Жаҳон | 13:45 / 12.12.2025
10363
4 дақиқада ўқилади

Россия нарративи ва Донбассдаги реал вазият | “Геосиёсат”

Музокаралардаги энг чигал ва баҳсли мавзу Донбасс бўлиб қолмоқда. Москва талқинича, ДХР ва ЛХР аҳолиси гўёки Россияга қўшилишни хоҳлаётганини иддао қилган, аммо айнан шу ҳудудлар энг кўп бомбардимон қилинмоқда. Ҳинд журналистининг Путинга берган саволи бу парадоксни яна муҳокамага олиб чиқди. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Донбасс масаласида фикр алмашишди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Ҳиндистонлик журналист Путиндан нима учун Донбассдаги русийзабон ва Россияни қўлловчи украинларнинг уйларини яксон қилаётганини сўради. Шу саволга биз ҳам тўхталсак. Нима учун?

Камолиддин Раббимов: Бу савол Путиннинг жаҳлини чиқарди. Лекин журналист мантиқан жуда тўғри саволни қўйди: агар бу ҳудудларда “рус цивилизацияси” ва этник руслар яшаётган бўлса, нега айнан ўша шаҳарлар вайрон қилинди? Путин эса одатдагидек жавобни “Киев хунтаси” деган сиёсий қолипга олиб ўтди. Автократик бошқарув услубига хос равишда, у ўз ҳаракатларини оқлаш учун босим ва агрессив риторикадан фойдаланди. Журналистнинг довдираб қолиши айнан мана шу психологик босим билан боғлиқ эди.

Аслида эса савол очиқ қолмоқда: Донбассдаги шаҳарларнинг қайси бири бугун бутун ҳолда сақланиб қолди? Қайси бино, қайси инфратузилма урушдан омон чиқди? Россия “ҳимоя қиляпмиз” дея иддао қилган ҳудудларини айнан ўзи вайрон қилди. Бу ҳолат Россиянинг ички аҳволи билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Масалан, россиялик блогерлар Воркута шаҳрини кўрсатяпти, Москвадан 200–300 километр шимолда жойлашган бу шаҳарда бугун ҳаёт деярли сўниб бўлган: мактаблар бўш, жамоат транспорти ишламайди, инфратузилма емирилган.

Биз кўпинча Россияни Москва ва Санкт-Петербург орқали тасаввур қиламиз, аммо мамлакатнинг ички ҳудудларидаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол анча оғир. Шу ҳолатда табиий савол туғилади: агар Россия ишғол қилинган украин ҳудудларини расман ўзига қўшса ҳам, уларни қайси маблағ эвазига тиклайди? Ахир Россия ўзининг ички шаҳарларини ҳам ўнлаб йиллардан бери қайта қуришга куч топа олмаяпти.

Тўғри, сиёсий ирода бўлса, кўз-кўз қилиш учун айрим нарсалар қилинади. Россия миллиардлаб маблағ эвазига Қрим кўпригини қурди. Бу эса Россия ташқи дунёга қудратини намойиш қилиш учун айрим йирик лойиҳаларни амалга оширишга тайёр, аммо ички ижтимоий муаммолар кўпинча иккинчи планда қолаётганини кўрсатади.

Абдували Сойибназаров: Тўғри, Россия ДХР ва ЛХР ҳудудларида референдум ўтказди. Ўша пайтда Россия Донбасснинг, хусусан, Донецк вилоятининг қарийб 50 фоизини босиб олган эди. Шунга қарамай, Москва референдум натижасига таяниб, аҳолининг кўпчилиги Россияга қўшилишни қўллаб-қувватлагани ҳақида даъво қилди. Бироқ бу жараён халқаро кузатув остида ўтказилмади. Шу сабабли унинг натижаларига ишониш мумкинми ёки йўқми – бу масаланинг бошқа бир жиҳатидир.

Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни кенг кўламли уруш сифатида эмас, балки Киевни “хунта”, “фашистик куч” сифатида талқин қилиб, унга қарши махсус ҳарбий амалиёт деб кўрсатмоқда. Россия нарративига кўра, у тинч аҳолини эмас, балки Украинанинг мудофаа иншоотларини нишонга олаётганини таъкидлайди. Бугунги кунда Москванинг расмий тушунтириши айнан шу йўсинда шакллантирилмоқда. Уруш бошланганидан сўнг Украина имкон қадар тинч аҳолини ва чиқиб кетишни истаган кўнгиллиларни мазкур ҳудудлардан эвакуация қилишга улгурган. Натижада у ердан асосан ёши катта, Россия кучларининг кириб келишидан манфаатдор бўлган нисбатан тор доирадаги аҳоли қатлами қолиб кетган холос.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид