07:21 / 07.05.2021
3177

Фарғонада суд биносидан қочиб кетган 4 нафар судланувчи ушланди

Фарғонада ўғрилик жиноятида айбланаётган тўрт нафар шахс суд биносидан қочиб кетган. Мазкур воқеа жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман судида юз берган.

2021 йил 5 май куни соат 14:00 ларда Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ тумани суди биносига олиб келинган тўрт нафар судланувчилар 1988 йилда туғилган А.П, 1991 йилда туғилган А.Ф, 1992 йилда туғилган Ш.З. ва 1989 йилда туғилган У.Т.лар вақтинчалик ушлаб туриш хонасига олиб кирилган. Судланувчилар суд биносининг орқа томонидаги девордан ошиб, қочиб кетган.

Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида уларнинг барчаси шу куннинг ўзида ушланди. Ҳозирда қўриқлов остидаги сақлаш жойидан қочганлиги учун судланувчиларга Жиноят кодексининг 222-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Аввалроқ, Олтиариқда ЙПХ инспектори ўрнатган йўл белгисини олиб ташлаган бир гуруҳ фуқароларга суд ҳукми ўқилган эди.

Top