Ўзбекистон | 15:59
918
3 дақиқада ўқилади

Uzum Ўмон суверен тузилмаларидан 130 млн доллардан ортиқ инвестиция жалб қилди

Uzum рақамли экотизими стратегик инвестиция раунди доирасида 130 млн доллардан ортиқ маблағ жалб қилди. Етакчи инвестор Ўмон Султонлиги суверен инвестиция фонди бўлди, шунингдек, молиялаштириш раундида компаниянинг жорий инвесторлари: VP Cаpital, Теncent ва FinSight Ventures иштирок этди.

Битим компаниянинг акциядорлик капиталига инвестицияларни ва тизимли молиялаштиришни ўз ичига олади. Битим доирасида Uzum экотизимининг инвестицияларни жалб қилишдан олдинги (pre-money) баҳоси 2,3 млрд доллар даражасида қайд этилди.

Юқори технологияли соҳаларни ривожлантиришга хорижий инвестицияларни жалб қилиш вазифалари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил декабр ойида мамлакат халқига йўлланган мурожаатда таъкидланган эди. 2026 йилда 50 млрд миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилиш вазифаси қўйилиб, Яқин Шарқ инвесторларидан маблағларни жалб этувчи янги келишув мамлакатга ушбу мақсад сари муҳим қадам ташлаш имконини беради.

Ўмон Султонлиги суверен жамғармаси инвестицияларини жалб қилиш халқаро ҳамкорларнинг минтақадаги энг жадал ривожланаётган рақамли бозорлардан бири сифатида Ўзбекистонга бўлган қизиқишини акс эттиради. Битим Ўзбекистон ва Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Жалб этилган маблағлар экотизимнинг асосий йўналишлари: электрон тижорат, финтех сервисларини янада ривожлантириш, шунингдек, технологик инфратузилмани кенгайтириш ва мамлакатнинг барча ҳудудлари аҳолиси учун замонавий рақамли сервислардан фойдаланиш имкониятини оширишга йўналтирилади.

— Uzum дунёнинг етакчи инвесторлари ишончини қозониб, мамлакат иқтисодий салоҳиятини қандай рўёбга чиқариш мумкинлигига ёрқин мисол бўлди. Ва, албатта, биз учун Ўмон Султонлигининг суверен жамғармасидан инвестицияларни жалб қилиш нафақат давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланишидан далолат беради, балки Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган изчил ишларнинг муҳим натижасидир. Биз халқаро ҳамкорлик кенгайиб бораётганини ва иқтисодиётни модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган лойиҳаларда глобал инвесторлар иштирок этаётганини олқишлаймиз, — деди Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов.

— Биз замонавий рақамли сервисларни миллионлаб одамлар ва бизнес учун очиқ қиладиган миллий миқёсдаги технологик инфратузилмани изчил яратмоқдамиз, — деди Uzum асосчиси ва бош директори Жасур Жумаев. — Бугунги кунда биз учун нафақат ўмонлик ҳамкорларнинг юқори баҳоси, балки стратегиямизни қўллаб-қувватлаб, Uzum ўсишига сармоя киритишда давом этаётган дастлабки инвесторларимизнинг ишончи ҳам муҳимдир. Мамлакатимиз улкан салоҳиятга эга ва бугун биз буни яна бир бор бутун дунёга намойиш этдик.

Бугунги кунда Uzum сервисларидан ойига 20 миллиондан ортиқ ўзбекистонликлар фойдаланмоқда, 2025 йилда экотизимнинг электрон тижорат йўналишининг айланмаси 1,5 баробарга ўсиб, 500 миллион доллардан ошди. Экотизим ташкил этилганидан буён мамлакат иқтисодиётини рақамлаштиришнинг драйверларидан бири бўлиб қолиб, Ўзбекистоннинг жаҳон инвестиция ҳамжамиятидаги мавқейини мустаҳкамлаб келмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид