Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Парижда ёзги Олимпиада-2024 ўйинлари очилди
Париждаги XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида 206 давлатдан 10 мингдан ортиқ спортчи иштирок этди.
Фото: AP
26 июл, жума куни Парижда XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тарихда биринчи марта у стадионда эмас, балки сувда - Сена дарёсида ўтказилди. Анъанавий миллий қайиқ парадида 206 давлатдан 10 мингдан ортиқ спортчи иштирок этди.
Анъанага кўра, биринчи бўлиб ўйинлар асосчиси - Греция жамоаси сузиб ўтди. Унинг ортидан - қочқинлар жамоаси. Кейин делегациялар алифбо тартибида пайдо бўлди. Қайиқлар маршрути тахминан 6 км бўлди ва якуний шоу Трокадеро майдонида бўлиб ўтди.
Олимпиада машъаласини дзюдочи Тедди Ринер ва енгил атлетикачи Мари-Жозе Перек ёқди – машъала билан шар Франция пойтахти осмонига кўтарилди. Бу 1783 йил воқеаларига ишора - ўша пайтда французлар Жозеф-Мишел ва Жак-Этенн Монгольфе томонидан ихтиро қилинган ҳаво шарида биринчи парвоз содир бўлган. Шундан сўнг қўшиқчи Селин Дион Эдит Пиафнинг LʼHymne a lʼamour қўшиғини ижро этди.
Ташкилотчиларга кўра, очилиш маросимини 320 мингга яқин киши, жумладан, 100 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари томоша қилган. Тўрт соатга яқин давом этган шоуда 3000 га яқин актёр ва раққослар иштирок этди.

Россия ва Беларуссиз Париждаги Олимпия ўйинлари
Россия ва Беларус жамоалари Москванинг Минск кўмагида Украинага қарши олиб бораётган уруши сабабли Париж Олимпиадасида қатнашмади. Шунга қарамай, 15 нафар россиялик ва 17 нафар беларуслик спортчи нейтрал мақомда Олимпиада мусобақаларига қабул қилинди. Улар спортчилар парадида иштирок этмадилар.
Аввалроқ, шунингдек, Россия телеканаллари 40 йил ичида биринчи марта Олимпиада ўйинларини кўрсатмаслиги маълум бўлган эди. Бу охирги марта 1984 йилда, СССР терма жамоаси Лос-Анжелесдаги Олимпиадани бойкот қилганида содир бўлган эди.
Ўзбекистон илк бор 90 нафар спортчи билан қатнашади
Париж-2024 – Ўзбекистон делегацияси мустақил давлат сифатида иштирок этадиган саккизинчи ёзги Олимпия ўйинларига айланади. Ўзбекистон делегацияси лицензиялар бўйича ўз рекордини янгилаб, илк бор 19 спорт турида, 90 нафар спортчи билан 75 та йўлланмага сазовор бўлди. Бунгача рекорд 1996 йилги Олимпиадага тегишли бўлиб, ўшанда Атлантадаги мусобақаларда ўзбекистонлик 71 нафар спортчи қатнашган эди.
Парижда Олимпиада-2024
Париждаги XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари 2024 йилнинг 26 июлидан 11 августига қадар бўлиб ўтади. Уларда спортнинг 32 тури бўйича 329 та совринлар жамланмаси учун кураш олиб борилади. Одатдаги олимпия турларидан ташқари, Франциядаги ўйинларда брейк-данс, спорт услубида тоққа чиқиш, скейтбординг ва серфинг бўйича ўйинлар ўтказилади. Серфинг мусобақалари Тинч океани жанубида, Париждан 15 000 километр узоқликда жойлашган Франция Полинезиясида бўлиб ўтади.






































Мавзуга оид
08:59 / 11.12.2025
Трамп Европа етакчилари билан Украина юзасидан кескин баҳслашганини айтди
12:21 / 09.12.2025
FT: Франция ЕИга Россиянинг музлатилган активларини беришдан бош тортмоқда
00:22 / 08.12.2025
Макрон Хитойга қарши кескин чоралар кўрилиши билан таҳдид қилди
22:05 / 06.12.2025