Иқтисодиёт | 13:27 / 11.07.2023
40601
3 дақиқада ўқилади

«Рухсатимизсиз бирлашишса, жазога тортамиз» – Рақобат қўмитаси раиси Uzum ва Click бирлашуви ҳақида

Икки йирик молиявий IT-компания Uzum ва Click бирлашиши маълум бўлгач, жамоатчилик монополия хавфидан хавотирга тушган. Рақобат қўмитаси раиси қўмитанинг бу борадаги позициясини тушунтирди.

Шоҳруҳ Шораҳмедов / Фото: Kun.uz

Рақобат қўмитаси раиси Шоҳруҳ Шораҳмедов Kun.uz’га берган интервюсида Uzum ва Click компаниялари бирлашуви фақат қўмита рухсати билан амалга ошишини айтди.

«Компаниялар бирлашишга тайёргарлик кўради, бу нормал ҳолат. Икки компания келишади, ҳужжатларни тайёрлайди ва қўмитага топширади. Бирламчи келишув бўлади, кейин ҳамма рухсат ҳужжатларини олгандан кейин якуний келишувга эришилади.

Аммо бунинг учун Рақобатни ривожлантириш қўмитаси уларнинг бирлашувига рухсат бериши керак. Чунки улар жуда катта компания. Бирлашувига рухсат берамизми-йўқми, аниқ айта олмайман, чунки ўрганишимиз керак.

Активлари, айланмалари, бозордаги рақобатчилари ҳақида маълумот бериши керак. Биз бозордаги бошқа рақобатчилардан «сизлар қандай фиркдасизлар, қандай хавф-хатарлар бор?» деб сўраймиз. Рухсат берамиз ёки бермаймиз – кейин аниқ бўлади», деди Шораҳмедов.

У Click компаниясининг 11 миллиондан зиёд фойдаланувчиси борлиги, Uzum эса тез оммалашаётгани, шунинг ўзиёқ монополия хавфини туғдириши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан бошқа тўлов тизимларида ҳам миллион-миллион фойдаланувчилари борлигини келтирди.

«Бизда лицензия олиб, фаолият юритадиган тўлов тизимларининг сони 52 та. Тўлов тизими бўлгани билан, сиз бемалол банкларнинг хизматларидан фойдаланишингиз мумкин. Шундай бўлса-да, улар бизнинг рухсатимизсиз бирлашса, жазога тортамиз», деди қўмита раиси.

Маълумот учун, компаниялар бирлашуви ҳақидаги расмий хабарларда улар «кундалик муаммоларни ҳал қилиш ва бизнесни ривожлантириш учун бир вақтнинг ўзида бир нечта янги сервисларни ишга туширишни режалаштираётгани» маълум бўлганди. Click superapp’га айлантирилиши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Ўзбекистондаги энг йирик икки IT-компания – Uzum ва Click бирлашишини маълум қилди. Бирлашиш бўйича кейинги қадамлар тўғрисидаги битим 12 июн куни Тошкентда имзоланди.

Жамоатчиликда Click ва Uzum компаниялари қўшилиши борасида рақобат қонунчилиги юзасидан саволлар туғилгач, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси расмий баёнот берганди.

Қўмита расмий битим ҳали тузилмагани, Click таъсисчилари рўйхатига ўзгаришлар киритилмагани ва компаниялар қўмитага мурожаат қилмаганини билдирганди. Аммо компанияларнинг расмий баёнотида Click мулкдорлари Uzum'нинг акциядорларига айланиши маълум қилинганди.

2022 йил декабрида Uzum компанияси «Капиталбанк»нинг 50 фоиз улушини сотиб олди, ундан аввалроқ эса банкнинг шуъба корхонаси бўлмиш «Апелсин» рақамли банки Uzum экотизимига қўшилди ва ўз номини Uzum Банк деб ўзгартирди. Айни пайтда бу бренд остидаги маркетплейс оммалашиб боряпти.

Мавзуга оид