Ўзбекистон | 09:30 / 30.12.2025
2161
2 дақиқада ўқилади

1 январга ўтар кечаси Тошкент метроси ва автобуслар ҳаракати вақти узайтирилади

Тошкент метроси соат 1:00 гача ишлайди, йўналишдаги автобуслар ҳам бир соат кўпроқ ҳаракатда бўлади.

Фото: Kun.uz 

Янги йил муносабати билан пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига янада қулай шароитлар яратиш мақсадида «Тошкент метрополитени» ДУК томонидан метро ҳаракати режимига вақтинчалик ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қайд этилишича, фуқароларнинг эркин ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида метро поездлари 31 декабр куни соат 05:00 дан 1 январ куни соат 01:00 га қадар узлуксиз равишда хизмат кўрсатади.

Шунингдек, янги йил муносабати билан белгиланган қўшимча дам олиш кунларида метро поездларининг ҳаракат оралиғи қуйидаги тартибда ташкил этилади: 2025 йил 31 декабр ҳамда 2026 йил 2 январ кунлари метро поездлари шанба куни учун тасдиқланган жадвал асосида ҳаракатланади. 2026 йил 1 январ куни эса поездлар якшанба куни учун белгиланган жадвал бўйича қатнайди.

Маълум қилинишича, 5 январ душанба куни барча учун иш куни ҳисобланиб, ушбу санада метро ҳаракати одатий иш кунлари жадвали асосида ташкил этилади.

«Тошкент метрополитени» ДУК йўловчилардан белгиланган жадвал ва ҳаракат вақтларига амал қилган ҳолда хизматлардан унумли фойдаланишни сўраган.

Тошкент шаҳрида автобуслар ҳам 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси соат 1:00 га қадар ҳаракатланади. Тошкент шаҳри транспорт бош бошқармаси хабар қилишича, 1 январдан 4 январ кунига қадар шаҳар автобус йўналишларида қатновлар якшанба куни учун белгиланган иш тартиби асосида ташкил этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид