Жамият | 11:54 / 20.12.2025
3808
5 дақиқада ўқилади

Жажман – ҳаммамизнинг ҳисобимизга кун кўрадиган енгилмас махлуқ ҳақида эшитганмисиз?

Ёвузлик жамиятга ҳеч қачон дабдаба билан кириб келмайди. У аввало майда, аҳамиятсиз кўринадиган хатолар орқали онгимизга сингади. Кўз юмилган ўғирлик, кечирилган ноҳақлик, “бўлиб туради” деган сукут уни озиқлантиради. Бугун “5 дақиқа”да катта адибимиз Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Жажман”и ҳақида гаплашамиз. Бу асарда қўрқинчли огоҳлантиришлар ва ишоралар бор.

Хуршид Дўстмуҳаммад “Жажман” ҳикоясини оддий бозор манзарасидан бошлайди. Тим – бу фақат савдо-сотиқ жойи эмас, балки жамиятнинг ўзи, унинг барча қатламлари, характери ва ички муносабатларини ўзида мужассам этган макондир. Бу ерда ҳар ким ўз ризқи, манфаати, кундалик тирикчилиги билан банд. Ана шу оддий, ҳаётий муҳитда дастлаб майда ўғирликлар бошланади. Бироз майиз камаяди, кимнингдир қопи енгиллашади. Лекин бу ҳолатлар жиддий қабул қилинмайди.

Ёвузлик ҳеч қачон бирдан катта кўринишда намоён бўлмайди. У аввал майда, аҳамиятсиз, кўникмага айланадиган шаклда кириб келади. Жамият уни ўз вақтида пайқамаса ёки пайқаб ҳам инкор этса, у кучаяди. Жажман ана шу кўникманинг, бефарқликнинг маҳсули сифатида пайдо бўлади.

Жажман ғалати махлуқ: у сичқонга, тулкига, кенгуруга, ҳатто одамга ўхшайди, лекин ҳеч бири эмас. Бу ноаниқлик унинг рамзий табиатини очиб беради. У муайян шахс эмас, балки ҳолат, иллат, нафснинг жисмга айланган кўринишидир. Жажман тўймайди. У қанча олса ҳам қаноат қилмайди. Аввал майиз, кейин пул, кейин бутун бозор унинг иштаҳасига тор кела бошлайди. Муаллиф шу орқали инсон нафси чегара билмаслигини, унга йўл берилса, у охири ҳалокатга олиб келишини кўрсатади.

Огоҳлик ва бефарқлик тўқнашуви

Асардаги энг муҳим маънавий қутб – Зардушт бобо образидир. У ҳикмат соҳиби, ҳаёт тажрибаси ва ички сезгиси кучли инсон. У Жажманни биринчи бўлиб хавф сифатида англайди.

Бироқ Зардушт бобонинг энг катта фожиаси – унинг овози эшитилмайди. У гапиради, огоҳлантиради, лекин бозор аҳли уни жиддий қабул қилмайди. Бу ҳолат жамиятда маънавий етакчиларнинг, донишманд инсонларнинг сўзи ўтмай қолаётганини англатади. Бефарқлик бу ерда очиқ қаршиликдан ҳам хавфлироқ экани ойдинлашади. Чунки қаршилик курашни келтириб чиқаради, бефарқлик эса ёвузликни озиқлантиради.

Бозор аҳлининг Жажманга муносабати босқичма-босқич ўзгаради: аввал кулги, кейин кўникиш, сўнг қўрқув. Улар ҳатто Жажманни эркалатишгача боради. Бу эса ёвузликка шерик бўлиш билан баробар. Муаллиф шу орқали жамиятдаги “менга тегмаса бўлди” деган тафаккурнинг қанчалик хавфли эканини очиб беради. Чунки Жажман бир кишининг эмас, барчанинг ҳисобига яшайди.

Қасос ва сохта ғалаба

Асарнинг иккинчи қисмида Жажман очиқдан очиқ балога айланади. Энди у ҳаммани қўрқитади, зарар етказади. Оломон уни ўлдиришга қарор қилади. Лекин бу қарор адолатдан эмас, қасосдан туғилади. Ҳеч ким “бу балонинг сабаби нимада?” деб ўйламайди. Ҳамма оқибат билан курашади, сабаб эса эътиборсиз қолади.

Жажманни ўлдириш саҳнаси ўта шафқатсиз. Бу ерда одамлар ўз инсоний қиёфасини йўқотади. Қизиғи шундаки, ёвузликка қарши чиққан оломоннинг ўзи ҳам ёвузликка айланади.

Оломон Жажман ўлдирилган деб ўйлайди. Қисқа муддатли шодлик, сохта ғалаба ҳисси пайдо бўлади. Аммо шу пайт девор ортидан янада каттароқ Жажман чиқади. Демак иллат йўқ қилинмаса, унинг шакли ўзгаради холос. Нафс тарбияланмаса, у яна қайтиб келаверади.

Хулоса

Зўр асар-а! Бизнинг шундай адибларимиз бор, муаммо шундаки, бу асарлар филмларимизга кўчмаяпти. Кино ва сериалларимиздаги мавзулар билан тобора майда миллатга айланишда давом этяпмиз. Зўрларимизни тан олмаяпмиз, юзага чиқаришни истамаяпмиз. Ҳозирча шу.

Исомиддин Пўлатов

Мавзуга оид