Ўзбекистон | 11:20 / 16.10.2018
117478
6 дақиқада ўқилади

Ҳоким ўринбосари автоҳалокатга учраган, қариндошлари ЙПХни айбламоқда. Бу фожиа ортидан вилоят ҳокими махсус қарор чиқарган

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг жорий йил 22 сентябрда имзоланган қарорига кўра, эндиликда вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари мансабдор шахсларининг ҳокимлик балансида бўлган давлат хизмат автомашиналарини бошқариши тақиқланиши ҳақида хабар берилган эди.

Интернет тармоғида Самарқанд вилояти раҳбарининг ушбу қарори бирмунча мунозараларни келтириб чиқарган, турли тахминлар юзага келишига сабаб бўлган эди.

Хабарда ҳокимликлар хизмат автомашиналарини ҳайдовчи ўрнига мансабдор шахсларнинг бошқариши оқибатида турли хил йўл-транспорт ҳодисалари содир этилгани, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари шундай қарор қабул қилинишига сабаб бўлгани қайд этилганди.

Хабарда бундан буён ҳокимлик хизмат автотранспорт воситаларини фақат бириктирилган ҳайдовчилар бошқариши таъкидланганди.

Самарқанд вилоят ҳокимининг бундай қарорга келишига қайси воқеа сабаб бўлганлиги маълум бўлди.

«Kun.uz» суриштируви натижасида Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари (1982 йилда туғилган) Нодир Хушвақтов 2018 йил 29 август куни тунги соат 23:30 атрофида ўзига бириктирилган, давлат рақами 30 425 SAA бўлган «Chevrolet Nexia» русумли автомашинада автоҳалокатга учраб, шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Марҳумнинг отаси, кекса педагог Ҳамидулла Хушвақтовнинг мухбирга маълум қилишича, жорий йил бошида ўғли Нодир Хушвақтов спиртли ичимлик ичиб машина бошқаргани учун ҳайдовчилик гувоҳномасидан 1 йилга маҳрум этилган бўлган. 2018 йилнинг 24 августида Каттақўрғон шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланган ва унга хизмат машинаси ажратилган.

Отасининг сўзлаб беришича, ўша машъум кунда тунда уни зудлик билан ишхонасига чақириб қолишади. У ўзи истиқомат қилувчи Алижон қишлоғидан Каттақўрғон шаҳрига тезроқ етиб олиш мақсадида тескари йўналишда ҳаракатланади ва ЙПХ автомашинасига дуч келиб, ўзи истиқомат қиладиган қишлоқ йўли бўйлаб қочади ҳамда қарийб 5 км йўл босгач, машинани бошқара олмасдан, автоҳалокатга учрайди. Ҳ.Хушвақтовнинг айтишича, ЙПХ ходимлари ўғлини қувмаганида ўғли машинани бошқариб, 5 км ичкари йўл бўйлаб ҳайдамаган бўларди. Ота, ўғлини ЙПХ ходимлари таъқиб этаётганини кўрган гувоҳлар борлигини иддао қилади.

Отаси Ҳамидулла Хушвақтовнинг даъво қилишича, ЙПХ ходимлари (Адҳам Зайниддинов ва Фаррух Ёрқулов) ўз 30 788 VSF автомашинасида уни қувишган. Нодир Хушвақтов автоҳалокатга учраганини кўргач, ЙПХ ходимлари рация орқали «тез ёрдам» ҳам чақирмасдан, воқеа жойини тарк этишган. Кейинроқ улар яна ўша жойга келишган.

Ҳамидулла Хушвақтов ноқонуний таъқиб этган (бунга етарли гувоҳлари борлиги ва барча далиллар Каттақўрғон шаҳар прокуратурасига тақдим этилганини таъкидламоқда)  ЙПХ ходимларини уч фарзанди етим қолган ўғлининг ўлимида сабабчи сифатида айбламоқда ва улар ҳамон ўз ишида ишлаб юрганидан норози бўлиб, ЙПХ ходимларига адолатли ва қонуний жазо тайинланишини истаб, тегишли идораларга мурожаат қилиб келмоқда.

«Kun.uz» мазкур масала бўйича Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидаги мутасадди ходимлар билан суҳбатда бўлди.

Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ мазкур масала юзасидан хизмат текшируви ўтказилганини айтиб ўтишди. Унга кўра, ЙПХ инспекторлари (Зайниддинов ва Ёрқулов) ўша куни Алижон қишлоғида мазкур мудҳиш воқеа юз беришидан аввалроқ шу жойда маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган бошқа ҳайдовчини экспертизадан ўтказиб, транспорт воситасини жарима майдончасига қўйиб, йўлларни кузатув экипажи сифатида, хизмат автомобилининг ёниб-ўчувчи чироқларни ёққан ҳолда М37 йўли бўйлаб қайтишаётган бўлган.

Нодир Хушвақтов ўртаси бордюр билан ажратилган йўлнинг қарама-қарши томонидан ҳаракатлана туриб, уларга кўзи тушган ва ўз бошқарувидаги автомобилини қишлоқ ичига ҳайдаган.

Бироқ ўтказилган суриштирувлар, гувоҳлар кўрсатмаси асосида ЙПХ ходимлари Нодир Хушвақтов бошқарувидаги автомашинани қувишмагани аниқланган. Йўл-транспорт ҳодисаси юз бергани ҳақидаги хабарни ҳам уларга М37 йўлида етказишган ва улар кейин воқеа юз берган жойга етиб боришган.

Айтиб ўтиш керакки, ЙПХ ходимлари воқеа жойига боришганида «тез ёрдам» машинаси улардан аввалроқ етиб келган бўлган. Хушвақтовнинг қариндошлари ЙПХ ходимларига ташланишган, уларга тан жароҳати етказишган.

Воқеа юз берган вақтда Нодир Хушвақтов алкоголли ичимлик таъсирида бўлганми-йўқми, бунисига ЙҲХБда аниқлик киритишнинг имкони бўлмади — экспертиза хулосаси йўқ.

«Kun.uz»га маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддасига кўра жиноят иши очилган. Жумладан, мазкур иш доирасида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга давлат хизмат автомашинасини бириктирган Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигининг масъул раҳбарларига нисбатан ҳам тегишли жазо белгиланиши мумкин.

Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ мутасаддилари ҳам вилоят ҳокими фармойишига кўра, ҳокимлик давлат автомашиналари ҳайдовчисиз бошқарилаётган ҳолат аниқланганида уларга нисбатан чораларни кучайтириш ҳақида кўрсатма олганини таъкидлаб ўтишди.

Мавзуга оид