Ўзбекистон | 15:00 / 21.06.2024
12568
3 дақиқада ўқилади

Газ қазиб олиш қисқаришда давом этмоқда, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳам камайишни бошлаган

Жорий йилнинг 5 ойида газ қазиб олиш 5,2 фоизга, нефт қазиб олиш 6,9 фоизга, кўмир қазиб олиш 3,7 фоизга, дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш 12,6 фоизга қисқарди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳам камайишни бошлаган.

Фото: Kun.uz

Статистика агентлиги 2024 йилнинг январ-май ойларидаги саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларни эълон қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг дастлабки 5 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 18,8 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 млрд куб ёки 5,2 фоизга қисқарган.

2024 йилнинг январ-май ойларидаги газ қазиб олиш кўрсаткичлари:

  • Январ – 3,99 млрд куб (ўтган йилнинг мос даврида – 4,31 млрд куб);
  • Феврал – 3,71 млрд куб (3,85 млрд куб);
  • Март – 3,89 млрд куб (4,16 млрд куб);
  • Апрел – 3,7 млрд куб (3,94 млрд куб);
  • Май – 3,52 млрд куб (3,6 млрд куб).

Маълумот учун, 2022 йилда ҳам газ қазиб олиш 53,8 млрддан 51,67 млрд куб метргача ёки 4 фоизга, 2023 йилда эса 51,67 млрддан 46,71 млрд куб метргача ёки 9,6 фоизга қисқарган.

2017-2023 йиллар оралиғида табиий газ қазиб олиш ҳажмининг ўзгариши (Статистика агентлиги маълумотлари):

  • 2017 йил – 56 млрд 417,6 млн куб метр;
  • 2018 йил – 60 млрд 396,5 млн куб метр;
  • 2019 йил – 60 млрд 537,5 млн куб метр;
  • 2020 йил – 49 млрд 736,2 млн куб метр;
  • 2021 йил – 53 млрд 802 млн куб метр;
  • 2022 йил – 51 млрд 678,4 млн куб метр;
  • 2023 йил – 46 млрд 710,3 млн куб метр.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш муттасил равишда қисқариб бормоқда. Хусусан, 2019–2023 йиллар оралиғида бу қисқариш 22,8 фоизни ташкил қилган. Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг камайиши Туркманистон ва Россиядан газ импорти ҳисобига қопланяпти.

Дастлабки 5 ойликда кўмир қазиб олиш 1901,5 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 73,7 минг тонна ёки 3,7 фоизга қисқарган.

Шунингдек, ҳисобот даврида нефт қазиб олиш 327,6 минг тоннадан 305 минг тоннага камайган бўлса, газ конденсати ишлаб чиқариш 511,2 минг тоннадан 527,5 минг тоннага ошган.

Январ-май ойларида электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 фоизга ёки 426 млн kWhʼга камайган. Хусусан, 2023 йилнинг 5 ойида 31,58 мрлд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг мос даврида 31,16 млрд kWhʼгача пасайган.

Ҳисобот даврида дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш 439,8 минг тоннадан 384,4 минг тоннага (-12,6 фоиз) қисқарган бўлса, бензин ишлаб чиқариш 550,8 минг тоннадан 568,9 минг тоннага (+3,2 фоиз) ошган. 

Мавзуга оид