Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Парҳез, муздек душ, йога: Америкалик АТ-ишбилармонлари самарадорликни ошириш ҳақида
Ишбилармон Захари Рэпп уч компанияни бошқаради. У - ички органлар сканерини ишлаб чиқувчи PhenoMx лойиҳаси ҳаммуассиси, шунингдек ДНК ҳужайраларга татбиқ қилиш учун ноинвазив қурилма яратувчи SigmaGenetics компанияси раҳбаридир. Бундан ташқари, Рэпп Altoida тиббиёт қурилмалари ишлаб чиқарувчисининг бизнес-ривожи учун масъулдир. CNBC шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.
Ишбилармон кунига 18 соатдан ишлаб, 5 соатдан 7 соатгача ухлайди.
Унинг тонги қуёшнинг илк нурларидан бошланади. Захари Рэпп югуришга чиқади, шундан кейин қаҳва ичади ва бир вақтнинг ўзида янги хатларни кўздан кечиради, сўнгра муздек душ қабул қилади.
Бундан ташқари, у қайноқ йога машғулотларига қатнайди, келгуси ойда эса Whole30 парҳезига амал қилмоқчи. Whole30 — донли, дуккакли, сутли маҳсулотлар, шакар ва алкоголдан воз кечишни кўзда тутади. "Мен инсон имконият доирасидан ошувчи ҳажмдаги ишни уддалашга ҳаракат қиламан", - дейди Рэпп.
Буларнинг бари менга мувозанатни сақлашга ёрдам беради. Стресс чекинади ва мен ўзимни ғишт пойдеворга урилаётгандек ҳис қилмайман.
"Рэпп АТ-компаниялар ишчиларини бирлаштирувчи "ижобий стресс" тарафдори. Бундай стресс тарафдорлари бундай кескин усуллар янада яхши яшашга ва ишлашга ёрдам беришига ишонишади", - деб ёзади CNBC муаллифи Кристина Фарр.
"Ижобий стресс" тарафдорлари экстремал ҳароратлар, чекловчи парҳезлар, ҳолдан тойдирувчи ва умумий ноқулайлик туғдирувчи машқларни уйғунлаштиришга ҳаракат қилишади.
CNBC муаллифининг сўзларига кўра, Америка СПА-салонларида криотерапия камералари пайдо бўлмоқда. "Ижобий стресс" апологетларидан бири - "Муз одам" лақабини олган ҳолландиялик атлет Вим Хоф.
У совуқ сув билан тўлдирилган шаффоф қувурда икки соат ўтказгани билан ҳам машҳур, шу билан бирга, у биргина шортида Франциянинг Монблан тоғи чўққисига кўтарилган.
Хофнинг сўзларига кўра, кундалик машқлар ҳамда махсус нафас олиш техникаси унга совуқни енгишга ёрдам беради.
2017 йилда Хоф Кремний водийсида бир неча маъруза ва маҳорат дарсларини ўтказди. Шундан сўнг чиниқиш омма орасида кенг тарқала бошлади. Кўп таниқли кишилар, шу жумладан таниқли блогер, спортчи ва "палеолитик парҳез" тарафдори Жоэль Раньон кўп ҳолатларда муздек душ қабул қилишларини айтишган.
Бундан ташқари, Жоэль Раньон "Муздек душ ёрдамида терапия" атамасини патентлади ва муздек сувда ўтказилган вақтни белгилаш имконини берувчи махсус иловани ишлаб чиқди.
Раньоннинг фикрича, агар ҳар куни ноқулай ҳолатлар енгиб борилса, қолган барча мақсадлар ҳам енгилдек кўринади. "Бу ишбилармонлар учун алоҳида қадрга эга бўлган техника", - дея ишонч билдиради CNBC муаллифи.
"Ижобий стресс" соҳасидаги фикрларнинг яна бир етакчиси бор — ёзувчи Райан Холидей. 2016 йилда у стоицизм номи остидаги антик фалсафий йўналишга бағишланган The Daily Stoic китобини нашрдан чиқарди. Стоиклар ўз-ўзини назорат қилиш техникасини мақташган.
Palo Alto Investors хеж-фондининг бошқарувчи ҳамкори Чжун Юн — "ижобий стресс"нинг яна бир тарафдори. У "қариш коди"ни синдиришга қодир жамоага мукофот сифатида 1 миллион доллар тўлаш ташаббуси билан чиқди.
Унинг фикрича, "ижобий стресс" организмнинг қариш суръатларини пасайтира олади. "Мен ишбилармонлар учун йирик тадбирларда чиқиш қиламан ва иссиқлик ҳамда жисмоний машқларни ўзида жамлаган интервал машғулотлар тананинг чидамлилигини оширишини айтаман", - дейди Юн.
Захари Рэппа учун "одатий" ва "ижобий" стресс ўртасидаги фарқ иккинчисининг эксремал шароитларда организмнинг чидамлилигини ошириш ва қаршилилигини кучайтиришида намоён бўлади.
Бироқ Чжун Юн "ижобий стресс" ҳаммага ҳам тўғри келмайди, деб ҳисоблайди. У организмни экстремал ҳарорат таъсири остига қўйишни тавсия қилмайди: "Бу у қадар ёш бўлмаган кишиларни ўлдириши мумкин", - дейди сармоячи.
Юн бунинг ўрнига "функционал узоқ умр кўриш" номли техникадан фойдаланишни таклиф қилади. У қариш жараёнини секинлаштириш учун турмуш тарзини ўзгартиришдан иборат бўлиши мумкин, деб ёзилади CNBC'да: "Масалан, бу муздек эмас, шунчаки совуқроқ душ қабул қилиш, ишга боришнинг янги йўналишларни излаш, бирор бир егуликни чеклаш ёки спортзалда янги машқлар бажариш бўлиши мумкин".