«Шаффоф шаҳарлар» ва «Ҳалол туманлар» дастурлари йўлга қўйилади
Бу идора ва ташкилотлар ичида коррупциянинг ҳар қандай кўринишини истисно этадиган ҳалоллик, шаффофлик ва ахлоқнинг юқори стандартлари амал қиладиган махсус яратилган ҳудудлар экани таъкидланмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида давлат ҳокимияти органларида коррупция хавфларини аниқлаш, олдини олиш ҳамда бартараф этишга қаратилган «Шаффоф шаҳарлар» ва «Ҳалол туманлар» дастурлари йўлга қўйилади. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Қайд қилинишича, ушбу дастурлар Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий экотизимни мустаҳкамлаш» қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилади.
Таъкидланишича, дастлабки босқичда дастур Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани, Жиззах шаҳри ва Бухоро вилоятининг Вобкент туманида амалга оширилади.
«Шаффоф шаҳарлар» ва «Ҳалол туманлар» - бу идора ва ташкилотлар ичида коррупциянинг ҳар қандай кўринишини истисно этадиган ҳалоллик, шаффофлик ва ахлоқнинг юқори стандартлари амал қиладиган махсус яратилган ҳудудлардир. Ушбу лойиҳалар асосидаги методология Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Жануби-Шарқий Европанинг 11 мамлакатида ўз самарадорлигини исботлаган. У 30 та маҳаллий ҳокимият органида қўлланди ва 2011 йилда давлат хизматини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун БМТ мукофотига сазовор бўлди.
Хабарга кўра, ушбу чора-тадбирлар коррупциядан холи ҳудудларни яратишга ёрдам беради ва улар муваффақиятли амалга оширилгандан сўнг дастур бошқа барча туман ва шаҳарларга татбиқ этилади.
Мавзуга оид
11:33 / 15.11.2024
“Пора катталашган сари суверенитет билан савдолашиш бошланади” – фаоллар билан суҳбат
16:21 / 12.11.2024
1,5 мингга яқин бошқарув ходими қонунга зид тарзда тадбиркорлик қилаётгани аниқланди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
21:10 / 20.09.2024