Ҳиндистонга ташрифи арафасида Владимир Путин маҳаллий ОАВга катта интервю берди. Интервю 4 декабр куни эълон қилинди. Бу суҳбат чоғида India Today телеканали журналисти Гита Моҳан РФ президентидан рус тилида гапириши ва Кремл сиёсатини қўллашига қарамай, нима учун Россия армияси Донбассдаги тинч украинларнинг уйларини яксон этаётгани ҳақида сўраган. Путин аввалига ўзини саволни тушунмагандек тутган. Кейин эса аслида «Киев режими» Донбасснинг ўзи назорат қилмайдиган қисмини яксон этаётганини, Россия рус тилли украинларга «ёрдам кўрсатаётгани»ни айтган.

Бу мулоқот қуйидаги шаклда кечган.

Гита Моҳан: Жаноб президент, сиз тарихни эслатяпсиз ва бу мени можаро бошланган вақтдаги ишимни ёдга солди. Луҳанск, Донецк, Херсонга боргандим. У ерларда ҳақиқатан ҳам кўпчилик рус тилида гаплашади, улар рус тилида гапиришади. Улар Киев Украина шарқида бу тилни тақиқлаганидан жуда хафа эди. Аммо улар ҳам шокда қолишганди: Путин биз билан қандай муносабатда бўляпти, биз унинг халқимиз! Мен билан суҳбатлашган кўплаб аёллар шокда эди. Украина шарқидаги, Россия ва Украина ўртасида доимий равишда кўчиб юрадиган, амалда оиласи Россияда бўлган одамларга нима дея оласиз? Уларга нима деган бўлардингиз?

Владимир Путин: Саволни тушунмадим: нимадан шокка тушишган?

Гита Моҳан: Мен учрашган одамлар уйлари вайрон қилинишига сабаб бўлган ҳарбий амалиёт бошланганидан шокка тушишганди. Улар Украина шарқида яшайди, улар доимо Россияни, рус халқини ардоқлашган, ўзлари ҳам русийзабон бўлишган.

Владимир Путин: Жавоб жуда оддий: улар афтидан, Украинанинг ўша қисмида, айтайлик, Луганск ёки Донецк областининг Киев ҳукумати назорати остида бўлган қисмида яшаган. Луганск ёки Донецк областларининг уларнинг назорати остида бўлмаган қисми эса Киев режими томонидан яксон қилинди. Ва биз бу ҳудудларнинг ўз мустақиллигини эълон қилган қисмини қўллаб-қувватлашни бошлашга мажбур бўлдик, – бу биринчидан.

Иккинчидан – биз одамларга очиқ референдумда ўз фикрларини билдириш учун имконият тақдим этдик: ким Россия билан бирга бўлишни мақсадга мувофиқ деб билса, у шунинг учун овоз берди, ким йўқ деса, у бемалол Украина давлатининг бошқа қисмларига кетиши мумкин эди. Марҳамат, биз бунга ҳеч қачон халақит бермаганмиз.