«Реал» дербида ютқазди, «Арсенал» «Сити»га яқинлаша олмади. Кун ўйинлари
Европа футболида якшанба оқшомида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Англия: «Арсенал» очко йўқотди, «Челси» чўкишда давом этмоқда
«Арсенал» – «Тоттенҳэм» 2:2
Голлар: 1:0 – 26, автогол Ромеро, 1:1 – 42 Сон Ҳён Мин, 2:1 – 54, пеналти Сака, 2:2 – 55 Сон Ҳён Мин.
Арсенал – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко, Эдегор, Райс (Жоржино, 46), Фабиу Виейра (Ҳавертц, 46), Сака (Смит-Роу, 90), Габриэл Жезус (Нелсон, 77), Нкетиа.
Тоттенҳэм – Викарио, Порро, Ромеро, ван де Вен, Удоджи, Мэддисон (Ҳейберг, 78), Биссума, Кулусевски, Сарр, Сон Ҳён Мин (Ришарлисон, 79), Жонсон (Соломон, 63).
Огоҳлантиришлар: Эдегор (15), Удоджи (15), Сарр (45), Биссума (45), Ҳавертц (57), Нкетиа (67), Ромеро (75).
«Арсенал» ва «Тоттенҳэм» 6-турдаги ўзаро учрашувда бир хил статистика билан кириб келди: тўрттадан ғалаба, биттадан дуранг ва мағлубиятсиз. «Шпорлар»нинг янги бош мураббийи Ангелос Постекўғли қисқа муддатда «Тоттенҳэм»ни замонавий 4-2-3-1 схемасида интенсив ишлайдиган прессинг-машинага айлантиргани ўйиндаги интригани янада кўтариб юборганди.
Шу билан бирга, еврокубокларда қатнашмаётган меҳмонларда қўшимча устунлик бор эди. «Арсенал» эса ҳафта ўртасида Чемпионлар лигасидаги иштирокини бошлаганди. «Канонирлар» ПСВ билан ўйинда 4:0 ҳисобида осон ғалабага эришган бўлса-да, футболчилар майдонда катта куч сарфлашган ва бу ҳафта охиридаги ўйинга таъсир кўрсатмай қолмасди.
Ўйин олдидан фаворит «Арсенал» эди — унинг ғалабаси эҳтимоли 60 фоизга баҳоланаётганди. Меҳмонлар дурангга эришиши ёки ғалаба қозониши имконияти 20 фоиздан баҳоланганди.
Амалда ўйин кутилганиданда шиддатли кечди: 3-дақиқада Сон Ҳён Мин бурчак зарбасидан кейин тўпни дарвозага йўллади, аммо кореялик ҳужумчи зарба беришдан олдин яққол офсайдда қолиб кетганди. 10 дақиқа ўтиб «Тоттенҳэм» ўз фанатларини юрак ҳовучлашга мажбур қилди: аввалига Удоджи сариқ карточка олди, кейинги эпизодда ортга пас беришда хатога йўл қўйди, тўпга эга чиққан Нкетиа пастки бурчакка кучли зарба йўллади, аммо «Тоттенҳэм»ни янги дарвозабони Викарио голдан қутқарди.
Бу эпизоддан кейин меҳмонлар ҳимояга ётишди. Постекўғлининг ўн бир дўсти Райя дарвозаси томон боришни бас қилишди, 26-дақиқада эса Сака жарима майдони чизиғи яқинида тўпни эгаллаб, ўз услубида марказ томон кўчди ва айланма зарбаси билан узоқ «тўққизлик»ни нишонга олди. Букайонинг режасига ҳимоячи Ромеро тўсқинлик қилди, аммо «Арсенал» фанатлари ҳам, вингернинг ўзи ҳам бундан ранжигани йўқ — тўп рикошет орқали барибир дарвоза тўрига бориб тушди.
32-дақиқада эса «Арсенал» ҳисобдаги фарқни оширишга жуда яқин келганди. «Тоттенҳэм» футболчилари тўпни ўз жарима майдонида ўйнашда суст ҳаракат қилди ва ҳимоядан чиқиб кета олмади. Мэддисон ёрдамга келди, аммо уни Габриэл Жезус прессинг қилди: бразилиялик футболчи фол ишлатмасдан тўпни олиб қўйди, аммо жуда қулай позициядан берган зарбаси дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди. Беш дақиқа ўтиб меҳмонлар жавоб зарбасини беришди: жамоа дебютанти ва мавсум бошида «Ноттингҳэм» сафида «Арсенал»га қарши ўйнаб улгурган Жонсон ўн бир метрлик зарба нуқтаси ҳудудидан кутилмаганда дарвоза томон зарба бериб қолди, аммо Райя фантастик сейв билан жамоани қутқарди. Режиссёрлар эса Рамсдэйлнинг реакциясини илғаб қолишди — у ўзини асосий таркибдан чиқариб юборган ҳамкасбини чин дилдан олқишлади.
Аммо Райя рақибнинг кейинги кучли ҳужумига дош бера олмади, аввалига Саррнинг қанотдан узатмаси дарвоза тўсинидан майдонга қайтиб, Жонсонга келиб тушди - Бренан яна қулай позициядан зарба берди, испаниялик кипер яна қутқарди. Аммо меҳмонлар ҳужуми бу билан тўхтаб қолмади ва Мэддисон чап қанотда Сакани ортда қолдириб, Сонни тўп билан таъминлади, ҳужумчи эса рақибнинг уч футболчи орасида туриб аниқ зарба берди.
Иккинчи бўлим Артетанинг иккиталик алмаштириши билан бошланди: у майдондан Райс ва Виейрани олиб, уларнинг ўрнига Ҳавертц ва Жоржиниони туширди. Буни Микелнинг шогирдларининг тўпга эгалик қилиш бўйича кўрсаткичидан (40 фоиз) норозилиги сифатида тушуниш ҳам мумкин эди, аммо кейинроқ маълум бўлишича, Райс кичик жароҳат олган ва ўзини ноқулай ҳис қилган.
«Арсенал» 50-дақиқада пеналти тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Уайтнинг зарбасидан кейин тўп қўлга тегди — кечанинг антиқаҳрамони Ромеронинг қўлига. Видеотакрордан кейин ҳакам 11 метрлик нуқтани кўрсатди ва тўпга яқинлашган Букайо тўпни дарвоза марказига йўллаб, жамоасини яна олдинга олиб чиқди.
Бир дақиқа ўтиб эса бу мавсум ўйин амалиётига эга бўлмаётган Жоржинио прессинг остида хатога йўл қўйди ва рақиб қарши ҳужумга чиқиб кетди. Мэддисон жарима майдонигача борди ва Сонни тўп билан таъминлади — кореялик ҳужумчи яна бир тегинишда тўпни узоқ устун томон аниқ йўллади.
Кейинроқ Сонда яна бир қулай вазият бўлди, аммо Кулушсевскининг узатмасига дарвоза яқинида очилган футболчи аниқ зарба бера олмади. Кейинги дақиқаларда меҳмонлар дурангга розидек ўйнай бошлашди, Сон ва Мэддисон майдондан олинди, Ҳейберг ва Ришарлисон туширилди. Бу вақтда ташаббусга эга бўлган мезбонларнинг зарбаларига эса аниқлик етишмади.
Ҳакам ҳуштаги чалингунича таблода 2:2 ҳисоби сақланиб қолди. Икки жамоа ҳам турнир жадвалида пастлаб, мос равишда 4 ва 5-ўринларга жойлашди. «Тоттенҳэм» тўплар нисбатига кўра бир поғона олдинда. Артета жамоаси турнир жадвали етакчиси «Сити»дан тўрт очко ортда қолиб кетди, энди лондонликлар 8-турда ушбу рақиб билан ўзаро ўйинда янги чемпионлик пойгасини тиклашга ҳаракат қилиб кўради.
«Ливерпул» – «Вест Ҳэм» 3:1
Голлар: 1:0 – 16, пеналти Салоҳ, 1:1 – 42 Боуэн, 2:1 – 60 Нунес, 3:1 – 85 Диогу Жота.
Ливерпул – Алиссон, Гомес, Матип, ван Дейк, Робертсон, Собослаи, Мак Аллистер (Эндо, 88), Жонс (Гравенберҳ, 77), Салоҳ, Диас (Диогу Жота, 81), Нунес (Гакпо, 81).
Вест Ҳэм – Ареоля, Цоуфал, Зума, Агерд, Эмерсон, Уорд-Проуз, Соучек (Форналс, 74), Лукас Пакета (Ингз, 87), Алварес, Боуэн, Антонио (Қуддус, 74).
Огоҳлантиришлар: Алварес (36), Зума (82).
Мавсум стартида «Челси» билан ўйиндаги дурангдан кейин «Ливерпул» барча турнирлар қўшиб ҳисобланганда олти ўйинда ғалаба қозонди ва АПЛдаги мағлубиятсиз сериясини 17 ўйинга (+12=5) етказди. Айтиш мумкинки, қизиллар «Вест Ҳэм»га қарши ўйиннинг иккинчи бўлимида рақиб мудофаасини савия ҳисобига енгиб ўтди. Лондонликлар тўпсиз қолдирилди, Нунес аввалига Салоҳнинг идеал пасини йўққа чиқариб, жарима майдони марказидан хато зарба берган бўлса ҳам, кейинроқ қийинроқ вазиятда чиройли гол урди. Уругвайлик футболчи Мак Аллистер ҳимоячилар ортига ташлаб берган тўпни тўхтатмасдан бутсасининг ташқи қисми билан дарвоза бурчагига жойлаштирди. Диогу Жотанинг голи эса ўйинга нуқта қўйди. Захирадан ўйинга қўшилган португалиялик ҳужумчи доимгидек керакли пайтда керакли жойда пайдо бўлди ва бурчак зарбаси ижро этилган вақтда ван Дейк ташлаб берган тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди. Қайд этиш мумкинки, «болғачилар» устози Дэвид Мойесда гранд жамоаларга қарши комплекс давом этмоқда. У фаолияти давомида «Арсенал», «Челси», «Ливерпул» ва «МЮ» каби клубларга қарши 72 сафар ўйини ўтказиб, бирорта ғалабага эриша олмаган (=21-51).
«Челси» – «Астон Вилла» 0:1
Гол: 0:1 – 73 Уоткинс.
Челси – Санчес, Гюсто, Тиаго Силва, Дисаси, Колуилл, Галлаҳер, Мудрик (Чилуэлл, 61), Фернандес (Палмер, 68), Кайседо (Броя, 79), Стерлинг, Жексон (Угочукву, 68).
Астон Вилла – Мартинес, Кэш, Пау Торрес, Конса, Дин, Макгинн (Рэмзи, 75), Камара (Дендонкер, 90), Дуглас Луис, Дзаниоло (Бэйли, 75), Диаби (Тилеманс, 81), Уоткинс (Дуран, 90).
Огоҳлантиришлар: Дин (44), Жексон (50), Чилуэлл (90), Дуглас Луис (90), Мартинес (90).
Четлатиш: Гюсто (58).
«Челси»нинг қулаши давом этади. Бу ёш ва истеъдодли футболчилардан иборат жамоа, аммо уларда «Астон Вилла»нинг ҳозирги таркибидаги тажриба етишмади. Қолаверса, 58-дақиқада Гюсто қизил карточка олгач, вазифа янада қийинлашди. Маурисио Почеттинода захирадан Угочукву, Броя ва Палмер каби номларни туширгани ҳам кўп нарсани кўрсатиб турибди. Унаи Эмери эса Тилеманс ва Бэйли каби футболчиларни жокерлик вазифаси учун асраб қўйганди, шунингдек, мавсумни жуда ёрқин бошлаган колумбиялик истеъдодли футболчи Дуранга дам берганди. Қолаверса, ҳужумда Уоткинс танлови бор. Ўтган чемпионатнинг энг яхши тўпурарларидан бири бу мавсумда фақат Конференциялар лигасида гол урганди, аммо «Стэмфорд Бриж»да у АПЛ ўйинларида бир ойга чўзилган голсиз сериясига барҳам берди. Бу ғалабадан кейин «Вилла» турнир жадвали етакчилари сафига қўшилди, сўнгги уч ўйинда гол урмаган «Челси» эса турнир жадвалининг қуйи қисмига яқин жойлашган.
«Шеффилд Юнайтед» – «Нюкасл» 0:8
Голлар: 0:1 – 21 Лонгстафф, 0:2 – 31 Берн, 0:3 – 35 Ботман, 0:4 – 56 Уилсон, 0:5 – 61 Гордон, 0:6 – 68 Алмирон, 0:7 – 73 Бруно Гимараэс, 0:8 – 87 Исак.
Шеффилд Юнайтед – Фодерингҳэм, Богл (Траоре, 46), Робинсон, Иган, Аҳмедҳожич, Томас, Норвуд (Дэвис, 62), Ҳамер (Слиман, 66), Винисиус, Макати (Башем, 75), Арчер.
Нюкасл – Поуп, Триппиер (Ливраменто, 70), Шер, Ботман, Берн, Андерсон, Бруно Гимараэс (Ҳолл, 81), Лонгстафф, Алмирон (Тонали, 70), Барнс (Гордон, 12), Уилсон (Исак, 70).
Огоҳлантиришлар: Аҳмедхожич (28), Робинсон (34), Слиман (75), Иган (90).
Сўнгги вақтларда «Нюкасл»га икки фронтда кураш олиб бориш учун куч етмаётгани ҳақида кўп гапирилмоқда. Аммо Эдди Ҳау уч мағлубиятдан иборат сериядан кейин уч ўйинда гол ўтказмади, Шеффилддаги ўйинда эса «қарғалар» исталганча гол уришди. Меҳмонлар ўйин давомида уч бор АПЛ рекордини янгилашди, чунки бунгача бир ўйинда бир жамоанинг беш нафардан ортиқ футболчиси гол урмаганди. Бу ўйинда эса саккиз гол саккиз футболчи номига ёзилди! Бундай ўйинда фақат ассистентлик ҳет-триги амалга оширган Триппиерни яққол ажратиб кўрсатиш мумкин, унинг жарима майдонига узатган учта узатмаси «иккинчи қават»дан берилган зарбалар орқали голга айланди. «Қарғалар»нинг бир ўйинда урган голлари сони «МЮ» (7) ва «Челси» (5) жамоалари мавсум бошидан буён урган голлар сонидан кўпроқ бўлди.
Бегонанинг спектаклида декорация вазифасини ўтаган «Шеффилд» эса ўз тарихида илк бор — чемпионатдаги 4998 ўйиндан кейин — саккиз тўп фарқи билан ютқазди. Жамоанинг якшанба кунги мағлубияти — 1933 йил ноябридан буён кузатилган энг ёмон натижаси бўлди, ўшанда «Мидлсбро»дан 3:10 ҳисобида мағлуб бўлинганди.
Испания: «Реал»нинг илк мағлубияти
«Атлетико» – «Реал» 3:1
Голлар: 1:0 – 4 Мората, 2:0 – 18 Гризманн, 2:1 – 35 Кроос, 3:1 – 46 Мората.
Атлетико – Облак, Молина (Аспиликуэта, 65), Савич, Ҳименес (Корреа, 86), Эрмосо, Коке (Витцел, 46), Саул, Лиоренте, Лино (Галан, 87), Гризманн, Мората (Депай, 82).
Реал – Аррисабалага, Алаба, Рюдигер, Фран Гарсия (Менди, 57), Валверде, Кроос (Браим Диас, 70), Модрич (Ҳоселу, 46), Камавинга (Тчуамени, 57), Васкес (Начо, 57), Беллингҳем, Родриго.
Огоҳлантиришлар: Модрич (45), Хименес (45), Менди (67), Беллингҳем (90).
Дам олиш кунларидаги асосий ўйин «Атлетико» сценарийси бўйича бошланди. «Матрасчилар» дастлабки йигирма дақиқаликда иккита бир-бирига ўхшаш голларни уришди. Икки голли ҳужумда ҳам чап қанотдан узатма берилди, Мората ва Гризманн бош билан идеал зарбалар беришди. «Реал» ҳимояланишда хатоларга йўл қўйишда давом этди ва Кепа жарима майдони марказидан йўлланган мураккаб зарбани қайтариб, учинчи голдан қутқариб қолди. Аммо «Қироллик клуби» барибир ирода кўрсатди. Кроос бир ҳаракат билан рақибни йўлдан олиш билан бирга тўпни ўнг оёғига тўғрилаб олди ва Облак қўриқлаётган дарвозанинг ўнг бурчагига қайтариб бўлмас зарба йўллади.
Бу Чемпионлар лигасида «Лацио»га қарши ўйинни эслата бошлади, ўшанда Диего Симеоне жамоаси тўлиқ устунлик қилган, лекин якунда ўз жарима майдони ичига қамалиб олиб, дарвозабон Проведелдан гол ўтказиб юборганди. Фақат бир марта панд еган жамоа тажриба эвазига бўлим охирига чидаб берди. Бунда жамоага омад ҳам кулиб боқди, «Реал»нинг иккинчи голи ҳужум бошланишида офсайд қайд этилгани туфайли бекор қилинди. Иккинчи бўлим бошида эса Модрич ўрнига форвард Ҳоселу туширилганидан кейинги бўшлиқ ҳали ёпилмаган маҳалда, Мората дублни расмийлаштирди.
Орадаги фарқ яна икки голга етгачгина Карло Анчелотти жамоасидаги энг бўш чизиқни қаерлигини тушунди. Бир қанотдан уч голли узатма — бу ўта ёмон. Бир вақтнинг ўзида икки қанот ҳимоячилари алмаштирилиши — ўзига хос ноёб ҳодиса бўлди. Аммо энди бу ҳеч нарсани ўзгартира олмасди. «Реал» мавсумдаги илк мағлубиятини тан олди, ўйин охирида Беллингҳем майдон марказида кераксиз вазиятда фол ишлатиб, сариқ карточка олиши ҳам жамоанинг шу кечадаги иложсиз вазиятини яққол кўрсатиб турарди.
«Атлетико» дербида 2022 йил майидан буён илк бор ғалаба қозонди. Симеоне «Реал» билан сўнгги 13 ўйиндан фақат иккитасида устун кела олган, етти ўйинда ютқазган. Ўйинда дубл қайд этган Алваро Мората Ла Лигадаги голлари сонини бештага етказиб олди ва тўпурарлар пойгасида Беллингҳем ва Левандовскига етиб олди. «Реал» турнир жадвалида учинчи ўринга тушиб кетди, олдинда бу турда «Селта» билан ўйинда мўъжиза туфайли мағлубиятни ғалабага айлантирган «Барса» ва бу мавсум бошидан буён мўъжиза кўрсатаётган «Жирона» жойлашган.
«Реал» кейинги турда «Лас-Палмас»ни қабул қилади, кейин эса айнан «Жирона»га меҳмонга боради. «Атлетико» бешинчи ўринга кўтарилди ва энди турнир жадвали етакчилари қаторида мустаҳкам ўрнашиб олиши мумкин, чунки кейинги турларда «Осасуна» ва «Кадис» каби осон рақиблар кутмоқда.
Италия: намунали «Интер» ва «Наполи»нинг нурсиз ўйини
«Эмполи» — «Интер» - 0:1
Гол: 0:1 – 51 Димарко.
Эмполи – Бериша, Эбуехи, Луперто, Исмайли (Валюкевич, 51), Песселла, Марин (Фассини, 69), Мале, Раноккия (Грасси, 69), Балданси, Камбяги (Дестро, 79), Шпенди (Канчелери, 79).
Интер – Зоммер, Дармиан, Ачерби, Павар, Бастони (де Врей, 72), Димарко (Карлос Аугусто, 82), Мхитарян, Чалхонўғли, Фраттези (Барелла, 71), Тюрам (Санчес, 81), Мартинес (Арнаутович, 72).
Огоҳлантиришлар: Ачерби (26), Пеццелла (33), Мале (62), Бастони (65).
«Эмполи» Римдаги 0:7 ҳисобидан кейин «Интер» билан ўйинда ҳимояда яхши ўйнашга ҳаракат қилди. Лекин биринчи бўлимдан кейин таблода ноллар қолиши — фақатгина мезбонларнинг хизмати эмас, бунда миланликларнинг ҳам айби бор. Аммо танаффусда Симоне Индзаги бутун жамоани силкитди ва жамоа иккинчи бўлимда тезликни оширди. Бир хавфли зарба бурчак зарбаси белгиланишига олиб келди, бурчакдан узатилган тўп ҳимоячилар томонидан қайтарилганида Димарко уни катта куч билан дарвоза «тўққизлиги»га йўллади. «Интер» ғалабали сериясини давом эттириши осон кечмади: Зоммер Раноккиянинг жаримадан йўллаган кучли зарбасини қайтаришига тўғри келди.
«Болоня» – «Наполи» 0:0
Болоня – Скорупски, Пош (Де Сильвестри, 10), Лукуми (Калафиори, 66), Бекема, Кристиансен, Фройлер (Ал-Аззузий, 82), Эбишер, Фергюсон, Карлссон (Орсолини, 82), Ндойе (Салемакерс, 65), Зиркзее.
Наполи – Мерет, Ди Лоренцо, Эстигор, Натан, Оливера (Мариу Руй, 46), Лоботка (Каюсте, 86), Зелински, Замбо-Ангисса, Кварацхелия (Элмаз, 76), Распадори (Политано, 67), Осимхен (Симеоне, 86).
Огоҳлантиришлар: Оливера (6), Эбишер (30), Лоботка (49), Кварацхелия (53), Ндойе (55), Скорупски (72), Фройлер (81), Политано (81), Мариу Руй (90).
«Наполи» Лучано Спаллетти кетганидан кейин ўзига ўхшамаяпти. Ташқаридан қараганда, барчаси тўғри қилинаётгандек - жамоа ўз ўйинларида тўлиқ устунлик қилмоқда, аммо натижа йўқ. Болоняда ҳам меҳмонлар ўйинни жуда тетик бошланганди, ҳужумлардан бири Осимҳеннинг кучли зарбаси билан якунланганида мезбонларни дарвоза устуни голдан қутқарди. Бундай вазиятлардан кейин рақиб эртами кечми барибир таслим бўлиши одатий ҳол. Иккинчи бўлимда Кварацхелиянинг қанотдан узатмасидан кейин тўп рақиб футболчиси қўлига тегди ва пеналти белгиланди. Аммо Осимҳен тўпни хато йўллади, қолган вақт давомида ҳам чемпионлар ўз мақсадига эриша олмади. Кўтаринки руҳият ва рақибни эзиб ташлаш ўтган мавсумда қолиб кетган, беш турдан кейин саккиз очко тўпланиши эса — «Наполи»нинг сўнгги саккиз йилдаги энг ёмон старти бўлди.
Германия: Бонифасе Ҳоланд ритмида
«Байер» – «Ҳайденҳайм» 4:1 (1:0, 3:1)
Голлар: 1:0 – 9 Бонифасе, 1:1 – 58 Динкчи, 2:1 – 63 Ҳофманн, 3:1 – 74, пеналти Бонифасе, 4:1 – 82 Адли.
Байер – Градецки, Фримпонг (Телла, 79), Та, Тапсоба, Коссуну, Грималдо (Инкапиэ, 85), Чака, Ҳофманн, Паласиос (Андрих, 71), Виртц (Адли, 71), Бонифасе (Гложек, 85).
Ҳайденҳайм – Мюллер, Траоре, Майнка, Зирслебен, Ференбаҳ, Тойеркауф (Пик, 70), Мэлоуни, Бесте (Томалла, 82), Доведан (Бек, 63), Кляйндинст (Пирингер, 82), Динкчи (Зесса, 82).
Огоҳлантиришлар: Паласиос (31), Тойеркауф (37).
Мавсумни ажойиб бошлаган «Байер» ўз ўйинини ўтказганидан кейин кутилганидек «Бавария»га етиб олди ва фақат тўплар нисбатига кўра иккинчи ўринда бормоқда. Леверкузенликларнинг Хаби Алонсо бошқарувидаги ўйини ўтган мавсумдаёқ кашфиёт бўлганди. Клуб ўтган вақт ичида таркибини янада кучайтирди ва бу мавсум гегемон билан чемпионлик учун курашмоқчи. Жамоага янги келганлардан айниқса нигериялик Бонифас порламоқда. У «Буде-Глимт»да ўйнаганида ҳам, Белгиянинг «Юнион» клубида эканида ҳам жамоасининг асосий футболчиларидан эди, фақат бундеслига — бутунлай бошқа даража.
Ушбу форвард Германияда Ҳоланд графиги бўйича кетмоқда, у янги чемпионатдаги беш ўйинида уч марта иккитадан гол урди, яна икки пасга муаллиф бўлган, шунингдек, Европа Лигасида ҳам бир гол урган. Якшанба кунги ўйинда Бонифасдан ташқари Паласиос ҳам диспетчерлик маҳорати билан ажралиб турди. Аргентиналик футболчининг майдон марказидан ғалаба голи муаллифи Ҳофманнга узатган пасини мутахассислар эътироф этишмоқда.
Франция: «Марсел» имконсиз қолдирилди
«ПСЖ» – «Марсел» 4:0
Голлар: 1:0 – 8 Ҳакими, 2:0 – 37 Коло-Муани, 3:0 – 47 Гонсалу Рамуш, 4:0 – 89 Гонсалу Рамуш.
ПСЖ – Доннарумма, Ҳакими (Мукиеле, 83), Маркинос, Шкриньяр, Эрнандес (Данилу Перейра, 69), Угарте, Заир-Эмери, Дембеле (Фабиан Руис, 69), Мбаппе (Гонсалу Рамуш, 32), Коло-Муани, Барколя (Солер, 83).
Марсел – Лопес, Клосс (Надир, 84), Мбемба, Жиго, Балерди (Меите, 83), Лоди, Верету, Ронже, Унаи (Ҳарит, 46), Обамеянг (Корреа, 75), Витиня (Ндиай, 46).
Огоҳлантиришлар: Жиго (73), Верету (82), Лоди (85).
Ўтган турда «ПСЖ» уйида «Ницца»дан учта гол ўтказиб ютқазганида Луис Энрике бунга босиқлик билан қаради. У ўшанда бундан фожиа ясамаслик кераклигини айтганди ва воқеаларнинг кейинги ривожи у ҳақ бўлганини кўрсатди. Аввалига Чемпионлар лигасида «Боруссия» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонилди. Энди — Франция класикосида «Марсел» йирик ҳисобда тор-мор этилди.
Айтиш мумкинки, шу кеча рақибнинг ҳам омади келмади. Ҳисоб 1:0 эканида Витинянинг бош билан берган зарбаси Доннарумма қўриқлаётган дарвоза тўсинига тегди, биринчи гол муаллифи Ҳакимининг узоқ масофадан йўллаган зарбаси аввал устунга, кейин дарвозабоннинг елкасига тегиб, майдонда қолганида эса унга биринчи бўлиб Коло Муани етиб келди. Трибуналарда жамоа раҳбариятидан норози марселлик фанатларнинг қўшиғи бошланиб кетди.
Европа Лигасида инқироз ҳолатидаги «Аякс» билан сафар ўйинидаги 3:3 ҳисоби — алдамчи тасаввур уйғотиши мумкин. Амстердамда ҳам жамоа яхши ўйин кўрсата олмаганди. «ПСЖ»нинг кенг захира ўриндиғи эса барчасини ҳал қилди. 32-дақиқада жароҳат олиб майдонни тарк этган Мбаппе ўрнига тушган Гонсалу Рамуш иккита гол урди.
Нидерландия: «Аякс»нинг хўрланиши
«Аякс» – «Фейеноорд» 0:3 (0:3, 0:0)
Голлар: 0:1 – 9 Хименес, 0:2 – 18 Хименес, 0:3 – 37 Игор Пайшао.
Аякс – Гортер, Гоэи (Ренсҳ, 32), Шутало, Хато, Соса (Салоҳиддин, 46), ван ден Бомен, Тайлор, Вос, Бергейс, Боржеш, Бробби.
Фейеноорд – Велленройтер, Гертрюйда, Траунер, Ганцко, Хартман, Тимбер, Виффер, Стенгс, Игор Пайшао, Минте, Хименес.
Огоҳлантиришлар: Тайлор (41), Велленройтер (42), Хименес (45).
Турнинг «Аякс» ва «Фейеноорд» ўртасидаги марказий учрашуви охиригача етказилмади. Баҳорда роттердамликлар клуби фанатлари Классеннинг бошига буюм улоқтириб, кубок финали охиригача етмай қолишига сабабчи бўлиши мумкин эди. Бу сафар қизил-оқлар жамоаси мухлислари тартибсизлик келтириб чиқарди. Майдондаги файер-шоудан кейин арбитр 55-дақиқада жамоаларни кийим алмаштириш хонасига олиб кетди. Фанатлар эса ишини давом эттирди ва Йоҳан Кройф номидаги аренанинг ички объектларини ҳам қисман вайрон қилишди.
Бунга сабаб — жамоанинг ўта ёмон натижалари, амстердамликлар мавсум бошидан буён фақат бир учрашувда ғалаба қозонган ва ҳозирда 13-ўринни эгаллаб турибди. «Аякс»нинг ҳозирги таркиби шу қадар кучсизки, «Фейеноорд» танаффусга қадар учта жавобсиз гол урди. Аммо шу ёзнинг ўзида Классен, Тадич, Тимбер, Алварес, Қуддус, Басси, Санчес ва Вейндал каби юлдузларини қўйиб юборган ва фақат тажрибасиз ёш футболчилар билан қолган жамоадан яна нима кутиш мумкин? Мухлисларнинг қатъий норозилигидан кейин илк реакция қилинди — клуб спорт директори Свен Мислинтантни ишдан бўшатди, у бу лавозимга ёзда келганди. Афтидан, айбдорларни қидириш бу билан тугаб қолмайди.
Кун статистикаси
- «Аякс» 46 йилдан буён ўз майдонида танаффусга қадар уч тўп фарқи билан ютқазмаганди, аммо якшанба кунги «Фейеноорд»га қарши ўйинда амстердамликлар жуда ёмон аҳволга тушиб қолишди.
- «Аталанта» яримҳимоячиси Пашалич топ-5 лигаларда урган голлари сонини 50 тага етказди. У бергамоликлар сафида сўнгги олти мавсумда узлуксиз гол уриб келмоқда.
- Сон Ҳён Мин «Тоттенҳэм» учун урган голлари сонини 150 тага етказди.
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
15:52 / 10.11.2024
«Арсенал»да ҳам инқироз. Бунинг сабаблари нимада?
11:13 / 10.11.2024
«Сити» инқирозда, «Ливерпул» олдинлаб кетди. Кун ўйинлари
10:01 / 10.11.2024