Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Спортга ҳомийлик қилган тадбиркорлар имтиёз олади
Спорт федерациялари ва футбол клубларига ҳомийлик қилган тадбиркорлар фойда солиғидан имтиёз ва МТРК телеканалларида ярим нархига реклама жойлаштириш ҳуқуқини олади. У ёки бу федерация ёхуд футбол клубининг 20 фоиз бюджетини зиммасига олган ҳомийлар федерация ёки клуб раҳбарига айланиши мумкин. Клублар, шунингдек, ишончли бошқарувга ҳам берилади. Ишончли бошқарувчилар клубни имтиёзли кредит ҳисобидан хусусийлаштириб олиши мумкин.
Фото: Kun.uz
Ўзбекистон президенти 24 март куни спорт соҳасига хусусий сектор маблағларини жалб этиш юзасидан қарор имзолади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб, спорт федерациясига йиллик харажатларининг камида 20 фоизини ҳомий сифатида тўлаб берган тадбиркор федерация раислигига сайланиши мумкин бўлади.
Шу санадан эътиборан, футбол клубининг йиллик харажатларининг камида 20 фоизини ҳомий сифатида тўлаб берган тадбиркор клубни ишончли бошқарувга олиши мумкин бўлади.
Бунда, айрим клублар (қайсилари эканини ЎФА белгилайди) танлов асосида ишончли бошқарувга берилади: танловда энг кўп ҳомийлик маблағини таклиф қилган тадбиркор ёки тадбиркорлар гуруҳи ғолиб деб топилади.
Клубга ўтган йилларда ҳомийлик қилиб келган тадбиркорларга танловда устуворлик берилади. Ишончли бошқарувга берилган клубларда Кузатув кенгаши ва тафтиш комиссияси ташкил этилади, тадбиркор Кузатув кенгашига раислик қилиши мумкин.
Клубни ишончли бошқарувга олган тадбиркорлар уни хусусийлаштириб олмоқчи бўлса, 1 йиллик имтиёзли давр билан 5 йиллик муддатга 14 фоиз ставкада кредит олиши мумкин. Бунда у ликвидли гаров таъминоти ва бизнес режасини тақдим этиши керак. Клубнинг ўз балансидаги активлар гаровга ўтмайди.
Олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спорт федерациялари (уюшмалари) ҳамда футбол клубларига ҳомийлик қилган тадбиркорлик субъектлари фойда солиғидан имтиёз олади. Бунда, хайрия суммаси солиқ солинадиган фойда миқдоридан чегириб ташланади, лекин чегириладиган сумма – солиқ солинадиган фойданинг 10 фоизидан ошмаслиги керак.
Футбол клубларини бошқарувга олган ва спорт федерациясига ҳомийлик қилган тадбиркорлар МТРК тизимидаги телеканаллардаги спорт эфирлари вақтида 50 фоиз чегирма билан реклама жойлаштириш ҳуқуқини олади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги 2026 йил якунига қадар аудит ва консалтинг ташкилотларини жалб этган ҳолда футбол клубларининг бозор нархини баҳолаш ва улардаги давлат улушини хусусийлаштириш чораларини кўриш топшириғини олди.
Мавзуга оид
22:51 / 04.04.2026
Суперлига. “Нефтчи” яна йирик ғалабага эришди, “Бухоро” мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди
16:56 / 03.04.2026
Эрон футболида нима гап?
10:00 / 29.03.2026
Лихачёв айтган триллионлар ва бюджет гарданидаги футбол — ҳафта дайжести
15:12 / 28.03.2026