Самарқандда кўплаб инсонлар хорижга ишга юборишни ваъда қилган икки фирма – “HUMO GROUP CORPARATION” ва “HUMO GROUP CENTRAL” офислари олдида сарсон бўлмоқда. Уларнинг айтишича, шартномада кўрсатилган олти ойлик муддат тугаганига қарамай, фирма ҳали ҳам “кутинг” деган жавоб билан вақтни чўзмоқда. Қизиғи шундаки: ташқарида одамлар “пулимизни беринг” деб турса, ичкарида янги мижозлар билан шартнома тузиш давом этмоқда.
Kun.uz воқеа тафсилотларини ўрганди.


Жабрланганлардан бири Бекзод Абдуллоевнинг айтишича, “HUMO GROUP CORPARATION” МЧЖ билан ишлаш мақсадида Канада давлатига кетиш учун шартнома қилинган. Бироқ белгиланган олти ойлик муддатда фирма томонидан бирор бир шарт бажарилмаган.

“Мен уларнинг фаолиятидан шубҳаланиб бошладим ва пулимни қайтариб беришларини сўраб, ариза қолдирдим. Менга қўпол муносабатда бўлишди, ҳақоратлашгача боришди. Шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилдим. Аммо ҳозирча ҳеч қандай натижа бўлгани йўқ, масъуллар қўлингдан ҳеч иш келмайди, деб пулни қайтармаяпти”, деди у.
Рекламанинг “кучи”
Мурожаатчилар орасида нафақат самарқандликлар, балки Хоразм, Сурхондарё, Сирдарё ва бошқа ҳудудлардан келганлар ҳам бор.
Хоразм вилоятидан келган фуқаролардан бири Германияга ишчи визаси учун оилавий ҳужжат топширганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Instagram орқали тарқатилган рекламага ишониб, уч нафар оила аъзоси учун тўлов қилинган.

“2025 йилнинг 6 ноябр куни ҳужжат топширганмиз. Етти ой бўлди, сўрайверганимиздан сўнг бир марта онлайн суҳбат ўтказилди холос. У ҳам рус тилида ўтди. Лекин мен ўша суҳбат ҳақиқатан ҳам Германиядаги иш берувчи билан бўлганига ишонмадим”, - дейди Муродбек Ҳожиев.
Унинг айтишича, шартномага кўра, уч ой ичида суҳбат бўлиши керак эди. Аммо суҳбат олти ой ичида ташкил қилинган. Ҳозир эса фирма колл-марказига қўнғироқ қилишнинг иложи йўқ.












