Ўзбекистон | 14:59 / 09.04.2019
28338
3 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов: «Маънавият сўзини салбий тушунадиган даражага олиб келиб қўйишди»

Фото: KUN.UZ

Халқ таълими вазири ёшларни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялаш баландпарвоз гаплар ёки ўнта мажлис билан амалга ошмаслигини таъкидлади.

Kun.uz мухбири Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан президент мактаблари, ўқитувчи - ўқувчи - ота-она муносабатлари, ўқитувчиларнинг мақоми ва халқ таълими тизимига доир бошқа масалалар юзасидан суҳбатлашди.

Суҳбат давомида Шерзод Шерматов жамиятимизда ватанпарварлик тушунчаси таъсирчанлигининг пастлиги ва маънавият тушунчасини салбий қабул қила бошлашгани ҳақида сўзлади.

«Президентимиз чет элдан ўқитувчилар, мактаб директори олиб келамиз, ёшлар замонавий билимларни, хорижий тилларни ўргансин, лекин энг асосийси ватанпарвар бўлсин, деб айтганди.

Бундай сўзлар осон эшитилиши мумкиндир. Бироқ ватанпарварлик қандай тарбияланади? Қандай қилиб бир ёшни етук инсон қилиб тарбиялаш мумкин?

Бу ўз-ўзидан баландпарвоз гаплар билан, ўнта мажлис билан амалга ошиб қолмайди. Айнан шу йўналишда ҳам камчиликларимиз жуда кўп.

Ватанпарварлик, маънавият, маърифат ҳақида кўп гапирамиз, азалдан шундай гапириб келинган. Аҳолининг ҳақиқатан қанчалик ватанпарварлиги бўйича солиштирадиган бўлсак, Англия ёки АҚШдан анча орқадамиз.

Кўпчилик бу гапларимдан хафа бўлиши мумкин. Оддий бир мисол келтираман, бутун дунё АҚШнинг мустақиллик куни ҳақида билади, бу сана таъсирли «Мустақиллик куни» блокбастерини томоша қилганларнинг ёдида қолган. Жаҳонда ватанпарварликни мана шундай креатив усуллар билан татбиқ қилишади.

Яна бир мисол, юртимизда ҳам бир кичик болакайдан сўрасангиз, «Капитан Америкаман» дейди, нега «Капитан Ўзбекман» демайди?

Ўртача америкаликнинг ватанпарварлик ҳисси ўртача ўзбекистонликникидан кучли бўлиши мумкин. Шунинг учун, президент мактабларининг асосий вазифаларидан бири – бу битирувчиларимизга нафақат зўр билим, балки уларга яхши тарбия бериш, мамлакатимизнинг келажагига ўз ҳиссасини қўшадиган мутахассисларни етказишдир.

Бу осон бўлмайди, шунинг учун яқин орада болаларимизни маънавий-маърифий тарбия қилиш бўйича директор ўринбосари лавозимига эълон ҳам бермоқчимиз. Ватанпарварлик тушунчасини креатив, янгича йўллар билан сингдира оладиган мутахассисларни йиғиб олишимиз керак.

Шунақа вазият бўлиб қолдики, охирги вақтда интернетдаги мақолаларни ўқисангиз, маънавият деган сўзни салбий оҳангда тушуниш даражасига олиб келиб қўйишди.

Қани энди, мутахассислар ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқлар орқали йўлини топиб, маънавият ва ватанпарварликнинг асл моҳиятини ёшларимизга тушунтира олишса.

Ушбу тушунчалар янгича талқинда президент мактабларида қўлланилгач, бошқа мактабларга ҳам секин-аста ўтказилади».

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов билан интервьюнинг тўлиқ шаклини тез орада Kun.uz сайтининг YouTube ва Mover саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид