Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Импорт автомобилларни Пискентдаги автополигонда синовдан ўтказиш амалиёти бекор қилинди
2025 йил 2 сентябрдан автомобилларни Пискентдаги лабораторияда синовлардан ўтказиш амалиёти тўхтатилди. Бу қарор Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган расмий дилерлар сонининг кўпайгани билан изоҳланяпти.
Фото: Ижтимоий тармоқлар
2025 йил 2 сентябрдан автомобилларни Пискентдаги лабораторияда синовлардан ўтказиш амалиёти тўхтатилади. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги хабар берди.
Бу қарор Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган расмий дилерлар сонининг кўпайгани билан изоҳланди.
«Юртимизда 2024 йилгача фақатгина 3 та дилерлик марказлари фаолият юритган бўлса, улар атига 15 та автомодел учун турини маъқуллаш ҳужжатини олган эди. Ҳозирги кунда эса, 21 та хорижий компанияларнинг расмий дилерлари ўз фаолиятини бошлади ва 100 дан ортиқ автомобиль русумларига турини маъқуллаш ҳужжатлари расмийлаштирилди
Бунинг натижасида, истеъмолчиларга сифати ва хавфсизлиги таъминланган, ҳамда кафолатланган автотранспорт воситаларини етказиб бериш тизими такомиллаштирилди. Натижада истеъмолчиларга расмий дилерлардан турли русумдаги автотранспорт воситаларини харид қилиш имконияти яратилди.
Шу муносабат билан, республикамизда расмий дилерлар ва сервис марказлари сони кескин ошганлиги ҳамда истеъмолчиларнинг расмий дилерлар билан ишлаш амалиёти жорий этилганлигини инобатга олиб, 2025 йил 2 сентябрдан автомобилларни Пискент автополигонида синовдан ўтказиш амалиёти тўхтатилади», дейилади хабарда.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, импорт автомобилларни синовдан ўтказиш буткул тўхтатилади ва уни аввалгидай Божхона ҳудудида қайта тиклаш кўзда тутилмаган.
Маълумот учун, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб импорт қилинган автомобилларни божхона ҳудудида эмас, Пискентдаги полигонда техник синовлардан ўтказиш бошланганди. Шунингдек, якка тартибда ёки хусусий тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган машиналар учун электромагнит мослашувчанлик текшируви ҳам жорий қилинди. Бунинг ортидан автомобилларини полигонга олиб келганлар узун навбатларга рўбарў келди ва норозиликлар бошланганди.
Мавзуга оид
13:47 / 04.12.2025
Россияда янги машиналар сотуви бир йилда 17,8 фоизга тушиб кетди
17:00 / 03.12.2025
Leapmotor, GAC Aion ва АITO энди расман Ўзбекистонда, фақат Evolution Motorsʼда!
19:00 / 02.12.2025
BYD аккумулятор тизимидаги хавфли нуқсон туфайли қарийб 90 минг автомобилни қайтариб олади
12:24 / 29.11.2025