Ўзбекистон | 21:05 / 03.02.2023
9698
2 дақиқада ўқилади

Нукус воқеаларида айбланаётган яна 39 киши устидан суд 6 февралда бошланади

Иккинчи жиноят иши бўйича судланувчилар оммавий тартибсизлик, жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш, қасддан жароҳатлаш, талончилик, ўқотар қуролларни ноқонуний эгаллаш каби моддалар билан айбланяпти.

Фото: Олий суд ахборот хизмати

2023 йил 6 феврал куни Бухоро вилояти суди биносида Нукусдаги оммавий тартибсизликларда айбланган 39 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланади.

Жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Даулетбай Разов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилади.

Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар А.Мирзамбетов, Д.Надирбаев, П.Есенгелдиев, К.Ешжанов, М.Пирлепесов, А.Сариев, Н.Бауетдинов, А.Шарапов, О.Мамутов, Р.Досимбетов, А.Алланазаров, Н.Дуйсенбаев, К.Бекполатов, Р.Баимбетов, Қ.Бахиев, И.Сапаров, А.Омирзаков, Н.Байлепесов, А.Жумабеков, Н.Хабипов, З.Пиржанов, З.Таджимуратов, О.Досназаров, Т.Исмаилов, И.Полатов, Ш.Аширбеков, Д.Раманов, Р.Султаниязов, А.Хожаназаров, Е.Қанаатов, О.Курбанов, Р.Жумабаев, А.Науризбаев, Н.Генжебаев, И.Аитмуратов, А.Есемуратов, К.Бегалиев, М.Рахманов, А.Сейтмуратов Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 166-моддаси (Талончилик), 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар), 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 247-моддасида (Ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. 

Барча судланувчиларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Суд жараёни очиқ тарзда ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун суд мажлисларини видео-конференц-алоқа воситасида тўғридан тўғри кузатишга мўлжалланган ҳамда техник шароитлар яратилган матбуот зали ташкил этилган.

Аввалроқ, Бухоро вилояти судида Нукусдаги оммавий тартибсизликларда айбланган 22 нафар судланувчига ҳукм ўқилган эди.

Мавзуга оид