга нисбатан ён-атрофимизда рўй бераётган мудҳиш ва жирканч жиноятларни олайлик. 2020 йилда 156 та, 2021 йил 243 та номусга тегиш жинояти содир қилинган. Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг зўрланиши ва ўлдирилиши, Хоразмдаги болалар уйи, Сергели туманида она 3 нафар фарзанди билан бирга юқори қаватдан сакраши...

Хулоса шуки, жамиятимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган ҳамда вояга етмаган фарзандларимизга нисбатан зўравонлик ҳолатларига қарши турадиган янада мустаҳкам ва қатъий қонунларга эҳтиёж бор”, — дея таъкидлаб ўтди Сенат раиси Танзила Норбоева.

Амалдаги қонунчиликка кўра номусга тегиш ҳамда жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш каби жиноятларни квалификация қилишда жабрланувчининг ёши айбдорга аён бўлиши асосий мезонлардан бири бўлган бўлса, эндиликда ушбу қоида бекор қилинмоқда. Яъни айбдорнинг жабрланувчи ёшини билмаслиги уни Жиноят кодекси моддаларининг тегишли қисмларида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилмайди.

Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, шунингдек болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланишини тақиқлаш ҳамда бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхатини юритиш кўзда тутилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Мавзуга оид